Norma.uz

Йўл юзасидаги болалардан эҳтиёт бўлинг

 

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси марказининг трассолог экспертлари болаларини кўчада юриш қоидаларига ўргатмаганлиги, йўл ҳаракатининг барча иштирокчиларига нисбатан ҳурмат-эҳтиромли муносабатда бўлиш руҳида тарбияламаганлиги учун ота-оналар жавобгарлиги масаласини ҳамиша кўндаланг қилиб қўйиб келмоқда. Зотан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиш, болаларга ҳушёр бўлиш ҳаёт ва соғлиқ хавфсизлиги гаровидир.

 

Трассолог экспертлар болаларни уриб (босиб) кетиш ҳолларини текширишлар билан бот-бот шуғулланишга тўғри келади.

Тергов органлари томонидан тайинланган йўл-транспорт ҳодисасининг трассологик экспертизаси бир текширувда аниқлашича, кўп квартирали уйнинг ҳовлисида ўйнаб юрган ёшгина болакай четроқда тўхтаб турган автомобиллар томонига юмалаб кетган коптоги ортидан югуриб чиққан, шу пайтда ўз квартирасининг шундоққина деразаси остида тўхтаб турган машинага шошилинч равишда уйидан чиқиб келган ҳайдовчи калит солиб, моторни ўт олдиргач, болакайни сезмаган ва машинасини жилдиргани ҳамони орқа бампери билан уни туртиб юборган. Ҳайхотдек оғир объектнинг озгина зарбаси болакай оғир тан жароҳати олиши учун етарли эди – бола қаттиқ жабрланган.

Терговчи эксперт олдига автомобилда болани уриб (туртиб) юборганлигидан далолат берувчи из, шикаст ва асоратлар бор-йўқлиги масаласини аниқлаб бериш вазифасини қўйди. Гап шундаки, бунақа ҳолларда норасида тананинг нозиклиги ва автомобиль деталларининг пишиқ-пухталиги ўртасидаги номутаносиблик боис ёки ҳаракат тезлиги айтарли эмаслиги сабаб кўпинча бирон-бир из қолмайди. Сўз бораётган ҳодисада ҳаммаси хайрли тугади: болакай тирик қолди, ҳайдовчи бировнинг ҳаётига зомин бўлмади.

 

Ҳужжат тили билан

Йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларга телефондан фойдаланиш, теле-, видеомаҳсулотларни кўриш, радио ва аудиомаҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш тақиқланади.

Йўл ҳаракати қоидаларининг 19-банди.

(ВМнинг 24.12.2015 йилдаги 370-сон Қарорига 1-илова).

 

Катталар, ота-оналар ёки ака-опалар болага қараб туришлари, хатти-ҳаракатини ҳушёрлик билан кузатишлари лозим. Лекин шу хусусда гап очилгудек бўлса, кўпинча шўх болаларга қараб туриб бўлармишми қабилида эътироз билдиришади. Ҳозиргина ёнингизда ўйнаб, нималаргадир куйманиб юрган бола, кўз очиб юмгунча бошқа жойга бориб қолади. Йўл ҳодисалари юзасидан текшириш олиб борилганда, одатда, боланинг бувиси (ойиси, опаси) яқин таниши ва дугоналари билан гаплашиб, бува (ота, ака) эса қандайдир иш билан машғул бўлиб турган пайтда ғизиллаб ўтиб бораётган автомобилларга қизиқиш билан қараб турган болакай «саргузаштлар» сари ошиқади.

Таассуфки, болаларгина эмас, балки бепарво (баъзан «беақл» дегинг келади) ота-оналар ҳам «саргузашт» домига тушиб қолади.

Чунончи, ана шундай «беақл» оналардан бири мактаб ёшидаги иккита кичик боласи, аравачада эмизикли гўдаги билан йўлни – трамвай йўли иккига ажратиб турган олти қаторли қатнов қисмини белгиланмаган жойдан кесиб ўтмоқчи бўлган. Ҳолбуки, юз метрча нарида светофор ва пиёдаларнинг ўтиш йўли бор эди. Катта ёшли болалари югуриб, онасидан олдинроққа ўтиб олган. Ўша пайтда автомобиллар оқимидан бир машина олдинга қараб интилган, ҳайдовчи ёш болаларни кўриб қолиб, машинасини четроққа олиш ҳаракатида бўлган, аммо барибир аравачани уриб юбориб, яшил зонага чиқиб кетиб, ариқдан ўтиб дарахтга бориб урилган. Уч фарзанднинг онаси бўлмиш ёшгина жувон ўз бепарволиги билан эмизикли гўдак ва ҳайдовчининг ҳаётига зомин бўлди. Ҳайдовчиларимиз шу сабабли ҳам бугунги кунда қулоғига наушник тутиб кўзини қўлидаги планшетидан олмаётган пиёдаларни, гўдаги ётган аравачани итариб бораётган ёшгина жувонларни ва бошини капюшон билан буркаб олган барча ёшдаги велосипедчиларни йўлда таҳдид солувчи ғурбатлар деб ҳақли равишда атайдилар.

Тўрт ғилдиракли транспорт эгаларининг пиёдаларга нисбатан бу йўсин ёв қараши пиёдани уриб (туртиб), баъзан эса босиб ўтиб кетиш ҳолларини мутлақо оқлай олмайди. Биз, экспертлар, баъзида шундай ҳолларни ҳам текширишимизга тўғри келади.

Масалан, «Нексия» ҳайдовчиси ёшгина велосипедчи-спортчини уриб юборган. Тўқнашувдан кейин тормозни босгунича, ерда узала тушиб ётган ўспиринни босиб ўтган. Аммо босиб ўтиш ҳолатини ҳайдовчи зўр бериб инкор этарди. Боласи беайблигига ишонган она трассологик экспертиза тайинланишини талаб қилди. Терговчи эксперт олдига ўспириннинг уст-бошида босиб ўтилганлик аломатлари, ҳар иккала транспорт воситасида эса, автомобиль велосипед билан урилиб кетганлигига хос излар ва шикастланишлар бор-йўқлигини аниқлаш вазифасини қўйди.

Одатда кийим-кечакдаги шиналарнинг, машина остки деталларининг изи, ёқилғи-мойлаш материаллари қатламлари, йўл қопламасига уриниш (сирпаниш) белгилари одам босиб ўтилганлигидан далолат беради. Автомобиль ва велосипеднинг кучли тўқнашуви ғилдираклар изида, велосипед «қовурғаси» ва педалларида, ғилдирак симларида асорат-аломат қолдиради, лок-бўёқ қопламаси, бошқа излар бир-бирига тегиб қолганлиги аломатларда кўринади. Уларнинг ҳаммаси жабрланган спортчининг уст-боши кўздан кечирилганда аниқланди, автомобилда эса, велосипед билан туртилганлик белгилари топилди. Ҳайдовчи суд вақтида айбини бўйнига олди, ўспиринни босиб ўтиб кетганлиги фактини ҳам эътироф этди. Йигитча омон қолди, севимли спорти билан шуғулланишда давом этмоқда. Айбдор ҳайдовчи эса суднинг ҳал қилув қарори бўйича спортчининг онасига ўғлини даволатиш учун қилган харажатларини тўлаб, спорт велосипеди қийматини қоплашга мажбур бўлди.

Ҳар сафар шундай текширувлардан кейин йўл ҳаракатининг барча қатнашчиларига эҳтиёт бўлинг, бир лаҳза бўлса ҳам ҳушёрликни қўлдан берманг деб хайқиргинг келади.

 

Таисия Ромаданова,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси марказининг трассолог эксперти.

 

 


Прочитано: 2380 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика