Бизнинг МЧЖ баҳор – ёз даврида мавсумий ходимларни ёллайди. Уларни биометрик эмас, балки эски намунадаги паспорт бўйича ишга расмийлаштирса бўладими?
Ф.Ҳакимжонова,
кадрлар бўлими инспектори.
Фарғона вилояти.
– Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (23.06.2009 йилдаги ПФ-4117-сон) билан аҳолидаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалдаги паспортини биометрик паспортга 2011–2015 йилларда босқичма-босқич алмаштириш тартиби тасдиқланган.
Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон) ва Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомга (Президентнинг 26.02.1999 йилдаги ПФ-2240-сон Фармони билан тасдиқланган) кўра эса Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалдаги паспорти ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахсни тасдиқлайдиган гувоҳномаси 2015 йил 31 декабргача ҳақиқийдир.
Шу тариқа, 2015 йил 31 декабргача корхона, муассаса ва ташкилотлар эски намунадаги паспорти бўлган Ўзбекистон фуқароларини ишга қабул қилишга ҳақлилар. Бироқ бунда у фақат паспортда кўрсатилган муддатгача ҳақиқий эканлигини билиш лозим.
Эски намунадаги паспорт 16 ёшдаги шахс 25 ёшга етгунга қадар; 25 ёшдаги эса 45 ёшга етгунга қадар амал қилади. 45 ёшга етган фуқаролар паспортларининг амал қилиши муддат билан чекланмаган.
Биометрик паспортларнинг амал қилиш муддати унинг эгасининг ёшига боғлиқ эмас. У паспорт берилганидан кейин 10 йил ўтгач алмаштирилиши керак.
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.