Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 28-29 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Марказий банк касса операцияларини юритиш тартибига ўзгартиришлар киритди

Марказий банк Бошқарувининг қарори (АВ томонидан 22.06.2015 йилда 2687-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидалари тасдиқланди СБХ»нинг 7.07.2015 йилдаги 27 (1091)-сони ҳужжатлар пакетида чоп этилган). Илгари амал қилган қоидалар (АВ томонидан 17.12.1998 йилда 565-сон билан рўйхатдан ўтказилган), шунингдек унга доир ўзгартириш ва қўшимчалар ўз кучини йўқотган деб топилди.

Қоидаларнинг амал қилиши банклар, микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар ҳамда «Ўзбекистон почтаси» АЖ томонидан касса операцияларини амалга оширишга нисбатан татбиқ этилмайди.

Чет эл валютасидаги касса операциялари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахслар томонидан чет эл валютасида касса операцияларини юритиш тартибига (АВ томонидан 22.01.1999 йилда 611-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўра амалга оширилади.

Тасдиқланган Қоидаларда аниқлаштирилишича, ташкилотлар иш куни охирида ўз кассаларида қолган нақд пул маблағларини белгиланган лимит доирасида сақлаши мумкин. Лимитни белгилаш ҳар йили январь ойида ташкилот ва банк ўртасидаги келишувга асосан буюртма-ҳисоб-китобга мувофиқ амалга оширилади. Илгари ташкилотлар ўз кассасида кассадаги нақд пул қолдиғи лимитлари доирасида нақд пулга эга бўлишлари ва улардан меъёрлар доирасида тушумдан фойдаланишлари мумкинлиги назарда тутилган эди. Кассалардаги нақд пул қолдиғи лимитлари ва тушумдан фойдаланиш меъёрлари банклар томонидан ушбу ташкилотларнинг раҳбарлари билан келишиб белгиланар эди.

Эндиликда эса белгиланган лимитлар ташкилотнинг нақд пул айланмасидан келиб чиққан ҳолда йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин. Ўртача кунлик нақд пул тушуми ЭКИҲнинг 1 бараварига етмайдиган бўлса, лимит 2 йил муддатга белгиланади. Илгари кўрсатилган лимитлар зарурат бўлганда қайта кўрилиши мумкин эди.

Мулкчилик шаклидан қатъи назар, савдо ва маиший хизматлар соҳаси ташкилотларининг тушумдан иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни тўлашда фойдаланишларини тақиқлайдиган меъёр чиқариб ташланди.

Белгиланишича, бажарилмаган ишлар, кўрсатилмаган хизматлар, қайтарилган товарлар (ишлатилмаган темир йўл чипталари ва авиачипталар, концерт-томошалар учун берилган чипталар ҳамда кўрсатилмаган тиббиёт хизматлари) ҳақи ташкилотнинг кассасига тушган нақд пул тушумлари ҳисобидан қайтарилади. Агар товар, иш ва хизматлар ҳақи банк пластик карталари орқали тўланган бўлса, пул маблағлари 3 иш куни ичида истеъмолчининг банк пластик картаси ҳисобварағига тўлов топшириқномаси асосида ўтказиш орқали қайтарилади.

Худди аввалгидек, ташкилотлар ўз кассасидаги нақд пул маблағларининг белгиланган лимит доирасидан ортиқча қисмини меҳнатга ҳақ тўлаш, мукофотлар, суғурта тўловлари, нафақалар, стипендиялар ва пенсияларни тўлаш учун, банкдан олинган кунни қўшиб ҳисоблаганда 3 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддат мобайнида сақлаш ҳуқуқига эга. Илгари банклардан анча узоқ масофада жойлашган ташкилотлар учун мазкур муддат 5 иш кунини ташкил қилган. Янги Қоидаларда ушбу меъёр мавжуд эмас.

Шунингдек тайёрловчи ташкилотларнинг касса операциялари билан боғлиқ меъёрлар чиқариб ташланди. Масалан, илгари тайёрловчи ташкилотлар учун банкдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини топширувчилар билан ҳисоб-китоб қилишлари учун олинган суммалар касса лимитига киритилмаган. Энди тайёрловчилар касса операцияларини умумий қоидаларга мувофиқ юритадилар.

Белгиланишича, хизмат сафари харажатлари учун бўнак маблағлари кейинчалик ҳисобот топшириш шарти билан нақд пулда ёки ходимнинг банк пластик картаси ҳисобварағига ўтказиб бериш орқали берилади. Хизмат сафари харажатлари учун берилган маблағларнинг сарфланмай қолган қисми хизмат сафари муддати тугаганидан сўнг 3 иш кунидан кечиктирмасдан (илгари – у берилган муддат ўтгач 3 кундан кечиктирмай) ташкилот кассасига нақд пулда қайтарилади. Банк пластик картаси ҳисобварағидаги сарфланмай қолган маблағлар тўлов терминали ёки ходимнинг аризасига асосан банк орқали 5 иш куни ичида қайтарилади.

Қоидаларда банкноталар ва танга пуллар тўловга ноқобил деб топиладиган шикастланишларнинг турлари ҳам белгиланган.

Хусусан, аниқлаштирилишича, ташкилотлар томонидан ҳақиқийлиги шубҳалантирмайдиган ва улар қийматини белгилайдиган сўзлари, Ўзбекистон Республикаси гербининг тасвири, серияси ва рақамлари тўлиқ сақланган банкнотлар, улар умумий ўлчамининг 55 фоизи мавжуд бўлса тўловга қобил бўлиши аниқлаштирилган. Илгари қасддан бузиш изларининг йўқлиги ҳам банкноталарнинг тўловга қобиллиги деб ­эътироф этилган.

Аввалгидек, шикастланиш даражасидан қатъи назар, тўлиқ ҳажмини ва юз томонида қиймат тасвирини сақлаган металл тангалар тўловга қабул қилинади.

Ташкилотлар:

а) исталган қисми, жумладан тўловлилик аломатлари белгиланишига таъсир этадиган даражада тешилган, йиртилган, сийқаланган жойлари, доғлари бўлган, сиёҳда ёзилган;

б) айрим қисмлари шак-шубҳасиз битта билетга тегишли бўлган йиртилган ва елимланган;

в) қийматини кўрсатадиган рақамлар, ёзувлар бўлган қисмлардан ташқари, ўз рангини ўзгартирган, куйган (кўпроқ куйган);

г) тўлиқ ҳажмини сақламаган банкнотларни тўловга қабул қилиш ва пул тушуми таркибида банкларга топшириш лозим.

Ушбу талабларга мувофиқ келмайдиган банкнотлар ва тангалар тўловга яроқсиз ҳисобланади ва банклар томонидан экспертизага қабул қилинади.

Бундан ташқари, энди касса ордерлари кассага топширилгунига қадар ташкилот бухгалтерияси томонидан тегишли равишда мазкур Қоидаларда Касса кирим ордерларини қайд этиш дафтари ва белгиланган шакллар бўйича Касса чиқим ордерларини қайд этиш дафтарида рўйхатга олинади. Касса китоби шакли ҳам ҳужжат билан янгиланди.

Аниқлаштирилишича, агар ташкилотларда ҳар куни умумий суммаси ЭКИҲнинг 1 баравари миқдоригача (илгари – 200 сўмгача) бўлган операциялар амалга оширилса, касса ҳисоботлари 3–5 кунда бир марта тузилиши мумкин. Агар ташкилот нақд пул билан ҳисоб-китобларни умуман амалга оширилмаса, унга касса ҳам керак эмас.

Ўз кучини йўқотган Қоидаларда муҳр шикастланган ёки олиб қўйилган, касса хонасининг қулфлари, эшиклари ёки панжаралари синган тақдирда ташкилот ички органларининг рухсатидан сўнг текшириш далолатномаси тузишга мажбурлиги назарда тутилган эди. Янги Қоидаларда ушбу меъёр олиб ташланди.

Шунингдек янги Қоидаларда кассир вазифаларини бухгалтерлар ва касса ҳужжатларини имзолаш ҳуқуқига эга бўлган бошқа ходимлар бажаришини тақиқлаш мавжуд эмас. Шу муносабат билан белгиланишича, штатлар жадвалида кассир штат бирлиги назарда тутилмаган ташкилотларда касса операцияларини бажариш вазифаси бирорта ходим(лар) зиммасига ташкилот раҳбарининг буйруғи (қарори) асосида юклатилиши мумкин.

Аввалгидек, ташкилот кассасида ҳар чоракда камида бир марта тафтиш ўтказилиб, кассадаги барча нақд пул ва бошқа қимматликлар бирма-бир қайта саналиб, текширилиши шарт. Инвентаризацияни (текширишни) бошлашдан олдин ҳар бир моддий жавобгар шахсдан тилхат олинади. Инвентаризация натижалари бўйича инвентаризация комиссияси 2 нусхада эркин шаклда далолатнома тузади, уларнинг бир нусхаси ташкилот бухгалтериясига топширилади, иккинчи нусхаси моддий жавобгар шахсда қолади. У алмашганда далолатнома 3 нусхада тузилади. Илгари тилхат ва инвентаризация далолатномани тасдиқланган шаклда бир ҳужжат билан расмийлаштирилган.

Юқори ташкилотлар ўзларига тегишли барча ташкилотларда албатта кассани тафтиш қилишлари, банклар ташкилотлар томонидан касса операцияларини юритиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилишлари, ички ишлар органлари эса касса хоналарини техник жиҳатдан мустаҳкамлигини текширишлари шарт бўлган меъёрлар ҳам Қоидаларнинг янги таҳририга кирмади.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 29.06.2015 йилдаги 25 (081)-сонида расмий тарзда чоп этилган кундан бошлаб кучга киради.


Шарҳни «Norma Profi» эксперти

Сардор ЖУМАШОВ тайёрлади. 

Прочитано: 3018 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика