Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 42 / Сизнинг ҳуқуқингиз

Олий судга қандай қилиб шикоят қилиш мумкин?

Бизнинг МЧЖ йўловчиларни енгил автотранспортда ташиш билан шуғулланади. 2015 йил 25 мартда ДСИ ходимлари бизда қисқа муддатли текширув ўтказишди. Биз у тадбиркорлик субъекти сифатида ҳуқуқларимизни қўпол тарзда бузган ҳолда ўтказилган деб ҳисоблаймиз. Сўнгра солиқ инспекцияси жамиятга нисбатан молиявий санкциялар қўллаш тўғрисида қарор чиқарди. Фикримизча, қарор асосланмаган. Мен судга даъво аризаси бердим, у қондирилди. Шундан кейин ДСИ Олий хўжалик судига кассация шикояти берди. Натижада у биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилди ва, бизнинг фикримизча, солиқ инспекциясининг баҳсли қарорини ўз кучида қолдирди. Шунингдек суд иш ёпилди ва шикоят қилинмайди деб эълон қилди. Мен суднинг бундай ҳужжатига қўшилмайман ва суднинг ҳал қилув қарори устидан назорат тартибида шикоят қилишим мумкин ёки мумкин эмаслигини билмоқчи эдим.

МЧЖ директори.

 

– Хўжалик процессуал кодексининг ­192-моддасига мувофиқ хўжалик судларининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари ва қарорлари ХПКнинг 193-моддасида кўрсатилган мансабдор шахсларнинг протестлари бўйича назорат тартибида қайта кўрилиши мумкин, Олий хўжалик суди Раёсатининг қарорлари бундан мустасно. ОХС раиси ва унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон бош прокурори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикасидаги исталган хўжалик судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари ва қарорлари (юқорида кўрсатилган истиснодан ташқари) устидан протест келтириш ҳуқуқига эгалар.

Агар сизнинг МЧЖ кассация инстанцияси судининг қарори бекор қилинишига эришмоқчи бўлса, у ХПКнинг 192-1-моддасига асосан назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги аризани юқорида санаб ўтилган мансабдор шахслардан исталганига беришга ҳақли. Ариза кассация шикоятининг мазмунига нисбатан ХПК 177-моддасининг биринчи қисми талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Кассация шикоятида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) шикоят йўлланаётган хўжалик судининг номи;

2) шикоят бераётган шахснинг ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи;

3) устидан шикоят берилаётган ҳал қилув қарорини ёки қарорни қабул қилган хўжалик судининг номи, ишнинг тартиб рақами ва ҳал қилув қарори, қарор қабул қилинган сана, низо предмети;

4) шикоят берган шахснинг талаблари, моддий ёхуд процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши нимадан иборатлиги;

5) шикоятга илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

Аризага суднинг ҳал қилув қарори ва кассация инстанцияси қарорининг нусхаларини илова қилишингиз керак. Аризанинг мазмунига ва суд ҳужжатларининг нусхаларини тақдим этишга доир талабларга риоя қилинмаган тақдирда мурожаатингиз қайтарилади.

Ариза бир ойлик муддатда, иш талаб қилиб олинадиган ва текшириладиган ҳолларда эса 2 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши керак. Протест келтириш учун асослар бўлмаганда ариза берган шахсга аризани қаноатлантирмасдан қолдириш сабаблари кўрсатилиб, ёзма жавоб берилиши лозим.

Агар сиз ариза топширган мансабдор шахс протест келтириш учун асосларни кўрса, у протестни иш билан бирга ОХСнинг Раёсатига юбориши керак. Айни вақтда у ишда иштирок этувчи шахсларга – сиз ва ДСИга протестнинг нусхаларини юбориши шарт (ХПК 197-моддасининг биринчи ва учинчи қисмлари).

Протестни кўриш чоғида тушунтиришлар бериш учун ОХС Раёсати мажлисига ишда иштирок этувчи шахслар чақирилиши мумкин. Бунинг учун уларга мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида хабарномалар юборилади. Уларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқишга тўсиқ бўлмайди (ХПКнинг 198-моддаси иккинчи қисми).

ОХС Раёсатининг назорат тартибида ишларни қайта кўриб чиқиш бўйича ваколатлари ХПКнинг 199-моддасида назарда тутилган. Унга кўра мазкур суд органи ишни кўриб:

1) хўжалик судининг ҳал қилув қарорини, қарорини ўзгаришсиз, протестни эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;

2) ҳал қилув қарорини, қарорни тўла ёки қисман бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишга;

3) ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартириб ёки бекор қилиб, ишни янгидан кўришга юбормасдан янги қарор қабул қилишга;

4) ҳал қилув қарорини, қарорни тўла ёки қисман бекор қилиб, иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўла ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;

5) иш бўйича илгари қабул қилинган ҳал қилув қарорлари ёки қарорлардан бирини кучда қолдиришга ҳақли.

Шуни ҳам эътиборда тутиш лозимки, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 3 йил ўтгандан кейин берилган ариза кўриб чиқилмайди.

 

Жавобларни «Norma Profi» эксперти

Камол МУЗАФФАРОВ тайёрлади.

Прочитано: 4752 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2020-03-15 13:52:21, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика