Отаси Тошкентда доимий прописка қилинган. У ўғлини уйига прописка қила оладими?
М.Гареев,
Тошкент шаҳри.
– Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхатининг (14.09.2011 йилдаги ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган) 2-бандига мувофиқ қариндошлар – ўзларининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари доимий прописка қилинган уй-жой майдонига прописка қилинади. Бу дегани ота-она фарзандларининг, фарзандлар ота-оналарининг, бобо ва бувилар невараларининг, неваралар бобо ва бувиларининг уй-жой майдонига прописка қилиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 4.05.2012 йилда 2358-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 5-бандига мувофиқ пропискани расмийлаштириш учун Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ТШИИБ хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (ХЧК ва ФРБ) қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- белгиланган шаклда ариза;
- паспорт;
- контракт бўйича ҳарбий хизматчининг ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг шахсий гувоҳномаси (казармалар, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);
- турар жой учун ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхалари;
- уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериши тўғрисида нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги);
- никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг ёки фарзанднинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхалари;
- давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.
Дарвоқе, вояга етмаган шахснинг хусусий мулки бўлган уй-жой майдонига унинг қариндошларини доимий прописка қилиш унинг ота-онасининг ёки васийнинг (ҳомийнинг) нотариал тасдиқланган розилиги асосида ҳал этилади.
Санжар Хўжааҳмедов, эксперт-юристимиз.