Жорий йил ноябрь ойининг охирида «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонун (26.05.2015 йилдаги ЎРҚ-386-сон) кучга киради.
Унга мувофиқ транспортда жабрланганларга суғурта қопламини транспорт тури ва ташиш хусусиятидан қатъи назар олиш ҳуқуқи кафолатланади. Жаҳон амалиётида кенг фойдаланиладиган, ташувчининг йўловчи олдидаги жавобгарлигини мажбурий суғурталаш механизми жорий этилади.
Қонунда ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича мажбурияти бажарилишини назорат қилувчи давлат органлари белгиланган. Улар жумласида – парвозлар ва темир йўлларда ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциялари, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бор. Бундан ташқари, назоратни қонун ҳужжатларига мувофиқ бунга ваколатли бошқа давлат органлари ҳам амалга оширишлари мумкин.
Бир қатор қонун ҳужжатларини ушбу ҳужжатга мувофиқлаштириш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонун (9.06.2015 йилдаги ЎРҚ-388-сон) қабул қилинди.
Хусусан, Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги (21.04.2008 йилдаги ЎРҚ-155-сон), «Автомобиль транспорти тўғрисида»ги (29.08.1998 йилдаги 674-I-сон), «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги қонунлар (15.04.1999 йилдаги 766-I-сон) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда (янги 146-1-моддаси) энди мансабдор шахслар учун ташувчи фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш мажбуриятини бажармаганлиги, йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилганлиги учун ЭКИҲнинг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарималар назарда тутилган.
Юқорида кўрсатилган қонунларда ҳам ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш унинг ўзи томонидан амалга оширилишини белгилайдиган меъёр бор.
Кўрсатилган ҳужжатларга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг кўпчилиги, ЎРҚ-386-сон Қонун ҳам кузда кучга киради. Ташувчилар суғурта қилувчилар билан ўзаро муносабатларини расмийлаштиришлари учун етарлича вақт бор.
Сардор ЖУМАШОВ,
«Norma Profi» эксперти.