НИЗОНИНГ МОҲИЯТИ
АЖ етказиб берилган ускуна учун МЧЖдан 100 млн сўм миқдорида қарздор бўлди.
Учинчи шахслар олдидаги шартномавий мажбуриятларни бажариш учун МЧЖ банкдан мақсадли кредит олишга қарор қилди. АЖдан унга доир кафил бўлишни сўраб, унинг розилигини олди. Банк, МЧЖ ва АЖ кафиллик шартномаси туздилар.
Кредит тўловларини ўз вақтида тўлаш мумкин бўлмаганлиги боис МЧЖ кейинроқ унинг учун кредит бўйича 100 млн сўм тўлашни илтимос қилиб, АЖга мурожаат этди, у айни шундай қилди. Сўнгра АЖ ушбу суммани ускуна бўйича ўз қарзини сўндиришга ҳисобга олди ва бир тарафлама тартибда имзоланган ўзаро ҳисоб-китоблар солиштирма далолатномасини юборди. Бироқ МЧЖ рад жавоби берди, чунки унинг фикрича, шартномада назарда тутилган неустойкани ҳисобга олганда, АЖнинг қарзи 140 млн сўмни ташкил этади. Кейинроқ у хўжалик судига 100 млн сўм асосий қарз, ўз вақтида тўламаганлик учун 40 млн сўм пеня, 1,4 млн сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш хусусида мурожаат қилди. АЖ кафиллик шартномаси бўйича тўланган 100 млн сўмни ҳисобга олишни талаб қилиб, қарши даъво берди.
МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ
– Сотувчи (МЧЖ) ва харидор (АЖ) ускуна олди-сотдиси шартномасини тузганлар. Сотувчи ўзининг шартномавий мажбуриятларини тўлиқ бажариб, ўз вақтида 200 млн сўмлик товарни етказиб берди. Бироқ харидор йил давомида етказиб берилган товар учун ҳақни тўлиқ ҳажмда тўламаган. Шу сабабли у 100 млн сўмни, шунингдек шартномада назарда тутилган пеня ва суд харажатларини тўлаши шарт.
АЖнинг ПОЗИЦИЯСИ
– Олди-сотди шартномаси бўйича биз олдиндан 100 млн сўм тўладик. Бироқ вақтинчалик молиявий қийинчиликлар ва буюртмачи билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинмаганлиги туфайли қолган 100 млн сўмни тўлай олмадик. Шу билан бирга АЖ кафиллик шартномаси бўйича МЧЖ учун банкка 100 млн сўм тўлади ва шу сабабли мазкур суммани ҳисобга олганлиги тўғрисида ёзма равишда эълон қилди. Жавобгар мушкул мулкий ҳолати ҳамда буюртмачи – давлат муассасаси билан унга доир ҳисоб-китобни ўз вақтида қилмаганлиги сабабли тўлов кечиктирилишида айбининг йўқлиги боис пеняни камайтиришни сўрайди.
СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, низо моҳиятида баён этилган ҳолатларни аниқлади.
Даъвони кўриш давомида акциядорлик жамияти 100 млн сўм миқдоридаги қарзни ҳисобга олиш тўғрисида қарши даъво билдирган.
Хўжалик суди Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 14 ва 324-моддаларига асосланиб, харидорнинг қарзни эътироф этиши муносабати билан, шунингдек ФКнинг 343-моддаси ва Хўжалик процессуал кодексининг (бундан кейин – ХПК) 120-моддаси қоидаларини ҳисобга олиб, МЧЖнинг даъво аризасини қисман қондирди.
Суд:
жавобгар даъвогар учун кредит бўйича 100 млн сўм тўлаганлиги туфайли даъво талабларини асосий қарз қисмида қондиришни рад этди;
40 млн сўм пеня ундириш тўғрисидаги талабнинг ФКнинг 324 ва 333-моддаларига мувофиқ асосланганлигини белгилади, ФКнинг 326-моддасига асосан пеняни 25 млн сўмгача камайтиришни мумкин деб ҳисоблади;
суд харажатларини ХПКнинг 95-моддасига кўра қондирилган даъво талабларига мутаносиб равишда: 1 млн сўм давлат божини асосий қарзнинг бир қисмини рад этиш туфайли ва 1 млн сўм миқдорида қарши даъво берганлик учун даъвогарга ўтказиш, 400 минг сўм давлат божи, 7 200 сўм почта харажатларини жавобгардан ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.
ЮРИСТ ШАРҲИ
Олди-сотди шартномаси бўйича сотувчи товарни сотиб олувчига мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун томонларнинг келишувига кўра белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 386-моддаси). Кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади (ФКнинг 292-моддаси). ФКнинг 295-моддаси биринчи қисмига кўра, мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади.
ФКнинг 343-моддасига мувофиқ муддати тўлган ёки муддати кўрсатилмаган ёхуд талаб қилиш пайти билан белгиланган муқобил ўхшаш талаб ҳисобга ўтказилиши билан мажбурият тўлиқ ёки қисман бекор бўлади. Ҳисобга ўтказиш учун бир тарафнинг аризаси кифоя қилади.
ХПКнинг 120-моддасига мувофиқ, жавобгар иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқиш учун даъвогарга қарши даъво тақдим этишга ҳақлидир. У қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
1) қарши талаб дастлабки талабни ҳисобга қабул қилишга қаратилган бўлса;
2) қарши даъвони қаноатлантириш дастлабки даъвони қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман мумкин бўлмайдиган қилиб қўйса;
3) қарши даъво билан дастлабки даъво ўртасида ўзаро боғлиқлик бўлиб, уларни биргаликда кўриб чиқиш низони тез ва тўғри кўришга олиб келса.
Ушбу қоидаларнинг ҳаммаси муқобил ўхшаш талабларни ҳисобга ўтказиш тўғрисидаги талабнинг асосланганлиги ва асосий қарзни тўлаш тўғрисидаги даъво талабларининг асоссизлигини кўрсатади.
ФКнинг 333-моддаси биринчи қисмига асосан қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. Уни бажариш турларидан бири неустойка ҳисобланади, яъни қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгиланган, қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси ҳисобланади (ФКнинг 260-моддаси). Неустойка жарима ёки пеня шаклида бўлади (ФКнинг 261-моддаси). Шу сабабли неустойка тўлаш тўғрисидаги талаб асослидир. ФКнинг 326-моддасига мувофиқ суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак.
Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, суд даъво талабларини қисман қондириш ва суд харажатларини мутаносиб равишда камайтириш тўғрисида қонунга мувофиқ ҳал қилув қарорини қабул қилган.
Павел СИЛЬНОВ,
адвокат.