Корхона балансида автомобиль бор. Унга ишончнома директор номига расмийлаштирилган, у автомобилга бензинни ўз ҳисобидан қуйдиради. Текширувчиларнинг таъкидлашларича, бензинни фирма пул ўтказиш йўли билан харид қилиши керак экан. Агар у кирим қилинмаса, машина гаражда туриши керак. Ходим ҳисобидан сотиб олинган бензин эса корхонанинг бошқа даромади ҳисобланади. Бундай таъкид қанчалик тўғри?
Бош бухгалтер.
– Директор номига расмийлаштирилган ишончнома унга автотранспорт воситасидан фойдаланиш ҳуқуқини беради. Бунда автомобилга эгалик қилиш ҳуқуқи корхона ихтиёрида сақланади. Тегишинча, у автомобилни сақлаш ва ундан фойдаланиш харажатларини ҳам қилиши керак.
Директорнинг корхона балансида қайд этилган автомобилга бензин қуйиш бўйича харажатлари Солиқ кодекси 132-моддасининг 4-бандига кўра текин олинган мол-мулк сифатида баҳоланади ва корхонанинг бошқа даромадлари таркибига киритилади. Унга асосий фаолият тури ставкаси бўйича фойда солиғи ва ЯСТ солинади (Солиқ кодексининг 129, 355-моддалари).
ЁММга ҳақни сиз Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга (МБ бошқарувининг АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) мувофиқ корпоратив банк карточкасига асосланиб тўлашингиз мумкин. Бензин харид қилиш харажатлари терминаллар квитанцияларининг асл нусхалари, шунингдек корпоратив карточка воситасида сарфланган маблағлар тўғрисидаги ҳисобот билан тасдиқланиши керак (Низомнинг 7, 10-бандлари). Умумбелгиланган солиқлар тўловчиларининг ҳужжат билан тасдиқланган ЁММ харажатлари фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилади (Солиқ кодексининг 141-моддаси, 142-моддасининг 4-банди). ЯСТ тўловчиларида улар солиқ ҳисоб-китобида ҳисобга олинмайди.
Агар автомобиль унга ижара ёки текин фойдаланиш шартномаси бўйича берилганда эди, директор харид қиладиган бензиннинг қиймати корхона даромади сифатида қаралмас эди.
Светлана КИМ,
«Norma Ekspert» мутахассиси.