«Norma» профессионал ривожланиш марказида ўтказилган ўқув семинари биринчи марта Ўзбекистон солиқ маслаҳатчилари палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди ва у солиқ текширувларига бағишланди. Солиқ текширувлари бизнес фаолиятининг ажралмас қисмидир. Баъзан улар директор билан бош бухгалтерга бир талай нохушликлар келтириб чиқариши мумкин. Ихтилофларга корхона фаолиятини тартибга солувчи қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг ўзгариши сабаб бўлиши мумкин, зеро, уларни англаб етишга баъзида бош бухгалтернинг вақти етмай қолади.
Семинарни ўқув марказининг директори Мўмин АШУРОВ ва Солиқ маслаҳатчилари палатасининг раис ўринбосари Баҳодир НАБИЖОНОВ очишди. Палата аъзолари – «Rastax Group» СМТ директори Татьяна ШАЛУНОВА ва «Prof Tax Audit» СМТ солиқ маслаҳатчиси Дмитрий ЗАГОРНЯКОВ эса семинарни олиб боришди. Улар текширувлар жараёнида аниқланадиган асосий ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг эҳтимолий оқибатларини кўриб чиқдилар, солиқ назорати ва текширувларни ўтказиш чоғида ўзини қандай тутиш кераклиги ҳақида амалий тавсиялар ва маслаҳатлар бердилар.
Шу боис семинарга хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари, бош бухгалтерлар, якка тартибдаги тадбиркорлар бажонидил ташриф буюришди. Аввалига семинар иштирокчиларига текширувларни ташкил этишни тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларни ўтказиш мунтазамлиги тўғрисида ахборот берилди. Экспертлар солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишга мораторий1 тўғрисида ҳам эслатишди. Юридик шахс тугатилганда, қўзғатилган жиноят ишлари доирасида, шунингдек бюджет ва марказлаштирилган маблағлар ҳамда ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолларда ўтказиладиган режадан ташқари текширувлар ушбу қоидадан истиснодир.
Солиқ органлари қарорлари устидан юқори орган ёки судга шикоят қилиш билан боғлиқ масала ҳамда солиқ текшируви натижаларини расмийлаштириш жараёни қизғин муҳокама қилинди.
Семинар охирида иштирокчилар экспертларга ўз саволларини беришди. Уларнинг баъзиларига жавобларни бизнинг мухбиримиз ёзиб олди.
– Хусусий тадбиркорлар фаолиятини текшириш учун қонун билан қандай муддат белгиланган.
– Назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текширишларни ташкиллаштириш тартиби тўғрисида низомнинг2 10-бандига мувофиқ солиқчилар уларни 1 кун давомида режадан ташқари қисқа муддатли, муқобил ёки назорат тартибида текширишлари мумкин. Зарурат бўлганда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашининг қарори билан текшириш ўтказиш муддати 5 иш кунигача узайтирилиши мумкин.
– Техник носоз НКМдан фойдаланиш, шунингдек пластик карточка бўйича тўловларни қабул қилишдан бош тортиш нималарга олиб келади?
– Бундай ҳуқуқбузарликлар ЭКИҲнинг 100 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Улар такроран содир этилганда жарима миқдори ЭКИҲнинг 200 бараваригача кўпаяди (Солиқ кодексининг 119-моддаси).
– Ердан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланиш учун қандай жавобгарлик назарда тутилган?
– Юридик шахслар учун – ер солиғининг 2 баравари миқдорида; жисмоний шахслар учун 1,5 баравари миқдорида жарима назарда тутилган (Солиқ кодексининг 121-моддаси).
– Шаҳарда кишиларни лицензиясиз ташувчи енгил автомобиль ҳайдовчилари оз эмас. Бундай фаолият қонун ҳужжатлари нуқтаи назаридан қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-3-моддасига кўра, йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланадиган фуқароларга ЭКИҲнинг 20 бараваридан 100 бараваригача жарима солинади. Мансабдор шахсларга эса қонун янада кескиндир – уларга ЭКИҲнинг 50 бараваридан 150 бараваригача миқдорда.
– ҚҚС тўламайдиган шахснинг ҳисобварақ-фактурасида қўшилган қиймат солиғи ёки ҚҚС солинмайдиган оборот суммалари акс эттирилганда етказиб берувчига ҚҚСнинг 20%и миқдорида жарима солинади. Товар ёки хизмат харидорига ҳам жарима солинадими?
– Йўқ. Товарлар (ишлар, хизматлар) харидорларига ушбу вазиятда санкциялар қўлланмайди ва улар бюджет билан ҚҚС бўйича қайта ҳисоб-китоб қилмайдилар.
– Товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан тушумни яшириш мезонлари қандай?
– Тушумни яшириш деб қуйидагилар эътироф этилади:
ҳисобга олиш регистрларида акс эттирилмаган ҳужжатнинг мавжудлиги;
реализация қилинганлик тўғрисида далолат берувчи ҳужжатларнинг алмаштирилганлиги, сохталаштирилганлиги, йўқ қилинганлиги;
омбордаги камомад.
– Агар текширув натижалари тўғрисидаги далолатнома корхона томонидан имзоланган бўлса, бу ҳол унинг барча қўшимча ҳисоблаб ёзиш ва санкцияларга розилигини билдирадими?
– Солиқ тўловчининг солиқ текшируви далолатномасидаги имзоси унинг текширув натижаларига розилигини билдирмайди (Солиқ кодексининг 101-моддаси).
– Текширув натижаларидан норози бўлинган тақдирда қандай муддат мобайнида солиқ органларининг қарори устидан шикоят қилиш мумкин?
– Давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига шикоят солиқ тўловчи ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан 30 кун ичида берилади. Шикоятга уни асослантирувчи ҳужжатлар илова қилиниши керак (Солиқ кодексининг 124-моддаси).
– Солиқ текширувларида солиқ маслаҳатчисининг иштирок этиши нимани назарда тутади?
– Одатда бу – текширув бошланишига қадар маслаҳатлар бериш ва уни ўтказиш вақтида кузатиш, натижалар устидан шикоят қилиш (зарурат бўлганда), солиқ органлари ва хўжалик судида вакил бўлишни назарда тутади.
1Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон).
2Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашининг АВ томонидан 3.09.2007 йилда 1712-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Мухбиримиз
Наталья СПИРИДОНОВА
ёзиб олди.