Norma.uz

Сараланди имтиҳонда яхшилар

 

Тошкентда «2015 йилги энг яхши бухгалтер», «2015 йилги энг яхши аудитор», «2015 йилги энг яхши ички аудитор» унвонлари учун республика танловлари натижалари эълон қилинди1.

 

 

 

Танлов иштирокчилари – мамлакатимиз бухгалтерлари билан аудиторлари профессионал малака ва билимларини муносиб ҳимоя этдилар. Уларнинг орасида кўпни кўрган, тажрибали мутахассислар ҳам, бу соҳада эндигина иш бошлаган кишилар ҳам бор эди.

Танловда иштирок этишда амал қилиб турган малака сертификати (аудитор, бухгалтер, ички аудитор сертификати) бўлиши ҳамда ўзи Ўзбекистон ҳудудида доимий прописка қилинган бўлиши мажбурий шарт эди. Иш стажи ва жойи, республика профессионал жамоат бирлашмаларига мансублик мажбурий шартлар сирасига кирмасди.

Танловлар 2 турда ўтказилди. I тур (саралаш тури) сиртқи тарзда ўтди. У аудит, молия ва бошқарув ҳисоби, солиқ солиш ҳамда хўжалик ҳуқуқи бўйича тест саволларидан таркиб топган эди. Жавоблар электрон ёки оддий почта орқали жўнатилди. Танловда иштирок этиш истагини ёзма равишда билдирган мутахассислар орасидан 99 нафар аудитор, 30 нафар бухгалтер ва 18 нафар ички аудитор берилган саволларга дуруст жавоб бериб, II турга ўтди.

II турнинг ёзма вазифалари ва тест саволларига жавоб бериш учун иштирокчилар аудит ва молиявий ҳисобот халқаро стандартлари (ХАС ва МҲХС) бўйича пухта билимга эга бўлиши талаб этиларди. Имтиҳонда алоҳида таъкидлаб ўтилганидек, бухгалтерия ҳисоби, аудит борасида тегишли сифат ягона талабларни тизимга солувчи ҳужжатлар, бинобарин стандартларга риоя этиш орқали таъминланади.

2015 йилги энг яхши мутахассис унвонлари ўз эгасини топди, хусусан «Pricewaterhouse Coopers» компанияси аудитори Шоҳруҳ Бўтаев «Энг яхши аудитор»; «Modellar Uyi Galereyasi» МЧЖ бухгалтери Асомиддин Умаров «Энг яхши бухгалтер»; «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти ички аудит хизмати аудитори Суҳроб Мамадалиев «Энг яхши ички аудитор» унвонига лойиқ кўрилди.

Уларга I даражали дипломлар ва ноутбуклар топширилди. II ва III даражали диплом соҳиблари Элдор Раззоқов, Ольга Фоменко, Ойбек Қодирқулов, Кристина Прокудина, Флорида Еремеева ва Саида Исмоиловалар қимматбаҳо совғалар – мобил телефонлар, ташкилий техника ва электрон китоблар билан тақдирландилар.

Ғолибларни шарафлаш маросимида биз улардан айримлари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

 

Асомиддин Умаров:

– Учинчи бор танлов финалига чиқишим. Бу йил «Энг яхши бухгалтер» унвонини қайтариб олишга муваффақ бўлдим. Гапнинг рости, рақиблар жуда кучли эди. Ана шундай шароитда ютуққа эришиш кимни шодлантирмайди дейсиз?! Бухгалтерлик одоби бош бухгалтердан сифатли ва малакали хизмат кўрсатишни талаб этади. Бунга эса, ўз малакангни муттасил ошириб бориш орқали эришиш мумкин. Мамлакатимиз Президентининг Фармони2 2018 йилга қадар барча акциядорлик жамиятлари молиявий ҳисобот бўйича халқаро стандартга ўтишини талаб этаётганлиги боис ҳаммамиз касб тайёргарлиги даражасини мунтазам равишда ошириб бормоғимиз даркор. Танлов эса, бу борада ўзингни синаб кўришнинг энг зўр имкониятидир.

 

Суҳроб Мамадалиев:

– Ички аудит хизматида ишлаётганимга ҳам беш йил бўлди. Танловда биринчи бор иштирок этишим. Яшириб нима қилдим, ғолибликка эришиш учун қонун ҳужжатларидаги ўзгаришларни, молиявий ҳисобот ва аудит стандартларини ўрганишга кўп вақт сарфладим. Тажриба қўл келган пайтлар ҳам бўлди. Танловга тайёргарлик кўриш асносида орттирган билимларим амалий ишда асқотишига аминман.

 

Шоҳруҳ Бўтаев:

– Танловда иштирок этиш ўз куч ва билимингни яна бир бор синовдан ўтказиш демакдир. Бу эса қонун ҳужжатларидаги, аудит жабҳасидаги ҳамма янгиликлардан бохабар бўлиб туришга ундайди одамни. 2011 ва 2013 йилларда энг яхши аудитор деб топилган эдим. Бу йил яна шу шарафли номга эга бўлдим. Эгаллаган маррани бундан кейин бой бермасликка ҳаракат қиламан.

 

Танловга бухгалтерлар ва аудиторларнинг республика профессионал бирлашмалари, яъни Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси, Ўзбекистон Аудиторлар палатаси, Ўзбекистон Бухгалтерлар федерацияси бош-қош бўлишди. Шуниси ҳам борки, танлов ўтказиш масъуллиги ҳар йили бир ташкилотдан бошқаси зиммасига ўтади. Бу йил Миллий уюшма тадбир ташкилотчиси бўлди.

«Солиқ ва божхона хабарлари» ва «Солиқ инфо» ҳафталик газеталари ахборот бобида ҳамкор вазифасини ўтадилар.

«UHY Tashkent» МЧЖ, «Kreston Tashkent» МЧЖ, «FTF-Audit» МЧЖ, «Maricon Audit» МЧЖ, «Baker Tilly Uzbekistan» компаниялари гуруҳи, «Дори-Дармон» акциядорлик компанияси аудиторлик фирмалари танловнинг расмий ҳомийларидир.

Ғолибларнинг барчасига «Norma» профессионал ривожланиш марказининг, «2015 йилги энг яхши бухгалтер» номинацияси ғолибларига эса «Солиқ инфо» ҳафталигининг ва «BePro Norma» МЧЖнинг қўшимча совринлари топширилди.

 

Алла РОМАШКО, махсус мухбиримиз. 

 


1Танлов мамлакатимиз Президентининг 26.11.2010 йилдаги ПҚ-1438-сон Қарорига, шунингдек бухгалтерлар танлови тўғрисидаги ва ички аудиторлар танлови ҳақидаги низомларга мувофиқ ўтказиб келинмоқда.

2Президентнинг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон).

Прочитано: 2307 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика