Ходим корхона директоридан унга меҳнат дафтарчасини 5 кунга беришни сўради. Қайтарилганидан кейин биз унда корхонамизга қабул қилиниши тўғрисидаги ёзувдан кейин яна бир – у бошқа ташкилотга ҳам ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги ёзувни кўрдик. Энди нима қилиш лозим? У бошқа ишхонага ўриндошлик бўйича қабул қилинган деб расмийлаштирса бўладими?
Д.Мирзаева,
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхонасининг кадрлар хизмати ходими.
Сирдарё тумани.
– Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (Меҳнат вазирлиги ва ИТВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўра ходимнинг ёзма равишдаги илтимосномасига кўра, қайтариб бериш шарти билан меҳнат дафтарчаси унинг эгасига 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатга берилади. Бу даврда мазкур Йўриқномада белгилангандан ўзгача тартибда меҳнат дафтарчасига қўшимча ёзувлар киритиш, уни ўзгартириш, гаровга бериш ёки йўқ қилиш қатъиян ман этилади. Бундай хатти-ҳаракатлар учун барча жавобгарлик ходимнинг зиммасига юклатилади.
Меҳнат дафтарчасига ходимнинг ёзма аризасига биноан, ўриндошлик иши тўғрисидаги маълумот ходимни ўриндошлик асосида ишга қабул қилган иш берувчи томонидан чиқарган буйруғига мувофиқ асосий иш жойидаги иш берувчи томонидан ёзилади. Унинг ишдан бўшаганлиги тўғрисидаги маълумот ҳам худди шу тарзда ёзиб қўйилади.
Шу боис энди хато ёзувни қайд этган корхона меҳнат дафтарчасининг 1-устунига ёзувнинг тартиб рақамини, 2-устунига – уни қайд этиш санасини қўйиши, «Иши тўғрисидаги маълумотлар» бўлимининг 3-устунида «_-сон ёзув ҳақиқий эмас ва хато киритилган» деб кўрсатиши керак. Бундай ёзувни қайд этиш учун ҳеч қандай асос бўлмаганлиги боис уни тузатишда бирор-бир буйруқ чиқариш тақозо этилмайди. Фақат ёзув бекор қилинганидан кейин сиз меҳнат дафтарчасига ўриндошлик бўйича иш тўғрисидаги ёзувни қайд этишингиз мумкин.
Ходимга унинг ёзма аризасига кўра меҳнат дафтарчаси берилаётганда, биринчидан, уни нима учун олаётганлиги билан қизиқишни, иккинчидан эса, қонун ҳужжатларининг қўшимча ёзувлар киритиш ва уларни Йўриқномада белгиланганидан бошқача тартибда ўзгартиришни тақиқлайдиган меъёрини тушунтиришни тавсия қиламиз.
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.