Ёшим 22 да. Коллеждан кейин олий ўқув юртига ўқишга кирдим. Уни тугатгач, ишга жойлашиш муаммосига дуч келдим. Олий иқтисодий маълумотга эгаман, кўп пул тўланадиган ишга қабул қилишларини сўрамаяпман. Энг муҳими, иш ихтисослигимга мувофиқ келсин. Бироқ доим иш берувчилардан: «Сизнинг тажрибангиз йўқ», – деган жавоб оляпман.
Агар фақат ўқиган бўлсам, тажрибани қаердан оламан?
Биржада менга иш берувчилар сингари муносабатда бўлишади: иш тажрибам йўқлиги сабабли маълумот ва малака даражасини ҳисобга олмайдиган ишни таклиф қилишади.
Яна бир савол. Нима учун иш берувчиларимиз турмуш қурган ва ҳали болалари бўлмаган ёш келинчакларни ишга олишдан бош тортишади?! Бу хусусда мутахассисларнинг фикри қандай?
Гулчеҳра.
Тошкент шаҳри.
– Эҳтимол, бу нозик саволларингизга жавобни эшитган бўлсангиз керак, бироқ улар қонун ҳужжатларининг меъёрларига тўғри келади деб бўлмайди. Биржа тўғрисида сўзлаганда сиз, чамаси, Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш туман марказини (бундан кейин – Марказ) назарда тутяпсиз. «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг (13.01.1992 йилдаги 510-XII-сон, 1.05.1998 йилдаги 616-I-сон Қонун таҳририда, бундан кейин – Қонун) 11-моддасига кўра иш қидираётган ва меҳнат органларига мурожаат қилган фуқаролар таъмин этиладиган иш турини, иш жойини ва меҳнат режимини эркин танлаш мақсадида касб-корга доир бепул маслаҳатлар олиш, касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтиш, малака ошириш ҳамда тегишли ахборот олиш ҳуқуқига эга. Марказ ходимлари сизга малакангиздан паст бўш иш ўрнини таклиф қилишлари мумкин, чунки сиз ёш мутахассиссиз ва иш тажрибасига эга эмассиз. Сиз эса ундан бош тортишга ҳақлисиз. Бундан ташқари, меҳнат органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан бўйсуниш бўйича юқори органга, прокуратурага ёхуд бевосита судга шикоят қилиш мумкин (Қонуннинг 14-моддаси).
Қонуннинг 7-моддасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек олий ўқув юртларининг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчиларига қўшимча кафолатлар белгиланган. Қўшимча кафолатлар қўшимча иш жойлари, ихтисослаштирилган корхоналар, шу жумладан, ногиронлар меҳнат қиладиган корхоналар барпо этиш, иш ўргатишнинг махсус дастурларини ташкил этиш, корхона, муассаса ва ташкилотларга кўрсатилган тоифадаги фуқароларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чоралар билан таъминланади.
Чунончи, иш берувчи иш жойларининг белгиланган энг кам миқдори ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш учун Бандликка кўмаклашиш туман маркази томонидан юбориладиган шахсларни ишга қабул қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз рад этган иш берувчи ва унинг ваколатли шахслари қонун ҳужжатлари томонидан белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Энди ишга жойлаштиришни рад этиш хусусида.
Меҳнат кодексининг 78-моддасига кўра иш берувчи қонунга мувофиқ меҳнат шартномаси тузиши шарт бўлган шахсларни (иш жойларининг белгиланган энг кам миқдори ҳисобидан ишга юборилган шахсларни ҳомиладор аёлларни ва 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни, тегишинча, уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлигини важ қилиб) ишга қабул қилмаслиги ғайриқонуний равишда рад этиш деб ҳисобланади.
Ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, ходимнинг талаби билан иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишнинг сабабини асослаб 3 кун муддат ичида ёзма жавоб бериши шарт, бу жавоб ваколатли шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим. Асослантирилган жавоб бериш ҳақидаги талаблар қондирилишининг рад этилиши ходимнинг ишга қабул қилиниши ғайриқонуний равишда рад этилганлиги устидан шикоят қилишига тўсиқ бўлмайди.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,
эксперт-юристимиз.