Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 41 / Қонунбузарликлар фош этилди

Сохта фармацевтлар

Сифатсиз дори-дармон ва фармацевтика маҳсулотлари инсон учун энг азиз неъмат – сиҳат-саломатликка жиддий хавф туғдириши шубҳасиз. Чунки ҳар хил шароитларда ва белгиланган меъёрларга риоя қилинмаган ҳолда олиб келинган дорилар шифо ўрнига касалликни янада кучайтириб юбориши мумкин. Афсуски ушбу оддий ҳақиқатдан кўз юмган айрим кимсаларни юртдошларимизнинг саломатлиги эмас, мўмай даромад кўпроқ қизиқтираётгани ачинарлидир.

 

«Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, республикамизда дори воситалари ва тиббий буюмларни экспорт ва импорт қилишнинг Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан белгиланган ягона тартиби амал қилади. Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини, шунингдек, республикамизда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини мамлакат ҳудудига импорт қилиш тақиқланади. Шунингдек, хориждан республикамизга олиб кириладиган дори-дармон воситалари албатта давлат тилида маркаланиши шарт.

Аммо ушбу тартибларга риоя қилмасдан, дори-дармон воситалари ва фармацевтика маҳсулотларини ноқонуний олиб ўтишга уринаётган сохта «фармацевтлар» ҳам йўқ эмас. Республикамиз божхоначилари ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда шу турдаги қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.

Жумладан, Тошкент халқаро аэропортида «Деҳли-Тошкент» рейси бўйича парвозини якунлаган О.Р.га тегишли юклар ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, ундаги кийимлар орасига 488 дона турли дори воситалари яширилганлиги фош қилинди. Аниқланишича, ноқонуний равишда олиб киришга уринилган мазкур дориларнинг умумий қиймати қарийб 14 млн сўмни ташкил қилар экан.

Истанбулдан учиб келган С.С. божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниб, йирик миқдордаги дори-дармон воситаларини яширин равишда олиб киришни кўзлади. Аммо божхона кўриги чоғида ушбу шахснинг қиймати 73 млн сўмлик 2 турдаги 316 қути дори воситаларини қинғир йўллар билан олиб кириш режаси барбод бўлди.

Дори-дармон воситаларининг олиб кирилишида таркибида психотроп моддалар бўлган дори воситаларига алоҳида ёндашиш талаб этилади. Чунки жисмоний шахслар олиб кираётган препарат таркибида кам миқдорда бўлса-да гиёҳванд ёки психотроп моддалар мавжуд бўлса ва бу ҳақда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаса, бу ҳолат маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши мумкин.

Аммо амалдаги тартибларга бўйсунмасдан, таркибида психотроп моддалар бўлган дори воситаларини республикамиз божхона чегараларидан яширин тарзда олиб ўтишга уринаётган шахслар ҳам учраб турибди. «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари томонидан ана шундай қонунбузарлардан бир нечтасининг қинғир қилмишларига нуқта қўйилди.

Истанбулга парвози олдидан Д.Б. хонимнинг безовталаниши божхоначиларда шубҳа уйғотди. Шундан сўнг унга тегишли қўл юклари ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда юклар орасида йўловчи божхона декларациясида қайд қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 48 дона «Феназепам» психотроп таблеткалари яширилгани маълум бўлди.

Худди шу турдаги таблеткалардан 50 донасини яширин ҳолда олиб чиқишга уринган фуқаро А.Хегай ҳам «Тошкент-Новосибирк» йўналиши бўйича парвоз олдидан божхоначилар қаршисида ер чизиб қолди.

Москвадан учиб келган К.Таня ҳам таваккалга қўл урди: йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, бу аёл 143 дона «Феназепам» психотроп таблеткаларини ноқонуний равишда олиб киришга уринган пайтида тўхтатиб қолинди.

 

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 90 та қонунбузилиш ҳолатида салкам 250 дона психотроп таблеткалар ҳамда қиймати 730 млн сўмдан ортиқ бўлган тиббиёт буюмлари ва дори-дармон воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

 

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Ҳусен ТАНГРИЕВ,

«Тошкент-Аэро» ИБК

Ахборот хизмати
катта инспектори.

Прочитано: 2012 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика