Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 42 / Технологиялар

Қуёш-ку барчага баробар сочади нурин

Ўзбекистонда ёзда, ҳаво очиқ кунлари энергиянинг муқобил манбалари ҳақида ўйлаб кўрмаган бизнес ишини олиб бораётган корхоналар камдан-кам бўлса керак. Бундай қулай иқлим шароити иссиқ сув ёки электр энергияси сарфида маблағларни тежаш учун айни муддаодир.

 

1. Корхона энергия таъминотининг мавжуд тизимига қуёш қурилмаларини жалб этиб, ўз ресурсларини тежаши мумкинми?

Гелиотизим яхши нарса эканлигига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Лекин унга жиддийроқ қарайдиганлар кўп эмас. Гап баҳода деб ҳам бўлмайди, бу борадаги нарх-наво – чўнтакбоп.

Келинг, бир ҳисоблаб кўрайлик. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 3 киловаттли (3 кВт/с) аралаш (қуёш-шамол) қурилмаси унинг барча зарур бутловчи қисмларини, яъни фотоэлектрик панеллар, аккумуляторлар, инвертерлар, контроллерлар ва шу сингариларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, бизга нари борса, 50 млн сўмга тушади. Шунча қувватли оддий қуёш қурилмаси эса 40 млн сўм. Тўғри, биринчи қурилма қимматроқ, аммо у ҳаво булутли кунларда ҳам секундига 5-6 м тезликда шабада эсиб турса, бемалол ишлайверади.

Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, деган мақолимизни билмайдиган одам бўлмаса керак. Бахтимизга дарахтларнинг учи доимо жиндай бўлса ҳам қимирлаб туради. Бофорт шкаласи бўйича эса озгина шамол ҳам шунга мосланган генератор ишлаши учун етарлидир.

3 кВт/с унча кўп эмас. Офисга ажратилган бинолар учун етарли. Лекин кондиционерларни ишлатмаган маъқул.

Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 10 та тикув машинаси бўлган кичикроқ тикувчилик цехи эҳтиёжи учун бу етарлидир. Тикув машинасининг ҳар бири ўрта ҳисобда 300 Вт/с истеъмол қилади, 10 та тикув машинасининг истеъмоли эса 3 кВт/с дир. Одамлар, айтайлик, соат 9.00 дан 18.00 гача ишлашади. Ҳаво очиқ кунлари қуёш эрталаб соат саккизда заряд бера бошлайди. Қуёш станциялари уни аккумуляторга ўтказади, у ерда бошқа истеъмол манбаи бўлмаса, дарҳол тикув машиналари ишлашига сарфланади. Иккита тикувчилик машинасини ўчириб туриш билан, бунинг устига, энергияни тежовчи лампа, музлаткич ва айтайлик, еллаткични ишлатиш имкониятига эга бўламиз.

Буларнинг бари ёзги, иссиқ пайтдаги иш учун жуда боп! Куз ва қишки даврда булутли кун кўп бўлиши инобатга олинса, 50 млн сўм қийматли 3 киловаттли аралаш қурилма бир кеча-кундузда бизга 15 кВт энергия беради. Бу эса йилнинг ўртача арифметик кўрсаткичидир.

Гелиоқурилма ўз харажатини ўзи қоплайдиган давр – соддароқ ҳисоблаш йўлига ўтиб, фақатгина электр энергияси қийматини асос қилиб олган тақдиримизда ҳам, ускуна ишлаб чиқарувчиларининг фикрича, 15 йилни ташкил этади. Шундай қилиб, хўжалик айланмасидан 15 йилга 40-50 млн сўмни олиб, баланс борасида уни ноликвид активга айлантирамиз, у фойда келтирмайди, гап ­анчайин майда-чуйда сотиладиган дўконча эмас, чинакам ишлаб чиқариш корхонаси ҳақида борган тақдирда, энергия таъминоти борасида бу унча кўп нарсани ҳал этмайди ҳам.

Чунончи, компания йилига тақрибан 500 МВт/с истеъмол қиладиган бўлса, бундай ҳажмдаги электр энергиясини автоном тарзда таъмин этиш учун 200 кВт/с қувватга эга бўлган гелиоқурилма керак бўлади. Бундай ҳолларда қуёш панелларини жойлаштиришга 1 300 кв.м саҳн керак экан. Буларнинг ҳаммаси тахминан уч юз миллион сўмга тушади. Маҳсулотни етказиб бериш ва монтаж қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳам бор1. Маълумки, эртанги кунги бир миллион сўм билан 15 йил кейинги бир миллион сўм бир-биридан кескин фарқ қилади. Қолаверса, бизнес соҳаси шунча вақт мобайнида бешикаст сақланиб туришига ҳам кафолат йўқ. Бошқа масалалар ҳам ечим кутмоқда...

Гелиоускуна 15-20 йил ишлатишга мўлжалланган. Бу ускуна қилинган харажатни оқлайдиган пайтгача маънан ва жисмонан эскириб, қиймати ноль билан белгиланадиган даражада амортизация қилинади, фойдали иш коэффициенти эса ҳамин қадар... Унинг таркибидаги қуёш аккумуляторининг самарали хизмат муддати фойдаланиш шароитлари аъло даражада бўлган тақдирда, 5-7 йилни ташкил этади. Демак, яна аккумулятор сотиб олишга тўғри келади. Шундай қилиб, гелиотехниканинг ўз харажатини ўзи кўтариши нуқтаи назаридан 15 йил ва «ҳеч қачон» деганлари амалда синоним бўлиб қолмоқда.

 

Шундай хулоса қиламиз:

1. Ўзбекистон корхоналарининг ишлаб турган энергия таъминоти маҳаллий тизимига гелиотехниканинг интеграциялашуви ресурсларни тежаш мақбул усули эмас. Гелиотехникани ва «шамол-қуёш» аралаш тизимини ўрнатиш тежамкорлик доирасидаги масала эмас, балки энергия таъминоти йўқлиги ёки узилиши шароитида корхонанинг жон сақлаб қолиши масаласидир.

2. Электр энергиянинг амал қилиб турган тарифи тузилмаси қуёш электр станцияларининг ўз харажатини ўзи қоплашига айни уларни ишлатиш муддати тугаган пайтда эришилишига олиб келади.

Шунга қарамай, мамлакатимизда муқобил энергетика қадам-бақадам ривожланиб бормоқда. Бундай техникани ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам, уни сотиб олувчи компания ва ташкилотлар ҳам бор. Демак, истеъмол доираси мавжуд. Хўш, бу доира нималардан ташкил топган?  

 

2. Ўзбекистонда гелиотехникани кимлар сотиб олмоқда?  

 

Ғанижон СОЛИЕВ,

«Интеллект-Диалог» МЧЖ бош директори:

– Компаниямиз ўзининг 7 йиллик фаолияти мобайнида қуввати 1-10 кВт бўлган қуёш, шамол қурилмаларини ва аралаш қурилмаларни, ўзи ишлаб чиқарган қуёш сув иситкичлари ва насосларини Ўзбекистондаги 200 дан ортиқ объектга етказиб берди. Уяли алоқа станциялари, базавий автоматиканинг таянч пунктлари, соҳил муҳофазаси объектлари, олисда жойлашган қишлоқ врачлик ва егерлик пунктлари, коллежлардаги лаборатория синфлари, фермер хўжаликлари, асаларичилик хўжаликлари, иссиқхоналар, чорбоғлар, ёриткичли ташқи реклама ва шунга ўхшаш бошқа объектлар шулар жумласидандир. Барча ускуна маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарида тайёрланган бутловчи қисмлардан ҳозирланади.

Одатда, бизнинг истеъмолчиларимиз Тошкент шаҳридан четроқда жойлашган, энергия таъминоти борасида муаммоси бўлган субъектлардир. 

Мисолга Қораўзакдаги қишлоқ врачлик пунктини олайлик. Четдан валютаги харид қилинган қимматбаҳо вакциналар 300 Вт ли музлаткичда сақланади. Биз уларга шамол-қуёш қурилмасини етказиб бердик. Тармоқда электр энергияси бўлган кезлари музлаткич ундан таъминланади, бу вақтда муқобил манба аккумуляторларни зарядлайди. Электр тармоғида узилиш бўлган тақдирда эса автомат тарзда тизим муқобил манбадан энергия истеъмол қилишга ўтади. Бундай вазиятда кечалари аккумулятор энергияси ишлатилади.

Умуман олганда, аралаш техниканинг нафи кўпроқ. Шамол генератори қимматбаҳо аккумуляторлар сонини икки баравар камайтириш имконини беради. Лекин жойлардаги шамолнинг бир-биридан фарқи бор. Айтайлик, Янгиер, Ғаллаорол, Бекободдаги шамолдан шу мақсадда фойдаланиш мумкин, Тошкентда эса шамол генератори унча самара бермайди. Кўпчилик бизда шамол йўқ, деб ўйлайди. Объектга бориб, диққат-эътибор билан атрофни кўздан кечирамиз: дарахтлар паст-паст, бунинг устига эгик – бу эса ўша жойда шамол борлигининг дастлабки белгисидир. Шамолнинг энг мақбул тезлиги секундига 5 м дан 15-20 м гача деб қаралади. Кўрсаткич бундан ошиб кетган тақдирда, шамол генератори механик тарзда тормозланади.

– Маҳаллий ишлаб чиқариш йўли билан тайёрланган гелиотехника нима сабабдан бунчалик қиммат?

– Гелиотизимларнинг таннархига четдан келтирилган эмас, балки ўзимизда ишлаб чиқарилаётган элементлар қимматлиги таъсир этмоқда. Бу бор гап.

– Таннархни, бинобарин, сотув баҳосини пасайтириш учун сизларга нималар керак?

– Ҳеч бўлмаганда, ЯСТдан озод қилишса, ёмон бўлмасди. Асли 5 фоиз деганлари ҳам ҳазилакам эмас.

– Ҳар қандай ҳолатда ҳам сизни ҳамишаликка ундан озод этмайдилар. 3-5 йилга имтиёз бериш мумкин бўлади деб ўйлайман...

– Фикрингизга қўшиламан, аммо ҳозирча солиқлар бўйича имтиёз йўқ. Билим доирамизни ҳам, ишлаб чиқаришимизни ҳам кенгайтириш учун чет эллардаги кўргазмаларга борамиз, албатта. Рости, бу иш ўзимиз учун тўлиғича ўз ҳисобимиздан бўлади. Бундан ташқари, биржа орқали давлат буюртмасини оладиган бўлсак, 15 фоизгина олдиндан тўловни оламиз, қолгани эса иш бажарилганидан кейин тўланади. Бизда эса ускуна қийматининг 85 фоизи айни ўша материаллар қийматидан ташкил топади. Булар қуёш модуллари, аккумуляторлари, инвертерлари, маҳсулотни етказиб бериш, монтаж қилиш ва шу сингари ишлардир. Буюртмани бажариш учун бизга камида бир ой зарур. Лекин ҳақ тўламай туриб, ким ҳам материал берарди дейсиз? Маҳсулот етказиб берувчилар билан ҳақини бўлиб-бўлиб тўлашга келишамиз – аммо бу, табиийки, қимматроққа тушади.

– Маҳаллийлаштириш дастурига киритишлари борасида қанақа муаммо бор сизларда?

– Биз иш ҳажмини кафолатлай олмаймиз. Бунақа ҳажмда савдомиз йўқ ўзи.

Биз кореяликлар билан тажриба алмашинганимизда улар йилига камида 1 мегаваттлик савдомиз бўлмаса, у ҳолда зарар кўриб ишлашимизни айтишди. Бизнинг 7 йиллик ишимиз даврида ускуналаримиз ўрнатилган барча 200 объект ҳисобга олинса, балки 1 мегаваттга бориб қоларов.

– Минтақаларда электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш долзарб муаммо деб айтдингиз, аммо савдо-сотиғингиз касодроқ экан, демак қанақадир муқобил йўли ҳам бўлса керак?

– Иссиқлик генератори сотиб олиб, уни бензин ёки газ билан ишлатиш мумкин... Хом ашё, фильтрлар, мойини вақти-вақти билан алмаштириб туриш деганларидек бу ҳам харажат. Қолаверса, тутун, ишлаётганда шовқин чиқариши бор... Буларнинг ҳаммаси ҳар қандай ҳолатда ҳам икки-уч йилдан кейин яроқсиз ҳолга келиб қолади.

Мабодо валютангиз бўлса, гелиотизимни Кореядан ёки Хитойдан келтиришингиз мумкин. Монтажини биз қилиб берамиз – арзонроққа тушади сизга. Боз устига тижорат мақсадида эмас, ўзингиз фойдаланишингиз учун олиб келаётган бўлсангиз, божхонада имтиёзлар бор.

Кўпчилик четдан олиб келмоқда. Аммо эҳтиёт қисмлари ва керакли хизмат кўрсатилмаётгани боис бу тизимларнинг деярли ҳаммаси ишдан чиқиб қолмоқда. Бундай ҳисоблаб қарасангиз, 100 кВт ли ускуна 30-40 млн сўмга, 3 кВт ли кичкинагина қурилма эса 1 млн сўмга тушмоқда. Ҳаммаси ҳам барибир муддатидан анча олдин ишдан чиқиши мумкин.

 

Маҳаллийлаштириш дастурига киришга муваффақ бўлиб, ЯСТ борасида ялпи тушумга нисбатан 5% тежашнинг уддасидан чиқаётган гелиотехника ишлаб чиқарувчилари иши дурустми? Бу ҳол уларнинг маҳсулотлари қийматига таъсир этдими? Агар шундай бўлса, балки уларнинг сотиб олувчилари бутунлай бошқадир?

 

Зулфия ОЛИМЖОНОВА,

«Mir Solar» МЧЖ ижрочи директори:

– Сизларнинг мижозларингиз ким?

– Асосан – бюджет ташкилотлари.

Биз ЯСТ ва божхона тўлови тўламаймиз, негаки Маҳаллийлаштириш дастурига киритишган бизни. Ана шу имтиёзлар эвазига маҳсулотимизнинг қиймати импорт қилинадиган шундай маҳсулотлар қийматидан арзонроқ.

– Айтаётган бюджет корхоналарингизни гелиоқурилмалар харид этишга ундаётган нарса нима?

– Ҳозирги кунда қуёш станцияларини умуман электр энергияси йўқ жойларда, бийдек далаларда ўрнатишмоқда. Бошқа вариантлар иш бермагач, шундай қилишяпти.

– Нима, ускунани Хитойдан олиб келиш бундан ҳам ёмонроқми?

– Биз ўз даврида улардан бутловчи қисмларни – автоматикани олиб келмоқчи бўлгандик. Бундай автоматика тез ишдан чиқар экан, оқибатда тежамкорлик қилиш ниятимиз пучга чиқди. Эндиликда уни ўзимиз тайёрламоқдамиз. Жамланган тақдирда ўртача 1 кВт қувватли бизнинг станция сотиб олувчига 12 млн сўмга тушади. Мижозга мазкур ускуна юзасидан икки йиллик кафолат ҳам берилади.

Кўпинча 3,5 млн сўмга битта Хитой панели сотиб олишади ва у музлаткичга ҳам, телевизорга ҳам ярайверади деб ўйлашади.

Биз деярли ҳамма асбобни электр энергиясига улаб бера оламиз. Лекин истеъмолчиларимиз одатда ўзларига 1-3 кВт ли ускунани ўрнатадилар. Негаки, технологик, ишлаб чиқариш жараёнларининг электр таъминоти учун каттароқ қувват керак. Бизнес ишини йўлга қўяётганда бизнес режасига анъанавий энергия таъминотини киритадилар. Корхоналар у бор жойда барпо этилади.

– Мамлакатимиз Президентининг 2015–2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфиётини қисқартириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурига доир ПҚ-2343-сон Қарори жуда муҳим бир ҳужжат. 2015 йил 5 майда қабул қилинган ана шу ҳужжатга биноан:

муқобил энергия манбаларидан фойдаланувчи корхоналар ва ташкилотлар (0,1 МВт ва ундан юқори қувватдаги тегишли ускуналарга эга бўлган) ана шу ускуна қисмида мол-мулк солиғини ҳамда бу ускуналар жойлашган участкалар бўйича ер солиғини, шунингдек «Ўзбекэнерго» ДАК таркибий корхоналарига реализация қилинаётган ортиқча энергия қисмида ҚҚС ва фондларга мажбурий ажратмалар тўлашдан 10 йилга озод этилади;

бундай қурилмаларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган (умумий реализация ҳажмида шундай қурилмалар тушуми улуши камида 50% бўлган) корхоналар ва ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан 5 йил муддатга барча турдаги солиқлардан, шунингдек фондларга мажбурий ажратмалардан озод этилади;

2015–2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфиётини қисқартириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш учун олиб кириладиган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, хом ашё ва материаллар, бутловчи приборлар, технологик ҳужжатлар ва эҳтиёт қисмлар (Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича) 2020 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (бундан божхона йиғимлари мустасно) озод этилади.

Аниқроқ бўлиши учун киловаттларни сўмдаги ифодасини келтирамиз:

0,1 МВт = 100 кВт х 12 млн = 1,2 млрд.

Бинобарин, ҳозир 1,2 млрд сўм қийматли қурилмага маблағ киритадиган бўлсак, мазкур қурилма бўйича 10 йил муддатга мол-мулк солиғи тўлашдан озод бўламиз. Борди-ю, шу қурилма ёрдамида ўзимизга керагидан кўпроқ энергия ҳосил қилиб, ортиқча қисмини «Ўзбекэнерго»га сотадиган бўлсак, бу операциялар бўйича ҚҚС тўланмас экан.

Хўжалик айланмасидан 1 млрд сўмдан ортиқ маблағни чиқариш учун, биринчидан, ана шу мақсадга мўлжалланган маблағ бўлиши лозим. Иккинчидан, тушунишимча, ­10-15 йилдан кейин бутловчи буюмларнинг, шу жумладан энг қимматбаҳо компонент – аккумуляторларнинг каттагина қисмини алмаштиришга тўғри келади.

Шу зайил бу ҳозирча анчагина қимматга тушадиган иш деб хулоса чиқариш мумкин.

– Ҳа, юқорида айтиб ўтилганидек, бунақа кўламдор энергия ускунасини бизга буюртирмайдилар. Ҳозир 1-3 кВт ли қурилмалар – харидоргирроқ.

Биздан, масалан, Геология давлат қўмитаси 10 кВт ли ускунани сотиб олди. Бир жойга эмас, киловаттига қараб талайгина жойларга жойлаштиришди. «Трансгазнефтбутлаш» ҳам мижозларимиздан. «Лукойл» ўзининг меҳнат фахрийлари яшайдиган хусусий уйлар ва квартираларга 500 ватт ли қурилма ўрнатиб берди. Бекобод металлургия заводи дам олиш зонаси ва кексалар уйига ҳомийлик ёрдами тариқасида гелиоқурилма ўрнатиб берди. «Фарғонаазот» эса болалар оромгоҳидаги душхоналарни модернизация қилди. Қорақалпоғистонда, Бухоро ва Фарғонада насос станциялари бизнинг техникамиздан фойдаланмоқда.

Яқинда яна бир тендерда ютиб чиқдик. Қорақалпоғистонда Борсакелмас деган жой бор, Нукусдан нақ 700 км олисда. Ўша ерда «Оқтомсук» метео­станцияси, «Сайғоқхона» буюртма қўриқхонаси қароргоҳи, егерлик пункти бор. Уларга 5 кВт ли электр тизимини ўрнатиб бердик – кафолатланган энергия таъминотига эга бўлишди.

 

...автоматик тарзда 5 кВт ни 12 млн га кўпайтирамиз. Бу 60 млн сўм бўлади. Балки ундан ҳам кўпроқ бўлар – Борсакелмас ҳазилакам жойда эмас-ку, ахир...

 

Демак:

● Маҳаллийлаштириш дастури ишлаб чиқарувчининг барча муаммоларини ҳал эта олмайди;

● бугунги кундаги мавжуд шарт-шароитда кўпи билан 3-5 кВт ли, бинобарин кам қувватли гелиотехника ўрнатиш қулайроқдир;

● мамлакатимиз ускуна ишлаб чиқарувчилари ёрдамида масаланинг маҳаллий даражадаги ечимини топиш истеъмолчилар учун мақбул йўлдир.

Мавриди келгани боис шуни айтиш керакки, ўз қадрини биладиган ишлаб чиқарувчи ускуналарини «дўкон орқали» сотмайди, келишув ва маҳсулот етказиб бериш энергоаудитдан, мураккаб муҳандислик ҳисоб-китобларидан ҳамда нарх ҳосил қилишни белгилаб олишдан бошланади. Шу сабабли ҳам биринчи чақириғингизга дарҳол лаббай деб жавоб бермасликлари ҳам мумкин. «Mir Solar»да масалан, маълум бўлишича, муносабат билдиришдан аввал эҳтимол тутилган мижознинг камида икки-уч бор мурожаат қилишини кутадилар. Агар ният жиддий бўлса, ўзлари келиб учрашиб ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиб кўрадилар. «Интеллект-Диалог» ҳам мижозлар билан шу йўсинда ишламоқда.

3. Маҳаллий даражадаги ечим қандай бўлади?

Агар энергия таъминотини тўлиғича, яъни 100% муқобил энергия манбалари зиммасига юклаш ҳозирча мақсадга мувофиқ бўлмаса, масаланинг ана шу ишга кўзланган маблағлар тежалишига олиб келадиган, маҳаллий даражадаги ечимларини ҳамиша ҳам топса бўлади.

 

Ғанижон СОЛИЕВ,

«Интеллект-Диалог» МЧЖ бош директори:

– Кўпинча мендан уйимда 3 кВт ли электр печ бор, унга қандай қилиб қуёш панелини ўрнатиш мумкин деб сўраб қолишади. Бунинг иложи йўқ деб шартта айтаман. Қуёш тафтини электр энергиясига айлантириб, шундан кейингина ундан иссиқлик ишлаб чиқариш мақсади учун фойдаланиш оқилона иш эмас.

Аллақачон ўйлаб топилган бир қурилма бор – уни манифольд дейишади. Бойлердаги суюқлик кундузи Цельсий бўйича 300-400 даражага қадар қизийди ва кечаси билан ана шу иссиқликни қувурлар бўйлаб таратадилар. Бу тизимни зарқоғоз билан ўраш, иссиқлик талафотини камайтириш учун ўрни келганда ҳатто ерга кўмиш зарур. Уйларни иситиш учун ундан фойдаланиш жуда осон.

Бошқа тежамкор ечим ҳам бор, ҳарқалай топса бўлади. Анчайин арзимаган нарсалардан бўлса ҳам тузуккина тежамкорликка эришиш мумкин. Хуллас, жойнинг ўзида энергоаудит қилиб кўриб ҳаммасини – миридан сиригача ҳисоблаб чиқиш керак.

 

Юлия ЯШИНА,

махсус мухбиримиз.

Муаллиф фотолари. 

_____________________________________________

1Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг нарх белгилари анчагина мослашувчан. Уларда прайс деган нарса йўқ, муайян бир мижозни ўзига қараб иш тутишади. Табиийки, бундай ускунани Чирчиқда ўрнатиш Нукусдагига қараганда арзонроққа тушади.

 

Шамол генератори қимматбаҳо аккумуляторлар сонини
икки баравар камайтириш имконини беради.

 

Бугунги мавжуд шароитларда ҳар ким ўзига кичик қувватдаги – 3–5 кВт дан юқори бўлмаган гелиотехникани ўрнатгани фойдалироқ бўлмоқда.

Прочитано: 3986 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика