МЧЖ бетон ишлаб чиқаради ва қурилишда ёрдамчи пудрат ишларини амалга оширади. Фаолият турлари бўйича даромадлар ҳисоби алоҳида юритилади, умумий харажатлар 2010-ҳисобварақда юритилади.
Ушбу фаолият турлари бўйича харажатларнинг алоҳида бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби қандай?
Газетхон.
ҚОИДАЛАРНИ БЕЛГИЛАЙМИЗ
– Харажатларнинг алоҳида ҳисоби корхона амалга оширадиган фаолият турлари бўйича харажатлар тўғрисидаги ҳисоб ахборотини йиғиш, қайд этиш ва тақсимлашнинг тартибга солинган тизимидир. Муайян фаолият турига тўғридан-тўғри киритиш мумкин бўлган харажатлар бевосита харажатлар сифатида қаралади. Уларни алоҳида ҳисобварақлар, илова ҳисобварақларда ёки таҳлилий аломатлар ёрдамида акс эттириш мумкин. Қанча кўп харажатлар бевосита харажатлар деб эътироф этилса, корхонада алоҳида ҳисоб юритишнинг бутун тизими шунча содда бўлади.
Бироқ амалиётда харажатларнинг муайян моддаларини доим ҳам қатъиян ва тўлиқ ҳажмда аниқ фаолиятга киритиб бўлмайди. Шу сабабли корхонанинг фаолият турлари бўйича уларни тақсимлаш қоидалари ва тартибини белгилаш имконини берадиган услубиятни ишлаб чиқиш тавсия қилинади (масалан, уларнинг умумий ҳажмида фаолият турлари бўйича даромадларнинг улушларига мутаносиб равишда). Ҳисобот даври мобайнида бундай харажатларни «Тақсимланадиган харажатлар» аломати билан алоҳида ҳисобварақда (илова ҳисобварақда) ҳисобга олиш, даврни ёпиш чоғида эса фаолият турлари бўйича тақсимлаш мумкин.
УСУЛНИ ТАНЛАЙМИЗ
Фаолият турлари бўйича харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини жорий этаётганда амал қилиш керак бўлган баъзи меъёрий ҳужжатларнинг қоидаларига эътибор қаратамиз.
Солиқ кодексининг 42-моддасига кўра солиқ солишнинг турли тартиби назарда тутилган фаолият турларини амалга ошираётган солиқ тўловчилар алоҳида-алоҳида ҳисоби юритилиши шарт. Унда белгиланишича, фаолиятнинг муайян турига тааллуқли барча харажатлар тегишли ҳисоб ҳужжатлари билан тасдиқланиши керак. Мазкур моддада алоҳида-алоҳида ҳисобни мутаносиб усул ёки тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули орқали юритиш усуллари ҳам мустаҳкамланган. Қўлланаётган усул корхонанинг бутун календарь йилга мўлжалланган ҳисоб сиёсати билан белгиланиши керак ҳамда йил мобайнида ўзгартирилиши мумкин эмас.
Ҳисобга олишнинг мутаносиб усулида харажатлар соф тушумнинг умумий суммасидаги фаолиятнинг муайян турлари бўйича реализация қилишдан олинган соф тушум улушига мутаносиб тарзда шу муайян фаолият турига киритилади. Тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули қўлланилганда харажатлар фаолиятнинг қайси тури амалга оширилиши билан боғлиқ бўлса, шу турга киритилади. Бунда фаолиятнинг бирон турига киритиш мумкин бўлмаган харажатлар ҳисобга олишнинг мутаносиб усули орқали фаолиятнинг муайян турига киритилади.
ҲИСОБВАРАҚЛАР ТИЗИМИНИ БЕЛГИЛАЙМИЗ
21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома»даги1 Йўриқноманинг (21-сон БҲМСга 2-илова) II қисмидаги 5-параграфда 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» ҳисобварағида харажатларни синтетик ҳисобга олиш тартиби тўғрисида ахборот берилган. Йўриқноманинг 119-бандида белгиланишича, таҳлилий ҳисоб харажатлар турлари ҳамда ишлаб чиқариладиган маҳсулот (ишлар, хизматлар) турлари бўйича, яъни фаолият турлари бўйича юритилади. Улар бўйича харажатларни гуруҳлаштиришни, шунингдек калькуляция ҳисобини юритишни ҳисобварақларнинг алоҳида тизимида амалга ошириш (яъни ҳар бир фаолият тури бўйича алоҳида илова ҳисобварақлар очиш) мумкин. Таркиб ва ундан фойдаланиш услубиятини корхона мустақил равишда, ўзининг фаолияти, тузилиши, бошқарувни ташкил этиш хусусиятларидан келиб чиқиб белгилайди. Харажатлар алоҳида ҳисоби юритилиши вариантларидан бири корхона бўлинмалари бўйича 2010-ҳисобварақдаги таҳлилий ҳисоб саналади. Корхонангиз, масалан, бетон узели ва қурилиш ишлари бўйича харажатларни алоҳида-алоҳида ҳисобга олиши мумкин.
ГУРУҲЛАР БЎЙИЧА КЛАССИФИКАЦИЯЛАЙМИЗ
Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомда2 маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларини аниқлашнинг ягона методологик асослари белгиланади. Фаолиятининг рентабеллигини ва бозордаги рақобатбардошлигини аниқлаш учун, корхонада пайдо бўладиган барча харажатлар тўғрисида бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларида тўлиқ ва аниқ ахборот шакллантирилиши учун Низомда харажатларни гуруҳлар ва элементлар бўйича классификациялаш кўрсатилган.
ҚЎШИМЧА АХБОРОТНИ ОЧИБ КЎРСАТАМИЗ
1-сон БҲМС «Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот»нинг3 84 ва 85-бандларида белгиланишича, хўжалик юритувчи субъект молиявий ҳисоботга изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришларда даромадлар ва харажатлар турлари ёки фаолият турлари бўйича тасниф қилиш йўли билан даромадлар ва харажатларни таҳлил қилиб бериши керак. Харажатларни фаолият турлари бўйича тасниф қиладиган хўжалик юритувчи субъектлар харажатларнинг турлари бўйича қўшимча ахборотни: эскириш (амортизация) харажатларини, ходимларни сақлаш билан боғлиқ харажатларни, хом ашёдан фойдаланиш харажатлари бўйича қўшимча ахборотларни очиб беришга мажбурдир. «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) 16-моддасига ва 1-сон БҲМСнинг 12-бандига мувофиқ эса изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришлар йиллик молиявий ҳисоботнинг таркибий қисмлари ҳисобланади.
1Молия вазирининг АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
2ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон Қарори билан тасдиқланган.
3МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.08.1998 йилда 474-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Profi» эксперти.