Солиқ кодексининг 97-моддасига кўра, зарур ҳолларда, солиқ текширувларини ўтказишда иштирок этиш учун эксперт жалб этилиши ва экспертиза тайинланиши мумкин. Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор текширув ўтказаётган мансабдор шахснинг илтимосномаси асосида давлат солиқ хизмати органининг раҳбари томонидан қабул қилинади. Унда экспертизани тайинлаш учун асослар, экспертиза ўтказиши керак бўлган ташкилотнинг номи ёки экспертнинг фамилияси, исми, отасининг исми, эксперт олдига қўйилган масалалар ва эксперт ихтиёрига бериладиган материаллар кўрсатилади.
Экспертнинг хулосаси ёки унинг хулоса бериш имконияти йўқлиги тўғрисидаги хабари текширилаётган шахсга тақдим этилади.
Қуйидаги саволларга ойдинлик киритиб берсангиз:
экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор экспертиза ўтказилиши бошланишидан олдин текширилаётган солиқ тўловчига тақдим қилиниши керакми?
Солиқ тўловчи юқоридаги ҳужжатлардан (қарор, хулоса ёки хабар) нусха олишга ҳақлими?
– Солиқ кодексининг 97 ёки бошқа моддаларида экспертиза тайинлаш тўғрисида қарор текширилаётган шахсга экспертиза ўтказилиши бошланишидан олдин тақдим этилиши кераклиги тўғридан-тўғри кўрсатилмаган. Бироқ, Солиқ кодекси 97-моддасининг саккизинчи қисмига қараганда, текширилаётган шахс жумладан экспертнинг олдига қўшимча масалалар (саволлар) қўйишни сўраш ҳуқуқига эга. Шу боис қарор унга олдин танишиб чиқиш учун экспертиза ўтказилиши бошланишидан аввал тақдим этилса, бу Солиқ кодексининг мазмунига мувофиқ бўлади, аксарият ҳолларда эксперт хулосаси етарлича аниқ ёки тўлиқ бўлмаслиги, шу сабабли қўшимча экспертиза тайинланишининг олдини олади.
Дарвоқе, айрим хорижий давлатларнинг солиққа оид қонун ҳужжатларида бу масала аниқ равишда тартибга солинган. Масалан, Россия Федерацияси Солиқ кодекси 95-моддасининг 6-банди мазмунидан шу келиб чиқадики, экспертиза ўтказилиши бошланишидан олдин экспертизани тайинлаш тўғрисида қарор чиқарган мансабдор шахс текширилаётган шахсни шу қарор билан таништиради ва бу ҳақда баённома тузади. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳам худди шундай қоидани киритиш зарур деб ҳисоблаймиз. Шунда текширилаётган шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари пухта ҳимоя қилиниши янада кафолатланади.
Текширилаётган шахс экспертиза тайинлаш тўғрисида қарорнинг, экспертнинг хулосаси ёки унинг хулоса бериш имконияти йўқлиги тўғрисидаги хабарнинг нусхаларини олишга доир ҳуқуқ Солиқ кодексида ҳамда бошқа солиқ қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган бўлса-да, улардан нусха олиш ман этилмаган. Демак, текширилаётган солиқ тўловчи юқорида номи келтирилган ҳужжатлардан нусха олишга ҳақлидир.
Жавобларни «Norma Profi» эксперти
Камол МУЗАФФАРОВ тайёрлади.