Пенсионерни электромонтаж ишларини бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича маслаҳатлар бериш учун фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ишга қабул қилиш мумкинми? Унинг меҳнат ҳақи ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан кўп бўлмайди. Бундай ҳолатда унинг бутун пенсиясини тўлаш сақлаб қолинадими? Ушбу шартномани қанча муддатга тузиш мумкин?
З.Ли,
кадрлар бўлими ходими.
– Сизнинг ҳолатингизда ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини тузиш варианти мавжуд. Фуқаролик кодексининг 703-моддасига мувофиқ, бундай шартнома бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан хизматни бажариш (ашёвий шаклда бўлмаган муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Шартноманинг мазкур тури назарда тутадиган хизматлар жумласига маслаҳатлар бериш ҳам киради.
Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ҳисобланади, чунки унинг тарафларининг муносабатларини Меҳнат кодекси эмас, балки Фуқаролик кодекси тартибга солади. ФКга кўра шартноманинг муҳим шарти бўлиб унинг муддати ҳисобланади. Яъни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома номуайян муддатга тузилиши мумкин эмас, у албатта муддатли бўлиши керак.
Бироқ ФКда муддатлар бўйича чеклашлар мавжуд эмас. Шу сабабли фуқаролик-ҳуқуқий шартнома амал қилишининг на энг кам, на энг кўп муддатлари белгиланмаган. Уларни тарафлари белгилайди. Бироқ ушбу шартнома аниқ хизматлар кўрсатиш даврига тузилганлиги боис унинг муддати уларнинг ижрочига буюртирилган ҳажмига мувофиқ келиши керак.
Агар сиз фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ишласангиз, қуйидаги шартга риоя этилганда бутун пенсияни тўлаш сақланади: фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича даромадлар (гонорар, ҳақ) ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан кам бўлиши керак (Президентнинг 20.11.1995 йилдаги «Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тўғрисида»ги ПФ-1289-сон Фармони).
Таъкидлаш жоизки, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилган фуқаро ташкилот билан меҳнат муносабатларига киришмайди. Унинг тарафлари ходим ва иш берувчи эмас, балки ижрочи ва буюртмачидир. Демак, Меҳнат кодексида назарда тутилган кафолатлар, шу жумладан дам олиш ҳуқуқи хизматлар ижрочиларига татбиқ этилмайди. Чунончи, ФКда ижрочиларга таътиллар бериш назарда тутилмайди. Агар ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасида таътил масаласи назарда тутилган бўлса, суд ёки давлат меҳнат инспекцияси уни номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси деб эътироф этиши мумкин. Сизнинг маслаҳатчингиз учун бу пенсия қонунчилигини бузиш ҳисобланади ва унда ортиқча тўланган пенсияни қоплаш зарурати туғилади.
Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани меҳнат шартномаси деб эътироф этиш эҳтимолини йўқотиш учун уни тузиш чоғида шартномада меҳнат муносабатларининг бирорта ҳам аломати бўлмаслигига эътибор қаратиш лозим.