Norma.uz

Ер бўш ётмасин

 

Ишнинг моҳияти

Пудратчи (МЧЖ) ва буюртмачи (ХК) 2015 йил август ойида қиймати 500 млн сўмлик ишлаб чиқариш биносини фойдаланишга тайёр қилиб қуришга пудрат шартномасини туздилар. Ҳокимнинг 2010 йилдаги қарори билан қурилиш учун ер участкаси берилган эди. Шартнома шартларига кўра буюртмачи 7 банк куни ичида шартнома умумий суммасининг 30%ини олдиндан тўлаши керак эди. Бироқ у пудратчига бўнак тўламади.

Шартнома қоидаларига асосланиб, 2015 йил октябрь ойида пудратчи бўнак тўланмаганлиги учун 50 млн сўм жарима, 500 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш ҳақидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат қилди.

 

Пудратчининг позицияси

– Буюртмачи шартномада белгиланган муддатда ва тартибда бўнак тўламади. 2015 йил сентябрь ойида ишлар бошланишини кутиб, биз қурилиш-монтаж ишлари ҳақини ўз вақтида тўлашга тайёр бўлган бошқа ташкилот билан пудрат шартномасини тузмадик.

Шартноманинг 11.2-бандида шартнома умумий суммасининг  10%ини бўнак тариқасида тўламаганлик учун жарима кўринишида неустойка ундириш назарда тутилганлиги сабабли суддан жаримани ундириб беришини сўраймиз.

 

Буюртмачининг позицияси

– Биз суддан даъвогарнинг даъвосини рад этишини сўраймиз, сабаби Ер кодексининг (бундан кейин – ЕК) 36-моддаси 1-қисми 10-бандига мувофиқ ер участкасининг ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганлиги муносабати билан унинг олдидаги мажбуриятларимиз бекор қилинди. Натижада Фуқаролик кодексининг 349-моддасига кўра мажбуриятни бажариш мумкин бўлмаганлиги туфайли у бекор бўлди. Биз судга ер участкасининг ижара шартномаси бекор қилинганлиги билан боғлиқ ҳужжатларни тақдим этамиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб, пудратчи неустойкани ундириш ҳақидаги даъво билан судга мурожаат қилишига сабабчи бўлган далиллар тасдиғини топди.

ФКнинг 260–262, 333 ва 349-моддаларига асосланиб, биринчи инстанция суди жаримани 40 млн сўмгача камайтириб, уни ундириш ҳақидаги даъво талабларини қисман қондириш ҳақида ҳал қилув қарорини қабул қилди. Бундан ташқари, қондирилган талабларга мутаносиб равишда 375 минг сўм давлат божи ва почта харажатларини ундиришга қарор қилди. 125 минг сўмлик давлат божини тўлашни суд даъвогар зиммасига юклади.

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

Шарҳ 

ФКнинг 666-моддаси 1-қисмига биноан, қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади. ФКнинг 333-моддаси 1-қисмига мувофиқ, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.

Ишнинг моҳиятидан кўринишича, шартномада 50 млн сўм – шартнома умумий суммасининг 10%ини бўнак тариқасида тўламаганлик учун жарима кўринишида неустойка ундириш назарда тутилган. Шу сабабли пудратчининг жарима ундириш ҳақидаги талаби шартномага ва қонун ҳужжатларига асосланган.

Айни пайтда суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқини берувчи ФКнинг 326-моддаси 2-қисмидан келиб чиқди. Шу сабабли у ҳақли равишда жарима суммасини камайтирди. Суд харажатлари ҳам унга мутаносиб равишда ундирилди.

Жавобгарнинг шартномада назарда тутилган бўнакни тўлаш мажбуриятларини бажариш мумкин бўлмаганлиги туфайли у бекор бўлганлиги ҳақидаги важ-далиллари рад этилди, сабаби ФКнинг 349-моддаси 1-қисмига кўра, агар тарафлардан биронтаси ҳам жавоб бермайдиган вазият туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмай қолса, у бекор бўлади. Мазкур ҳолда ер участкасининг ижара шартномаси қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун бериб қўйилган ер участкасидан 3 йил мобайнида фойдаланилмаганлиги учун муддатидан олдин бекор қилинган ­(ЕКнинг 36-моддаси 1-қисми 10-банди). Шу боис мазкур ҳолатда буюртмачи айбдор. Шу муносабат билан ФКнинг 349-моддаси меъёрларини қўллаб бўлмайди ва буюртмачи пудратчига бўнак тўламаганлиги учун шартномавий жавобгарликни зиммасига олиши шарт.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, суд ҳақли равишда даъво талабларини қисман қондириш ҳақида ҳал қилув қарорини қабул қилган.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, буюртмачи судгача тартибда пудратчи билан келишувга кўра қурилиш пудрати шартномасини бекор қилиши мумкин эди. Шунда неустойка ва суд харажатларини тўламаган бўларди. Ёки неустойканинг мақбул суммасини тўлаш, воз кечиш битимини тузиш ҳақида у билан келишиб олиши, мажбуриятларни таъминлаш чораларини қўллаши, хусусан, кафиллик ёки гаров шартномаси тузиши, қарз олиши ёки қарзни учинчи шахсларга ўтказиши ва шу каби чораларни қўллаши мумкин эди.

 

Павел Сильнов, адвокат. 

Прочитано: 1754 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика