Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 41 / Дунё бўйлаб

Япония: ҳаёт тарзи ва меҳнатга муносабат

Япония европача талқинга кўра олис ва сирли бир мамлакат, аҳолиси кўҳна қитъа кишиларини доимо ҳайратга солиб келади. Япония жамиятида анъаналарнинг аҳамияти бениҳоя катта эканлиги шундай фикрларга туртки бўлган бўлса, эҳтимол. Ҳатто ана шундай ғайриодатий урф-одатларга ҳам кўникиш ҳосил қилиш мумкин эканлигини кўпгина чет элликлар амалда муваффақият билан намойиш этмоқдалар.

 

ЯПОНИЯ АНЪАНАЛАРИ

Ажнабийлар учун Япония ғаройиб, сир-асрорга тўла мамлакат бўлиб, бу ерда анъа­налар жуда кучли. Анъаналарнинг аксарияти Ғарб оламидан келган кишига ғалати, тушунарсиз бўлиб кўриниши мумкин. Масалан, иши яхши деб ҳисобланиши, ҳамкасабаларининг ҳурмат-эътиборини қозониши учун одам умр бўйи битта компанияда ишламоғи керак. Бунинг афзаллик томони ҳам бор, фирма раҳбарияти одатда садоқатни муносиб қадрлайди – баъзан тажрибаси ва билими камроқ бўлса-да, иш стажи салмоқли бўлган мутахассисларни юқорироқ лавозимларга тайинлайди.

Бир тарафдан қараладиган бўлса, барқарорлик яхши нарса, бошқа тарафдан олганда эса, қатъий доирада бўлиш ижодкорлик асосидаги экспериментларга ва ривожланишга халақит бериши мумкин.

Ёшлар орасида ўқиш учун чет элга бориш удум бўлмаган – бундай хулқ-атвор қоидалардан четланиш деб қаралади. Кунчиқар мамлакатда иш берувчи энг яхши чет эл дипломига беписанд қараши мумкин, негаки бу ҳужжат ўз юртида олинмаган. Хорижда ишлаганлик ишга талабгор фойдасини таъминлайдиган кўрсаткич эмас. Ҳатто тажриба ҳам бунда нажот бўла олмайди.

Кунчиқар мамлакатда бухгалтер бўлиш осон. Ҳамма нарса миридан сиригача қоидалар тўпламида қайд этилган бўлиб, хоҳлаган пайтда бу қоидалар билан танишиб чиқиш, кўз югуртириб олиш мумкин. Бу эса ишни янада осонлаштиради.

Бу ерда ҳаётий тажрибаси бой кишиларнинг иззат-ҳурматини ўрнига қўядилар, ёши улуғ ва лавозими катталарга ишда сўзсиз бўйсунадилар, улар ҳақ бўлмаган тақдирда ҳам, эътироз билдирмайдилар. Европа ёки Америкада жойлашган офисда раҳбариятнинг хатосини унинг қўл остидаги хизматчиси далиллар билан аниқ-равшан қилиб кўрсатиб бериши оддий ҳол, аммо Японияда ундай эмас.

Японлар жуда меҳнаткаш халқ, иш вақтидан ташқари ишлашга ҳеч ким ундамаса ҳам, офисдан соат 6 ёки 7 да чиқиб кетиш яхши одат саналмайди. Иш куни одатда соат 6 да тугайди. Аммо ходим қўлида тайинли иши бўлмаса-да, одатда яна бир неча соат ишхонасида бўлади. Одамлар 15–18 соатлаб меҳнат қиладиган ҳоллар ҳам учрайди, аммо эрталаб улар хизматга вақтида етиб келишади. Офисга иш куни бошланишидан камида ярим соат олдин келиш бу ерда қоида бўлиб қолган ҳисоб. Дарвоқе, японлар нуқул ишлашар экан-да, дейиш адолатдан эмас. Улар дам олиш, кўнгил очишни ҳам ўрнига қўядилар. Кечқурунлари барга кириб, тонг отаргача қолиб кетиш, уйга бирров бориб 2–3 соат ухлаб, тетик ва ишчан ҳолатда ишда ҳозир бўлишларига ажабланмаслик керак.

 

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

Япониядаги энг кам иш ҳақи рисоладагидек турмуш даражасини таъмин этишга қодирдир, бу ҳол малакасиз меҳнатга ҳам тўла тааллуқлидир. Шу боисдан бўлса керак, кунчиқар мамлакатга учинчи дунё давлатлари намояндалари танда қўймайдилар. Бинобарин, уларга бу ерда фаррошлик, юкчилик ва қурувчилик ишларида ҳам ўрин йўқ: японларнинг ўзлари ишлашади. Ҳамонки, энг кам иш ҳақи тўкинлик даражасида экан, аҳолининг аксарият қисми оладиган ўртача иш ҳақи табиийки, энг кам иш ҳақидан анчагина ортиқдир. Японияда ҳамма нарса, айниқса уй-жой, каталакдек бўлса ҳам жуда қиммат, электр энергияси ва қиш кунлари жонга оро кирадиган иситиш билан боғлиқ харажатлар ҳазилакам эмас, транспорт, озиқ-овқатлар ҳам мўмайгина пул туради. Қаҳвахона ва ресторандаги таомлар, тиббий хизмат кўрсатиш, болалар учун мўлжалланган хусусий боғчалар ва мактаблар, коллежлар ҳам каттагина чиқим талаб этади. Дарвоқе, японлар чинакам омилкорлик нуқтаи назаридан ер юзи бўйлаб саёҳатларга катта-катта гуруҳ бўлиб чиқадилар – бу анчагина арзонга тушар экан.

 

 

ЯПОНИЯ ҲАҚИДА ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР 

 

Кунчиқар мамлакат

Японлар ўз мамлакатини «нихон» деб атайдилар, буни қуёш юрти, ватани деб таржима қилиш мумкин. Япон императорининг Хитойдаги Суй сулоласи билан ёзишмаларида ҳам айни шу ном қайд этилган. Кейинчалик таржима қатор ўзгартишларга учради ва эндиликда бу давлат қуёш юрти, ватани эмас, балки кунчиқар мамлакат деб юритилмоқда.

 

ФУДЗИ ТОҒИ

Фудзи тоғи Япониянинг рамзи бўлиб, унда рухлар ва илоҳлар истиқомат қилади деб ҳисоблайдилар. XIX асрга қадар бу чўққига аёлларнинг чиқиши ман этилган эди. Эндиликда хоҳлаган одам мазкур чўққига кўтарилиши мумкин.

 

НЕКО ҚАҲВАХОНАСИ

Японияда неко қаҳвахонаси тармоғи кенг қулоч ёйган. Бу емакхонада мушукларни силаш, қўлга олиб эркалаб ўтириш мумкин. Ана шу жонивор бир қанча касалликларни даволашга, асабларни тинчлантиришга қодир деб ҳисоблайдилар бу ерда. Торгина квартирада жонивор боқиш имконияти бўлмаганлиги боис, неко қаҳвахоналарига эҳтиёж кўлами кенгайиб бормоқда.

 

ЧОЙ ЧАҚА

Японияда чой чақа бериш удуми йўқ, кўпчилик буни чинакам ҳақорат деб ҳисоблаши мумкин. Қайд этилган қиймат ҳақи борасида сотувчи ва харидор тенг шароитда, шу боис чой чақа деганлари бунда улар ўртасида тафовут борлигини кўрсатади. Японияда чой чақани саховат белгиси деб эмас, садақа деб қарайдилар.

 

ОСМОНЎПАР БИНО

Осака шаҳридаги «Гейт Тауэр» минораси кўп туристлар эътиборини тортади. Бу 16 қаватли миноранинг ўзига хос жиҳати шундаки, бир неча оралиқ қаватлардан... автомагистраль ўтган. Бу ғалати, ғаройиб конструкция ер мулкдорлари билан шаҳар маъмуриятининг бир муросага келганлиги ҳосиласидир.

 

«Расчёт» журнали материаллари асосида.

Прочитано: 3162 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2017-06-04 10:28:10, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика