Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 41 / Солиқ солиш

Ҳамкасбим – чет эллик

Ташкилот чет элликни – Туркия фуқаросини ишга олиш ниятида, миграция хизматига давлат божини тўлади ва рухсатнома олди.

Чет эллик ходимнинг даромадларига солиқ солиш тартиби қандай?

Н.Иноятова,

бухгалтер.

 

– Меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасига келувчи хорижий фуқаро иш берувчи томонидан олинган рухсатнома асосида унинг номига берилган меҳнат фаолияти ҳуқуқи тасдиқномаси бўлгандагина унинг ҳудудида ишлаши мумкин. Тасдиқномани ҳудудий меҳнат органи беради, унинг шакли Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 19.10.1995 йилдаги 408-сон Қарорига 2-илова) 1-иловада келтирилган. Рухсатномани иш берувчига Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги беради.

Чет эл фуқароси бўлган ходимга ЎзР ҳудудида Солиқ кодексига мувофиқ, бироқ халқаро шартномаларни ҳисобга олган ҳолда солиқ солинади. Солиқ солиш унинг республика резиденти ёки норезиденти деб ҳисобланишига ҳам боғлиқ. Резидентлик мезонлари Солиқ кодексининг 19-моддаси билан белгиланган: жисмоний шахс, агар у жорий солиқ даврида тугайдиган ҳар қандай кетма-кет 12 ойлик давр мобайнида республикада жами 183 кун ва ундан кўп вақт яшаган ёки бўлган бўлса, ЎзР резиденти деб эътироф этилади. Агар ушбу муддат худди шу давр мобайнида 183 кундан камни ташкил этса, жисмоний шахс норезидент деб эътироф этилади.

Чет эллик жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикаси резидентининг даромадларига умумбелгиланган тартибда солиқ солинади (Солиқ кодексининг 194-моддаси). Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС) улар йил бошидан олган жами даромаддан келиб чиқиб, ЖШДСнинг белгиланган шкаласи (ставкалари) бўйича ҳисобланади.

Норезидентнинг меҳнат шартномалари (контрактлари) ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ЎзРдаги манбадан олган даромадларига чегирувларсиз тўлов манбаида 20%лик ставкада солиқ солинади (Солиқ кодексининг 182-моддаси). Бироқ сизнинг ҳолатингизда Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари томонидан Даромадларга икки ёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида битим1 имзоланганлигини ҳисобга олиш лозим. Хусусан, унинг 14-моддасида назарда тутилишича, Туркия резиденти (Ўзбекистон Республикаси норезиденти) ЎзРда фаолиятни амалга оширишдан олган даромадига, агар уни олувчи Ўзбекистонда тегишли молия йилида бошланадиган ва тугайдиган исталган 12 ойлик даврда 183 кундан кам вақт бўлган бўлса, Туркияда солиқ солинади. Солиқ кодексининг 195-моддасига кўра бу ҳолда ЎзР норезиденти ДСИга тақдим этган ариза2 асосида республикамизда ЖШДС ушлаб қолинмайди. Ариза 3 нусхада тўлдирилади. 2 нусхаси солиқ органининг белгиси қўйилган ҳолда ариза берувчига қайтарилади, уларнинг бирини у даромад олинган жойга тақдим этади.

Солиқ кодексининг 306-моддасига кўра меҳнат ҳақи тарзидаги даромадлар ягона ижтимоий тўлов (ЯИТ) солиш объекти бўлиб ҳисобланади. Солиқ кодексининг 172-моддасига кўра предмети ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган меҳнат шартномасига (контрактига) ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага мувофиқ жисмоний шахсларга ҳисобланадиган ва тўланадиган барча тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар деб эътироф этилади. Бунда Ўзбекистон ҳамда бошқа давлатларнинг фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар жисмоний шахслар деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 16-моддаси). Бунинг маъноси шуки, сиз чет эллик фуқарога ҳисоблаб ёзган меҳнат ҳақи тарзидаги даромадга ЯИТ солинади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек республикамизда доимий равишда яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўловчилардир (Солиқ кодексининг 305-моддаси). Бунда чет эллик фуқарода ички ишлар органи берган яшаш гувоҳномаси бўлса, у Ўзбекистонда доимий яшовчи ҳисобланади (Хорижий шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси, фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ва фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси тўғрисидаги низомнинг3 2, 4-бандлари). Агар чет эллик ходимингиз ЎзРда яшаш гувоҳномасига эга бўлмаса, у суғурта бадаллари тўловчиси ҳисобланмайди.

ШЖБПҲга бадалларга нисбатан худди шундай тартиб амал қилади. Республика ҳудудида доимий яшайдиган чет эллик фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия таъминоти олиш ҳуқуқига эгалар (Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг4 6-банди). Бунинг маъноси шуки, ЎзРда яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эллик фуқароларгина ШЖБПҲга бадалларни ихтиёрий асосда тўлашлари мумкин.

 

1Тошкент, 8.05.1996 йил. ВМнинг 15.07.1996 йилдаги 251-сон Қарори билан тасдиқланган, 30.09.1997 йилдан кучга кирган.

2Ариза шакли Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 2-илова) келтирилган.

3Президентнинг 26.02.1999 йилдаги ПФ-2240-сон Фармонига 2-илова.

4МВ, ДСҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.


Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Profi» эксперти. 

Прочитано: 2023 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика