Ўзбекистон резиденти (жисмоний шахс) МЧЖ устав фондидаги унга тегишли улушни хорижий юридик шахсга чет эл валютасида сотиш таклифини олди. Шу муносабат билан бизда бир қатор саволлар туғилди.
Жисмоний шахс Ўзбекистон резиденти бўлмиш МЧЖ устав фондидаги улушини хорижий юридик шахсга чет эл валютасида сотишга ҳақлими? Бундай шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши керакми? Бундай битимдан олинган чет эл валютаси мажбурий сотиладими? Маблағни халқаро тўлов картасида қабул қилиш мумкинми?
Резидент МЧЖ устав фондидаги улушнинг олди-сотди шартномасини хорижда тузиб, шартнома бўйича тўловни хорижий банкдаги ҳисобвараққа қабул қилиши мумкинми? Бундай битимни тузиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади?
Муассис.
Агар бошқа муассислар сотиб олмаса...
Агар жамият уставида муассис улушини учинчи шахсларга сотиш тақиқланмаган бўлса, муассис бундай битимни тузишга ҳақли. Муассиснинг МЧЖ устав фондидаги улуши учинчи шахсларга ўтишининг мумкинлиги «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – 310-II-сон Қонун) 20-моддасида назарда тутилган.
Жамият устав фондидаги улушни сотиш битимини тайёрлашда бир қатор жиҳатларга эътибор қаратиш керак.
Чунончи, жамиятнинг бошқа иштирокчилари ва МЧЖнинг ўзи мазкур улушни учинчи шахсга таклиф қилинган нархда сотиб олиш бўйича имтиёзли ҳуқуққа эгалар. Шу сабабли иштирокчилар ва жамият улушни харид қилишни рад этгандагина уни учинчи шахсга сотиш мумкин.
Бундай битим давлат рўйхатидан ўтказилмайди. 310-II-сон Қонун билан битимнинг оддий ёзма шакли белгиланган. Бироқ МЧЖ уставида уни нотариал шаклда тузиш зарурати назарда тутилган бўлиши мумкин. Ушбу талабга риоя этмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.
Хатарли миқдор
Амалдаги қонун ҳужжатлари норезидентга жамият устав фондидаги улушни сотиш бўйича битимлар чоғида чет эл валютасида ҳисоб-китобларни амалга оширишни тақиқламайди. «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг (7.05.1993 йилдаги 841-XII-сон, 11.12.2003 йилдаги 556-II-сон Қонун таҳририда) 13-моддаси билан жисмоний шахсга ўз мулкида Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган валюта бойликларига эга бўлиш ҳуқуқи1 берилган.
Бунда шуни ҳисобга олиш зарурки, Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари (АВ томонидан 21.11.2013 йилда 2528-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 49-бандининг 3-хатбошисига мувофиқ бир вақтда ёки 3 ойдан ошмаган муддат давомида кўп маротаба энг кам иш ҳақининг 500 баравари миқдорига тенг ёки ундан ошадиган умумий суммада чет эл валютасида чет элдан жўнатилган пул маблағларининг олиниши «шубҳали операция» тоифасига киритилади. У шундай деб топилгандан кейин банкнинг ички назорат хизмати бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига хабар қилади.
Шу боис, агар битим суммаси ЭКИҲнинг 500 бараваридан ошса ёки унга тенг бўлса, тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар эса изчил 3 ойлик давр ичида бир вақтда ёки қисмлар билан амалга оширилса, бундай битим ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан батафсил ўрганиш предметига айланади.
Хоҳ ҳамёнга тушсин, хоҳ – картага
Кўрсатилган битим бўйича олинган чет эл валютаси мажбурий сотилмайди. Бунинг далилларидан бири Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартиби (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон Қарорига 1-илова) 1-бандидир, унга кўра тушумни чет эл валютасида сотиш мажбурияти хўжалик юритувчи субъектлар зиммасига юклатилган. Жисмоний шахс кўриб чиқилаётган ҳолда хўжалик юритувчи субъект ҳисобланмайди, шу боис чет эл валютасини сотишга у мажбур эмас.
Ваколатли банклар томонидан ҳисобварақларни чет эл валютасида юритиш тартиби хорижий валютадаги маблағларни халқаро тўлов картасига ўтказишни тақиқламайди. Шуни билиш лозимки, қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошириладиган чет эл валютасидаги ҳисоб-китобларда ҳам ушбу картага валютани киритишга йўл қўяди («Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси 2-қисми 14-хатбошиси).
Халқаро битимларни ўрганинг
Кўрсатилган битим хорижда оддий ёзма шаклда ҳам, нотариал шаклда ҳам тузилиши мумкин. Уни оддий ёзма шаклда тузиш чоғида Фуқаролик кодексининг 107-модасига амал қилиш керак.
Хорижда нотариал тасдиқлашни талаб қиладиган битимлар расмийлаштирилганда Ўзбекистоннинг халқаро битимларига амал қилиш лозим. Хусусан, уни Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенция (Минск, 22.01.1993 йил) иштирокчиси бўлган давлатлар2 ҳудудида тузиш чоғида тузилган шартноманинг ҳақиқийлигини бирор-бир тарзда нотариал тасдиқланган тасдиқлашга (легаллаштириш, апостиль қўйиш) зарурат йўқ.
Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилган Гаага конвенцияси (5.10.1961 йил) иштирокчиси бўлган давлатлар ҳудудида кўрсатилган битимни тузаётганда консулнинг легаллаштириши ўрнига нотариал тасдиқланган ҳужжатни апостиллаштириш амалга оширилади. Ўзбекистон билан расмий ҳужжатларни легаллаштиришни бекор қилиш тўғрисидаги битимлар билан боғланмаган давлатларда нотариал шаклда тузилган шартномани консулнинг легаллаштириши зарур.
Хорижда жойлашган Ўзбекистон резиденти – жисмоний шахс битимни расмийлаштиришга доир кўрсатилган барча талабларга риоя этилганда юқоридаги шартнома бўйича хорижий банкдаги ҳисобвараққа пул маблағи олиши мумкин.3 Бироқ унинг хориждан қайтишида ҳисобварақ ёпилади ва ундаги маблағлар қолдиғи Ўзбекистонга ўтказилади («Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси 5-қисми).
Солиқларни тўлаш шарт
Жисмоний шахсда солиқ солинадиган мулкий даромад вужудга келади, у жамият устав фондидаги улушни сотиш нархи билан муассис томонидан устав фондига ҳисса сифатида киритилган мол-мулк қиймати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади (Солиқ кодекси 176-моддасининг 4-банди). У жисмоний шахснинг жами даромади таркибига киритилиши ва белгиланган прогрессив ставкада жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилиши керак. Жисмоний шахснинг чет эл валютасида ифодаланган даромади Марказий банкнинг ҳақиқатда даромад олинган санадаги курси бўйича миллий валюта – сўмда қайта ҳисобланади.
Битим хорижда амалга оширилган тақдирда резидент ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғини хорижий давлатда жойлашган банк ҳисобварағидан чет эл валютасида тўлаши мумкин (Солиқ кодекси 193-моддасининг 2-қисми).
Михаил РОМАНОВ,
«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ юристи.
Шунга эътибор бериш лозимки, мазкур масалани ўрганиш чоғида эксперт меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб чиққан. Шундай бўлса-да, чоп этилаётган жавоб расмий тарзда ёзилган мутахассис маслаҳати ҳисобланмайди, балки вазиятни берилган саволни ўз тушунишлари асосида ўрганган экспертнинг ишончли фикрини ифодалайди.
Тақдим этилган фикр кейинги муҳокама учун имконият беради. Ундан фойдаланишдан аввал аниқ ҳолларнинг индивидуал жиҳатларини ҳисобга олиш ва вазиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ самарали ҳал этиш учун расмий тарздаги мутахассис маслаҳатига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.
1Ваколатли банклар томонидан хорижий валютадаги ҳисобварақларни юритиш тартиби (АВ томонидан 22.10.1998 йилда 511-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 4.3-бандининг «а» кичик бандига ҳам қаралсин.
2Улар жумласига Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова (жузъий шартлар билан), Россия Федерацияси, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина (жузъий шартлар билан) киради.
3Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жисмоний шахсга хорижда банк ҳисобварағини очиш учун рухсатнома талаб қилинмайди.