Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 26 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Ёнғиндан кейин

Жорий йилнинг 5 ойи ичида ёнғин техник экспертизаси бўйича эксперт амалиётининг таҳлили бундай текширишлар турли сабабларга кўра юз берган ёнғин ҳолатлари бўйича тайинлаганлигини кўрсатди.

 

Ёнғин техник экспертизаси юз берган ёнғин сабабларини аниқлаш, унинг бошланиши, топилиши, авж олиши, ёнишининг барҳам топиши ҳолатлари ва бунга имкон яратувчи шароитларни аниқлаш зарурати вужудга келган ҳолларда суд томонидан тайинланади ёки жисмоний ёхуд юридик шахсларнинг аризасига кўра ўтказилади.

Ёнғин сабабларини аниқлаш – ёнғин юзасидан текширув ўтказувчи органларнинг асосий вазифаларидан бири. Ёнғин ҳолати муносабати билан кейинги ҳаракатларнинг йўналиши шунга боғлиқ.

Ёниш сабабини аниқлаб, айбдор шахсларни белгилаш, демак, улардан ёнғин етказган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳам мумкин. Айни вақтда ёнғин объектининг ёнғинга қарши ҳолати учун жавобгар бўлган шахслар жиноий ҳаракатлари учун таъқиб қилинишлари ҳам мумкин, чунки уларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ ҳаракатлари ёки ҳаракатсизликлари нафақат сезиларли моддий зарарга, балки ёнғинда кишиларнинг қурбон бўлишларига ҳам олиб келиши мумкин.

Ёнғинларнинг сабаблари одатда 3 гуруҳга бўлинади.

Биринчи гуруҳга эҳтиётсизлик, олов билан пала-партиш муносабатда бўлиш, шунингдек ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаслик билан боғлиқ сабаблар киради.

Иккинчи гуруҳга табиат кучларининг таъсири юзага келтирган сабаблар киритилади: ўзидан ўзи ёниш, чақмоқ разрядлари, қуёш нурлари таъсири ва баъзи бошқа ҳоллар.

Учинчи гуруҳни турли сабаб-важларга кўра содир этиладиган ўт қўйиш ҳоллари ташкил этади. Кўпинча ёнғинлар кишиларнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги натижасида юзага келади. Чунончи, қонунга кўра муайян объектнинг нормал ишлаши ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш шарт бўлган шахслар йўл қўйган жиноий совуққонлик туфайли ёнғин юз бериши мумкин. Масалан, носоз сим ўз вақтида таъмирланмаса, бу ўт чиқишига олиб келиши мумкин.

 

Ёнғин экспертизаси ёнғиннинг авж олиши ва тарқаш механизми билан боғлиқ саволларга ҳам жавоб беради. Маълумки, биргина жойда (хонада) оловнинг тарқалиши ёнувчи конструкциялар ва материалларнинг ёнғин зонасида жойлашиши, ўт олиш ва ёнғиннинг авж олиши пайтида ҳаво оқимининг мавжудлиги, ёниш манбаининг хонада жойлашиши ва кўплаб бошқа омиллар сингари шароитларга қараб фарқланиши мумкин. Шу сабабли текширув тайинланганда экспертнинг ёнғин объектига кириши таъминланиши керак. Ёнғин бўлган жойнинг эксперт томонидан синчиклаб кўздан кечирилиши нафақат ёниш ўчоғини, балки унинг тарқалиши ва ҳатто ўчирилишининг баъзи хусусиятларини ҳам кўрсатадиган асосий аломатларни белгилаш имконини беради. Бу эса кейинчалик судга ёнғин пайтида юз берган манзарани янада тўлиқ кўрсатувчи хулоса тақдим этиш имконини беради.

 

Ёнғин жиноий ҳаракатлар – мол-мулкни йўқ қилиш ёки шикастлашга ёхуд бошқа жиноятни яширишга йўналтирилган ўт қўйиш* натижаси ҳам бўлиши мумкин. Масалан, ўғирлик изларини ёки уйда содир этилган қотилликни яшириш учун жиноятчи уйга ўт қўйиши мумкин.

Мазкур ишлар тоифасининг эксперт амалиёти кўрсатишича, аксар ҳолларда жиноят объектлари бўлиб фуқароларнинг ҳовли иморатлари ва турар жойлари, шунингдек эгалари кечаси турар жойларнинг ҳовлилари ва қўриқланмайдиган ҳудудларда қолдирган автотранспорт воситалари ҳисобланади. Уларни безорилик мақсадида ёки эгаларидан ўч олиш ниятида ёқиб юборадилар.

Баъзан нафақат юз берган ёнғин ўчоғи ва сабабини, балки бирор-бир узел ёки агрегатнинг носозлиги сабабини ҳам аниқлаш зарур бўлса, автомобиль ёниши ҳолати бўйича комплекс экспертиза тайинланади. Мазкур экспертизани ёнғин техникаси ва автотехник экспертлари биргаликда ўтказадилар. Бунда нафақат объектнинг ўзи, балки унинг техник ҳужжатлари ҳам текширилади, иш материалларидан ёнғинни аниқлаш, унинг тарқалиши, уни ўчириш тўғрисидаги маълумотлар таҳлили ўтказилади. Шунингдек, юз берган ёнғинга дахлдор бўлиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар ўрганилади, ёнишга ҳамроҳ бўлган жараёнлар моделлаштирилади.

Шундай бир ҳодисани эслайман. Бир куни Марказимизга ёнғин иши бўйича суд-кимёвий ва ёнғин техник экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор келиб тушди. Ашёвий далиллар ва иш материаллари тақдим этилди. Экспертиза ҳал этиши учун ёнғин сабаблари тўғрисидаги саволлар қўйилди.

Иш материалларини ўрганиш жараёнида ва воқеа юз берган жойни кўздан кечириш натижасида қуйидаги ҳолат аниқланди. Кечқурун ишдан шахсий автомобилда келган фуқаро Н. уни уй олдида қолдирган. Тонгги соат тўрт яримда қўшнилар унга автомашинаси ёнаётганлигини хабар қилишган. Улар ўт ўчириш хизматига ҳам қўнғироқ қилишган. Яхшиямки, тез етиб келган ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчиришган. Бироқ автомобиль анчагина шикастланган.

Ёниб кетган машинани кўздан кечирганда экспертлар ёнғиннинг 2 ўчоғини аниқлашган: капотнинг олд қисми ва юкхонанинг орқа қисмида. Экспертларнинг хулосалари бир хил эди – ўт қўйиш ҳолати юз берган.

Ушбу воқеани ҳикоя қиларканман, фуқароларимизни ҳушёр бўлишга ва ўз автотранспорт воситаларини қўриқланмайдиган жойларда, турар жойлар яқини ва болалар майдончаларида қолдирмасликка чақирмоқчиман.

Ҳусан ЮНУСОВ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат суд эксперти.

 

*Ўт қўйиш жиноят содир этиш усули сифатида олов воситасида бошқаларнинг мол-мулкини қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш деб эътироф этилади.

Прочитано: 2476 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика