Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 41 / Дунё бўйлаб

Ҳиндистоннинг тараққиёт омиллари

Ҳиндистоннинг тарихи кўп минг йилликларни қамраб олади, аммо бу кўҳна диёр халқаро сиёсий майдонда салмоқли ўрин тутаётганига унча кўп бўлгани йўқ. Ҳозирги кунда бу мамлакат шиддат билан ривожланиб бормоқда, кўпчилик унинг истиқболи порлоқ эканлигига ишонади.

 

ҲИНДИСТОН ҲАҚИДА МУХТАСАР СЎЗ

Қадимда Ҳиндистон жуда бой-бадавлат давлат эди, у ҳақдаги афсона ва ривоятлар ҳали-ҳануз эл оғзида юради. Мамлакат ниҳоятда равнақ топганлигини шундан ҳам билиш мумкинки, илк дорилфунун айни шу ерда, милоддан аввалги 700 йилда очилган эди. Бироқ ҳинд диёрининг ҳозирги тарихида ярқ этиб кўзга ташланувчи саҳифалар кам. Ҳиндистон узоқ йиллар Британия мустамлакаси бўлиб келди ва 1947 йилдагина мустақилликка эришди. Бу сана давлат ҳаётида туб ўзгариш нуқтаси бўлиб қолди ва иқтисодий тараққиётнинг ёрқин чизгиларини белгилаб берди. Бениҳоя улкан ҳудуд, дарёлар, унумдор ерлар кўплиги, қолаверса, яхши иқлим қишлоқ хўжалиги жадал тарзда ривож топишига олиб келди. Қишлоқ хўжалиги ҳозирги кунда ҳам етакчи тармоқлардан бири бўлиб қолмоқда ва у ялпи ички маҳсулотнинг 27 фоизини, экспорт умумий суммасининг 25 фоизини ташкил этади. Четга асосан ғалла, чой, банан ва манго чиқарилади. Дарвоқе, жаҳон аҳлини айни Ҳиндистон ана шу ажойиб мева – манго билан таъмин этмоқда дейиш мумкин. Бу меванинг 65 фоизи ҳинд диёрида етиштирилади. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 60 фоизидан зиёдроғи қишлоқ хўжалигида банд.

Курраи заминимиздаги инвесторлар Ҳиндистонга қизиқиш ва хайрихоҳлик билан қарайдилар, негаки бу мамлакат тўхтовсиз ўсиб ва ривожланиб бормоқда. Бу ерда мунтазам равишда янгидан-янги завод ва фабрикалар очилмоқда, шу сабабли ҳам маҳаллий бизнес аҳли ва чет элликлар сармоясига талабгор жойлар кўп. Бу гап хусусан иқтисодиётнинг турли соҳаларига тааллуқлидир. Мамлакатда сиёсий вазият барқарор, қонун ҳужжатлари тизими чет элликлар тушунишига ҳам осон, бизнес соҳасида инглиз тилидан фойдаланадилар. Унча катта бўлмаган ҳақ эвазига меҳнат қилишга тайёр ходимлар кўп, уларнинг орасида малакали мутахассислар ҳам бор. Ҳамма жиҳатдан бу давлатнинг истиқболи порлоқ, экспертларнинг прогнозларига қараганда яқин 20 йил ичида Ҳиндистон битта оилада битта фарзанд бўлсин деган сиёсат амал қилаётганлиги туфайли ёш кадрлар етишмаётган Хитойни қувиб ўтади.

 

ДЕҲЛИДАГИ ИШ ШАРОИТЛАРИ

Бугунги кунда Ҳиндистонда банк ва молия секторлари илдам ривожланиб бормоқда, чет эл тижорат тузилмаларининг филиаллари очилмоқда, хорижий мутахассислар таклиф этилмоқда.

Ҳиндистонда темир йўл тармоғи кенг қулоч ёйган. Темир йўллар асфальтланган ёки оддий қопламали йўллардан кўпроқ дейиш мумкин. Мамлакат темир йўллар бошқармасида 1 миллион киши меҳнат қилмоқда.

Ҳиндлар чет элликларга хайрихоҳлик билан қарайдилар. Тўғри, баъзи жойларда ҳушёрликка ундайдилар, ашё ва буюмларни эҳтиёт қилишга ҳаракат қиладилар. Кўпроқ туризм билан боғлиқ жойларда шундай қилишади.

«Расчёт» журнали материали асосида.

 

 

Тарихчиларнинг фикрича, Ҳиндистон курраи заминимиздаги энг кўҳна мамлакатлардан биридир. Унинг тарихи қарийб 10 минг йил деб белгиланади. Саноқнинг ўнлик тизими ва шахмат шу диёрда ихтиро қилинган.

Прочитано: 1931 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика