Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 42 / Солиқ маслаҳатчиси тушунтиради

Меҳнат таътилига чиқишда моддий ёрдам олинса...

Корхонамиз ходимлари бир йилда бир марта меҳнат таътилига чиқишади. Меҳнат таътилига чиқишда улар таътил давомида соғлиқларини тиклаб олиш учун моддий ёрдам ҳам сўрашади. Корхонанинг жамоа шартномасида ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида меҳнат таътили даврида соғлиғини тиклаши учун уларга бир ойлик иш ҳақи миқдорида моддий ёрдам берилиши кўрсатилган. Бунда моддий ёрдам ҳаммага эмас, моддий ёрдам зарур бўлган ходимларга уларнинг аризаларига асосан ва касаба уюшмасининг қарорини ҳисобга олган ҳолда берилиши назарда тутилган.

Корхонамизда ўтказилган аудит текширувида мазкур берилган моддий ёрдам суммалари жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқ солиш базасига киришини айтишмоқда.

Солиқ кодексининг 179-моддасида солиқ даври учун энг кам иш ҳақининг ўн икки бараваригача миқдорда моддий ёрдам суммаларига солиқ солинмаслиги белгиланган.

Корхонамиз ходимларига таътил даврида соғлиқларини тиклаш учун бериладиган моддий ёрдам қандай солиқ оқибатларига олиб келиши мумкинлигини тушунтириб беришингизни сўраймиз.

М.Турсунов,

Наманган йўлчилар

малакасини ошириш ўқув маркази бош бухгалтери.

 

– Таҳририятимизга корхона-ташкилотларда моддий ёрдам тушунчаси турлича талқин қилинаётгани ҳоллари баён этилган, бундай ёрдамнинг солиқ оқибатлари тушунтириб берилиши сўралган мурожаатлар келиб тушиши давом этмоқда. Бу ҳол ушбу мавзуда кўплаб мақолалар чоп этилганлигига қарамай, «моддий ёрдам» масаласи янада батафсил ва чуқурроқ ёритилишида эҳтиёж борлигини кўрсатади.

Авваламбор «моддий ёрдам» тушунчасининг Солиқ кодексида белгиланган маъносига эътибор берсак. Кодекснинг 178-моддаси 16-бандига кўра, мақсадли хусусиятга эга бўлган ҳамда ходимлар билан юз берган шахсий тусдаги воқеалар, ҳодисалар ва тадбирлар билан боғлиқ бўлган ҳамда бажариладиган иш натижаларига боғлиқ бўлмаган тўловлар моддий ёрдам деб тушунилади. Эътибор беринг, ходимлар билан юз берган шахсий тусдаги воқеалар, ҳодисалар ва тадбирлар билан боғлиқ бўлган тўловлар!

Шуни аниқ ажратиб олишимиз керакки, моддий ёрдам тўловлари компенсация ва мукофот тўловлари ҳисобланмайди, чунки моддий ёрдам тўловлари уни олувчилар томонидан бажариладиган иш ва унинг натижаларига боғлиқ эмас. Демак, энг аввало, ҳар қандай тўлов унинг қачон амалга оширилиши билан эмас, балки нима мақсадда амалга оширилганлиги билан талқин этилиши керак. Яъни моддий ёрдам қачон берилишидан (кечами, бугунми ёки эртагами ёхуд меҳнат таътилига чиқишдан олдин ёки кейинми) қатъи назар, тўловнинг мақсади унинг асл моҳиятини ифодалайди, буни бошқача талқин қилиш мумкин эмас!

Ходим меҳнат таътилига чиқишида унга моддий ёрдам берса бўладими?

Айрим ҳолларда бухгалтерлар, шу жумладан аудиторлар ҳам, ходимларга моддий ёрдамни таътил пуллари билан бир вақтда тўлашда солиқ оқибатлари вужудга келади деб ҳисоблашади. Чунки кўпинча ушбу тўловлар текширув пайтида назорат қилувчи органлар томонидан Солиқ кодекси 173-моддасининг 4-бандига биноан, таътилга қўшимча тўлов сифатида баҳоланади ва тегишинча, бу тўловларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий суғуртага ажратмалар (ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари) солинади деб хавфсирашади.

Моддий ёрдамни таътилга қўшимча тўлов деб баҳолаш умуман нотўғри. Чунки Солиқ кодексида моддий ёрдамга солиқ солишнинг тартиб-қоидаси аниқ белгилаб берилган ва бу борада икки хил талқинга умуман ўрин қолдирилмаган. Яъни солиқ солиш мақсадида амалга оширилаётган тўлов унинг қачон амалга оширилиши билан эмас, балки нима мақсадда амалга оширилиши билан баҳоланади.

Агар бундай нотўғри талқинга таяниб хулоса қиладиган бўлсак, у ҳолда ходимнинг меҳнат таътили пайтида солиқ оқибатларисиз моддий ёрдам олишга ҳақи йўқми?! Нима учун? Ёки иш пайтида алоҳида касаллик варақаси очдириб, даволаниб бўлгач, кетидан меҳнат таътилига чиқиб дам олиши керакми? Йўқ, албатта.

Ходимнинг қачон дам олиши-ю, қачон моддий ёрдам сўрашини на бухгалтер, на ­аудитор ва на назорат қилувчи орган вакили ўзича белгилашга ҳақли эмаслар.

Айрим ҳолларда бухгалтер, аудитор ёки назорат қилувчи орган вакиллари иш берувчидан меҳнат таътили пайтида моддий ёрдам олиб соғлиғини тиклаган ходимнинг тиббий муассасаларда тиббий кўрикдан ўтганлиги, бошқа муолажалардан (даволаниш, ташхис қўйиш ва ҳоказо) фойдаланганлиги тўғрисида улар ёзиб берган квитанциялар, тўлов счётларини талаб қилишмоқда. Бу ҳам асоссиз – ҳеч қайси меъёрий ҳужжатда назарда тутилмаган талабдир.

Ҳақиқатан ҳам баъзан аудиторлар бошқа ҳолларда бериладиган моддий ёрдамга қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш учун бўлган «кучли хоҳиш»ларини Солиқ кодекси 42-моддасида корхонанинг барча харажатлари тегишли ҳисоб ҳужжатлари билан тасдиқланиши кераклиги билан асослашади. Бунинг учун Солиқ кодекси 22-моддасига мувофиқ ҳужжат билан тасдиқланган харажатларга операция санасини, суммасини, хусусиятини аниқлаш ва унинг иштирокчиларини идентификация қилиш имконини берадиган ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар киришини кўрсатишади.

 

Ваҳоланки бу борада Солиқ кодексининг ­179-моддаси 3-бандига асосан бошқа ҳолларда моддий ёрдамни бериш учун бухгалтерияга ходимнинг аризаси ва бу аризага асосан чиққан раҳбар буйруғининг ўзи кифоя қилади. Чунки ходимнинг раҳбар номига ёзган аризаси ва раҳбар буйруғи Солиқ кодексининг 22-моддасида кўрсатилган операция санасини, суммасини, хусусиятини аниқлаш ва унинг иштирокчиларини идентификация қилиш имконини берадиган ҳужжат ҳисобланади.

 

Мурожаатларда корхоналарнинг жамоа шартномасида меҳнат таътили даврида ходимнинг соғлиғини тиклаши учун моддий ёрдам берилиши кўзда тутилганлиги айтилади. Бу, ўз навбатида, ходимнинг мазкур корхонада унга моддий ёрдам ажратилиши мумкинлигини, унинг ижтимоий ҳимояси таъминланганлигини англатади. Бу эса унинг ўз корхонасига бўлган ҳурматини ошириб, янада самарали меҳнат қилишга ундайди.

Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг (2.07.1992 йилдаги 638-ХII-сон) 8-моддаси билан касаба уюшмаларига ўз аъзоларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя этиш ҳуқуқи берилган. Давлат ва хўжалик идораларининг маъмурияти жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар касаба уюшмаларининг вакиллари шу касаба уюшмаси аъзолари ишлаётган корхоналарга уставда белгиланган вазифаларни ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқларни амалга ошириш учун киришларига тўсқинлик қилишга ҳақли эмас.

Бундан ташқари, кўпчилик ҳолларда моддий ёрдам таътилга чиқаётган ходимларнинг алоҳида бир-икки нафарига эмас, бирваракайига кўпчилигига бир вақтда тўланаётганлиги учун ҳам, бу тўловларни Солиқ кодекси 173-моддасининг 4-бандига асосан «таътилга қўшимча тўлов» сифатида баҳолаб, унга ҳам солиқ, ЯИТ ва суғурта бадалларини ҳисоблаш керак деб ҳисоблашади.

Бу қараш ҳеч қандай қонуний асосга эга эмас. Чунки 500 ёки 600 киши ишлайдиган корхонада ҳар ой ўртача 50-60 киши, ёз–куз ойларида ҳатто 100 нафарга яқин киши меҳнат таътилига чиқади. Таътилга чиқаётган 100 кишининг камида 40-45 нафарига ҳар хил сабабларга кўра моддий ёрдам керак бўлади.

Ходимдан умумий тартибда (яъни, «бошқа ҳолларда») бериладиган моддий ёрдам учун қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш бюрократизмдан бошқа нарса эмас. Шу жумладан ҳеч қаерда кўзда тутилмаган ҳужжатларнинг назорат қилувчи органлар томонидан талаб қилиниши ҳам ноқонунийдир.

Шу ўринда Президентимизнинг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон) Шарҳда мустақиллик йилларида республикамизда иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилгани қайд этилиб, навбатдаги вазифалар қаторида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги мавжуд тўсиқ ва чекловларни тугатиш лозимлиги белгиланган. Бинобарин, ходимларга бериладиган моддий ёрдам юзасидан ҳеч қайси қонун ҳужжатларида кўзда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш ҳам айнан Президентимиз танқид қилиб ўтган бюрократик тўсиқлар сирасига киради, деб ўйлаймиз.

Айтиб ўтиш ўринлики, солиқ маслаҳати соҳасида олиб бораётган фаолиятимиз давомида давлат солиқ хизмати органлари томонидан уларга моддий ёрдам масаласига доир қилинган мурожаатларимиз бўйича ҳам моддий ёрдам олиб, соғлиғини тиклаган ходимдан тиббий муассасаларда тиббий кўрикдан ўтганлиги, бошқа муолажалардан (даволаниш, ташхис қўйиш ва ҳоказо) фойдаланганлиги тўғрисида улар ёзиб берган квитанциялар, тўлов счётлари талаб қилинмаслиги, моддий ёрдам учун ходимнинг аризаси ва раҳбар буйруғининг ўзи етарли асос бўлиши ҳақида тушунтириш берилмоқда.

 

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, муайян миқдордаги моддий ёрдамга унинг қайси пайтда – ходим (ёки бир гуруҳ ходимлар) меҳнат таътилига чиқаётган пайтдами ёки бошқа пайтда берилишидан қатъи назар, фақат ходим аризаси ва раҳбар буйруғи асосида, ундан мақсадли фойдаланилганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлар талаб этилмасдан берилиши ва бундай моддий ёрдамга қонун билан имтиёз белгиланганлиги, яъни унга солиқлар ва ижтимоий суғуртага ажратмалар ҳисобланмаслиги Солиқ кодексида аниқ белгилаб қўйилганлигини барчамиз тўғри қабул қилишимиз ўринли бўлар эди.

 

Жавобни солиқ маслаҳатчиси

Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.

Прочитано: 12618 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика