Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 26 / Қонун ҳужжатлари лойиҳалари

Бухгалтерия ҳисоби: ўзгаришлар юз беради

ВМнинг «Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (2.12.2014 йилдаги 328-сон) мувофиқ жорий йил бошида Интерактив давлат хизматлари ягона порталида (ИДХЯП) ишлаб чиқилаётган тадбиркорлик фаолиятига таъсир кўрсатувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар (бундан кейин – МҲҲ) лойиҳаларини муҳокама қилиш тизими ишга туширилди. МҲҲ лойиҳаларини уларнинг ишлаб чиқувчилар – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари жойлаштирадилар. Ушбу тизим туфайли аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари тадбиркорлик соҳасида ишлаб чиқилаётган лойиҳалар ва қабул қилинган МҲҲлар муҳокамасида иштирок этиш, уларга доир ўз шарҳлари ва мулоҳазаларини чоп этиш имкониятига эга бўлдилар.

2015 йил 27 майдан бошлаб ишлаб чиқилаётган лойиҳалар ва амал қилаётган МҲҲларни муҳокама қилиш тизими regulation.gov.uz манзли бўйича алоҳида интерактив порталга ўтказилди.

Юқорида кўрсатилган Қарорни бажариш доирасида Молия вазирлиги томонидан «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги»ги қонун лойиҳаси муҳокамага тақдим этилди.

 

 

Лойиҳа «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга (бундан кейин – Қонун) янги моддалар киритишни ҳамда амалдаги моддаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Хусусан, қуйидагилар таклиф этилади:

бухгалтерия ҳисоби субъектлари (бундан кейин – субъектлар) рўйхатини тўлдириш. Ҳозирги вақтда бундай субъектлар ЎзРда рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар, уларнинг шуъба корхоналари, филиаллари, ваколатхоналари ҳамда республика ҳудуди ва ундан ташқарида жойлашган бошқа таркибий бўлинмалари, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳисобланади. Ўзгартиришлар қабул қилиниши билан бухгалтерия ҳисобини юритиш мажбурияти республика ҳудудида жойлашган хорижий юридик шахсларнинг филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа таркибий бўлинмаларига ҳам юкланади (агар халқаро шартномаларда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса);

жамлама (синтетик), таҳлилий ҳисоб ва хўжалик операцияси тушунчаларини таърифлаш. Бунда жамлама ҳисоб бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган тартибда юритилиши, таҳлилий ҳисоб тартибини эса субъект мустақил равишда белгилаши аниқлаштирилди;

бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботларини Марказий банк тартибга соладиган субъектлар рўйхатини аниқлаштириш: банклардан ташқари, бундай субъектларга бошқа кредит ташкилотлари ҳам киритилади. «Кредит ташкилотлари» тушунчасини Солиқ кодексининг 22-моддаси очиб беради – булар банклар, микрокредит ташкилотлари, гаровхоналар ва тегишли лицензияга эга бўлган бошқа кредит ташкилотларидир;

ҳужжатларга имзо қўйиш ҳуқуқи тўғрисидаги қоидани аниқлаштириш. Маълумки, раҳбар имзо қўйиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг иккита рўйхатини тасдиқлаши шарт: биринчи рўйхат – раҳбарлик вазифаларини амалга оширадиган шахслар ва иккинчи рўйхат – бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифалари. Қонун шунингдек раҳбарга бухгалтерия ҳисобини мустақил равишда юритиш, яъни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини ўз зиммасига қабул қилиш ҳуқуқини беради. Бундай ҳолларда, Қонунда назарда тутилганидек, иккала рўйхатда раҳбар ўзини кўрсатади;

бирламчи ҳужжатлар реквизитлари жумласида хўжалик операциясининг ўлчов бирликлари, уни содир этиш ва тўғри расмийлаштирилганлиги учун масъул бўлган шахслар лавозимларининг номи, шунингдек уларнинг фамилиялари ва инициаллари билан бирга имзолари ёки ушбу шахсларни идентификациялаш учун зарур бўлган бошқа реквизитларнинг албатта бўлишини белгилаш. Мисол учун, паспорт маълумотлари, СТИР ана шундай реквизитлар бўлиши мумкин;

электрон шаклда тақдим этилган бирламчи ҳисоб ҳужжатларининг албатта электрон рақамли имзо (ЭРИ) билан тасдиқланишини белгилаш;

бухгалтерия ҳисоби регистрларининг мажбурий реквизитлари рўйхати ва уларни электрон шаклда яратиш имкониятини белгилаш;

хусусий капиталнинг ҳисобини юритиш тўғрисидаги моддада қўшилган ва захира капиталлар тушунчасига тузатиш киритиш;

юридик шахслар томонидан консолидацияланган молиявий ҳисобот тузиш тартибини аниқлаштириш;

акциядорлик жамиятлари, суғурта компаниялари, банклар, фонд ва товар биржалари, инвестиция фондлари ва бошқа молиявий ташкилотларнинг йиллик молиявий ҳисоботини мажбурий тарзда чоп этишлари муддатини белгилаш. Қонуннинг амалдаги таҳририда мазкур аудиторлар томонидан тасдиқлангандан кейин ҳисоботни чоп этиш муддати ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 майи билан чекланган. Лойиҳада эса ҳисоботни аудиторлик хулосаси билан бирга акциядорларнинг ёки субъектни бошқарувчи бошқа юқори органнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказилгандан кейин 2 ҳафта мобайнида чоп этиш назарда тутилган. Эслатиб ўтамиз, муайян субъектлар мажбурий аудитдан ўтказилиши керак. Уларнинг рўйхати «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг1 10-моддасида келтирилган, уни ўтказиш муддатлари эса Мажбурий аудиторлик текширувини ўтказишдан бўйин товлаганлик учун хўжалик юритувчи субъектлардан жарима ундириш тартиби тўғрисида низомда2 назарда тутилган – ўтган йил учун йиллик молиявий ҳисобот бўйича ҳисобот йилининг 1 майигача. Акциядорлик жамиятлари, мисол учун, акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишини молия йили тугаганидан кейин 6 ойдан кечиктирмай ўтказиши керак;

бирламчи ҳисоб ҳужжатлари, бухгалтерия ҳисоби регистрлари, бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни ҳамда молиявий ҳисоботни сақлашнинг ягона энг кам муддатини белгилаш – ҳисобот йили (даври)дан кейин камида 5 йил. Қонуннинг амалдаги таҳририда бирламчи ҳужжатлар, бухгалтерия регистрлари ва компьютер ҳисоби маълумотлари учун сақлашнинг энг кам муддати қилиб 3 йил белгиланган. Бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш муддатининг ўзгартирилиши Қонун ва Солиқ кодекси қоидалари мувофиқлаштирилишига олиб келади, Кодекснинг 47-моддасида белгиланишича, солиқ ҳисоботи давлат солиқ хизмати органларида ва солиқ тўловчида солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати мобайнида сақланади. Ушбу муддат эса Кодекснинг 38-моддасида белгиланган – солиқ даври тугаганидан кейин 5 йил. Бошқача қилиб айтганда, ушбу муддат мобайнида солиқ органлари ҳисобланган солиқлар ва мажбурий тўловлар суммасини ҳисоблаб ёзишлари ёки қайта кўриб чиқишлари мумкин, солиқ тўловчи эса улар бўйича ортиқча тўланган суммаларни ҳисобга киритиш ёки қайтаришни талаб қилишга ҳақлидир.

Шунингдек Қонунни янги моддалар билан тўлдириш режалаштириляпти:

2-1бухгалтерия ҳисоби тушунчасини барча хўжалик операцияларининг ялпи, узлуксиз, ҳужжатли ҳисобини юритиш йўли билан бухгалтерия ахборотини йиғиш, рўйхатга олиш ва умумлаштириш, шунингдек унинг асосида молиявий ҳисобот тузишнинг тартибга солинган тизими сифатида очиб беради;

5-1 – бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларига (БҲМС) мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритиш, молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тузиш қоидаларини белгилайди. Шунингдек субъектларга молиявий ҳисобот халқаро стандартларини (МҲХС) қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда қўллаш ҳуқуқини беради;

7-1 – бухгалтерия хизмати раҳбарига қўйиладиган талабларни назарда тутади. Хусусан, у бош бухгалтер ҳам, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарувини юритадиган бошқа мансабдор шахс ҳам бўлиши мумкин.

Фикримизча, субъект барча ходимларининг хўжалик операцияларини ҳужжат билан расмийлаштириш ва уларни бухгалтерияга тақдим этиш бўйича бухгалтерия хизмати раҳбарининг талабларига риоя этишларига доир қонун ҳужжатлари билан белгиланган мажбурияти бухгалтерлар учун жуда аҳамиятли янгилик бўлади. Шубҳасиз, барча бухгалтерлар Қонуннинг бирор-бир хўжалик операциялари бўйича субъект раҳбари билан бухгалтерия хизмати раҳбари ўртасида келишмовчиликлар вужудга келган тақдирда уларга доир ҳужжатлар бундай операцияларни амалга оширишнинг оқибатлари учун якка ўзи жавобгар бўладиган субъект раҳбарининг ёзма фармойиши билан ижрога қабул қилиниши мумкинлиги хусусидаги янги қоидасини муносиб баҳолайдилар.

Янги моддада бухгалтерия хизматининг:

 акциядорлик жамиятларининг;

 суғурта ташкилотларининг;

 инвестиция фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахслар маблағларини жамлайдиган бошқа фондларнинг;

 маблағларининг юзага келиш манбалари юридик ва жисмоний шахсларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбурий ажратмалари ҳисобланган хайрия ва бошқа жамоат фондлари, бюджетдан ташқари фондларнинг;

 устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат унитар корхоналарининг раҳбарини тайинлаш чоғида қўйилиши керак бўлган мажбурий талаблар белгиланган.

Бундай талабларга қуйидагилар киради: бухгалтерия ҳисоби ёки аудит йўналишлари бўйича олий иқтисодий маълумотга ҳамда кейинги 10 календарь йил ичида камида 3 йил (бошқа йўналишлар бўйича олий иқтисодий маълумот мавжуд бўлганда – камида 5 йил) улар билан боғлиқ иш стажига эга бўлиш; олиб ташланмаган ёки сўндирилмаган судланишнинг йўқлиги.

Банклар ва бошқа кредит ташкилотларининг бухгалтерия хизмати раҳбарларига нисбатан талабларни Марказий банк белгилайди.

Субъект раҳбари зиммасига бухгалтерия хизмати раҳбарининг 3 йилда бир марта малака ошириш курсидан ўтиши имкониятини таъминлаш мажбурияти юкланади;

15-1 – субъектларни ички назоратни ташкил этишга, яъни самарали молия-хўжалик фаолиятини таъминлаш учун муайян қоидалар ва тартибларни белгилашга мажбур этади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳа муҳокама қилиш ва келишиш босқичида турибди. 2015 йил 15 июлгача муҳокамада иштирок этишингиз, ўз таклифларингизни киритишингиз мумкин. Шуни ҳам эътиборда тутиш лозимки, лойиҳа ўзгартирилиши, унга тузатишлар киритилиши ва ҳатто рад этилиши мумкин.

 

19.12.1992 йилдаги 734-XII-сон, 26.05.2000 йилдаги 78-II-сон Қонун таҳририда.

2ВМнинг 22.09.2000 йилдаги 365-сон Қарорига 2-илова.


Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Profi» эксперти. 

Прочитано: 4084 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика