Norma.uz

Иштирокчи битта бўлса

Бизнинг МЧЖ Фарғона вилоятида жойлашган, автобусларда йўловчиларни ташиш билан шуғулланади. Муассис Тошкент вилоятида яна бир МЧЖни рўйхатдан ўтказди. У бошқа жамият балансига бериш учун биринчи жамият балансидан бир нечта транспорт воситасини олишга қарор қилди. Бунинг учун биз тегишли ҳужжатлар билан ДЙҲХХга мурожаат қилдик. У ерда бизга аввал нотариал идорада олди-сотди ёки ҳадя шартномасини расмийлаштиришимиз кераклигини айтишди. Ҳужжатларни текшириб чиқиб, нотариус бизни қайтадан ДЙҲХХга жўнатиб, автомашинани муассиснинг қарори билан нотариал расмийлаштиришсиз қайта рўйхатдан ўтказишимиз мумкинлигини айтди. ДЙҲХХ транспорт воситаларига ҳуқуқларнинг ўтишини нотариал расмийлаштиришни талаб қиляпти, чунки бошқача амалиёт бўлмаган.

Агар уларнинг муассислари 100% улушли биргина жисмоний шахс бўлса, транспорт воситасини бир юридик шахсдан бошқасига қайта расмийлаштириш таомилини тушунтириб берсангиз.

М.Кенжаев,

МЧЖ бухгалтери.

 

– Фуқаролик кодексининг (ФК) 110-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ битимларни:

1) қонунда кўрсатилган ҳолларда;

2) тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқлаш шарт.

Сизнинг хатингизда автотранспорт воситасининг олди-сотди ва ҳадя қилиш битимлари тилга олинади. Масалани улар нотариал тартибда тасдиқланиши керак ёки керак эмаслигини аниқлашдан бошлаймиз.

ФКнинг 386-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилишича, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Бундай мажбурийликни истисно этадиган автомототранспортни реализация қилиш ҳоллари Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон Қарори билан тасдиқланган) 3-бандида кўрсатилган.

Бинобарин, сизнинг ва бошқа МЧЖ (Тошкент вилоятидаги) ўртасидаги автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланиши керак.

ФКнинг 504-моддаси олтинчи қисмига кўра автомототранспорт воситаларини ҳадя қилиш шартномаси қонун билан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши ва нотариал тасдиқланиши лозим. Демак, биринчи жамият томонидан иккинчи жамиятга автотранспорт текинга берилганда ушбу битимни нотариус тасдиқлаши керак.

Бир жамият томонидан автотранспорт воситаларининг бошқа жамият балансига нотариал тасдиқлашсиз берилишининг энг мақбул варианти, фикримизча, уларни биринчи жамият томонидан иккинчи жамият устав фондига киритиш ҳисобланади. Чунки мазкур битимга татбиқан нотариал тасдиқлашнинг мажбурийлиги ФК ёки бирор-бир бошқа қонунда белгиланмаган. Агар қисқача айтсак, бунинг учун биринчи МЧЖ муассиси транспорт воситалари тарзида ҳиссани киритиш йўли билан иккинчи МЧЖнинг устав фондида улушли иштирок этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Биринчи МЧЖ иккинчи МЧЖнинг шерик иштирокчисига айланиши боис, иштирокчиларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши керак, унда таъсис шартномасини тасдиқлаш ва амалдаги уставга тегишли ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилинади.

Бироқ, шунга қарамай, битим тарафлари ушбу ҳолда ҳам ДЙҲХХ рўйхатдан ўтказувчи органининг автотранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказишни рад этиши ҳолатга дуч келишлари мумкин. Гап шундаки, Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ҳисобини олиб бориш, миллий давлат рақами белгиларини бериш ва уларни алмаштириш қоидаларининг (ВМнинг 26.05.1997 йилдаги 256-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – Қоидалар) V бўлими 1-банди «в» кичик бандига мувофиқ транспорт воситалари эгаси ўзгарганда, қуйидаги ҳужжатлар асосида қайта рўйхатдан ўтказилади:

 белгиланган тартибдаги ариза;

нотариал идоралар томонидан берилган олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, лизинг, сублизинг шартномалари, ворислик, мерос ва мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар;

 суд қарори;

 Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси органлари томонидан берилган ордер;

 четдан келтирилган ва божхона назорати остида турган транспорт воситалари учун божхона хизмати томонидан бериладиган махсус гувоҳнома;

 бир вазирликка қарашли ва бир молиявий тизимдаги ташкилотлар учун – ДЙҲХХ рўйхатида бўлган транспорт воситаларининг балансдан балансга бепул ажратилганлиги тўғрисидаги буйруғидан кўчирма.

Қайта рўйхатдан ўтказишни рад этишга бир тижорат ташкилоти томонидан автотранспортни бошқа шундай ташкилотнинг устав фондига киритиш тарзидаги битим умуман олганда Қоидаларда назарда тутилмаганлиги асоси сабабчи бўлиши мумкин.

Бундай рад этишни, фикримизча, қонуний деб баҳолаш мумкин эмас, чунки тижорат ташкилотининг устав фондига киритиш бўйича битимга татбиқан нотариал тасдиқлашнинг мажбурийлиги қонунда назарда тутилмаган. Демак, рўйхатдан ўтказувчи орган уни содир этиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ҳужжатни тақдим этишни талаб қилишга ҳақли эмас.

Акс ҳолда рад этиш устидан бўйсуниш тартибида юқори турувчи ташкилотга, прокуратура ёки судга шикоят қилиш мумкин.

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 2023 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика