Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 26 / Хўжалик юритиш қоидалари

Ҳар бир бухгалтер мулкдор бўлиши мумкин

Хусусий корхона мулкдори ва директори барча мулкни бош бухгалтерга топширяпти. Ушбу жараён ҳокимликда тасдиқланган. Энди ХКнинг мулкдори ҳисобланган бош бухгалтер раҳбар вазифаларини бажариши мумкинми? Агар мумкин бўлса, раҳбар ва бош бухгалтерни тайинлаш тўғрисидаги буйруқлар қандай расмийлаштирилади? Меҳнат шартномаси қандай тузилади? Меҳнат дафтарчасига қандай ёзув қайд этилади? Ёки раҳбар ва бош бухгалтер лавозимларини биргина шахс бажариши мумкинми?

Энди раҳбар ва бош бухгалтернинг имзолари учун устунлар берилган ҳисобот ҳужжатларини нима қиламиз? Уларга иккита бир хил имзо қўйиш мумкинми ёки бир жойдаги битта имзо билан чекланиладими? Шуни таъкидлаш лозимки, хизмат кўрсатувчи банк раҳбарлар имзоси намунаси бланкасини битта имзо билан қабул қилган.

О.Аҳматов.

 

 

– Хусусий корхона мулкдори хусусий корхонани мол-мулк мажмуаси сифатида сотишга, ҳадя қилишга, васият қилиб қолдиришга ёки уни ўзгача усулда бошқа шахсга ўтказишга ҳақли («Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонун1 27-моддасининг биринчи қисми, бундан кейин – 558-II-сон Қонун). Уни реализация қилиш чоғида ХКга доир мулк ҳуқуқи уни олувчига ўтади, у корхонанинг янги мулкдорига айланади. ХК мулкдори корхонани раҳбар сифатида якка бошқаради (558-II-сон Қонуннинг 14-моддаси). Бунинг устига, 558-II-сон Қонун 15-моддасининг учинчи хатбошисига кўра у ўзига тегишли бўлган корхонани якка ўзи бошқариши шарт. Бинобарин, ХКнинг янги мулкдорига айланган бош бухгалтер корхона раҳбари вазифаларини бажаришга нафақат ҳақли, балки мажбур ҳам.

Меҳнат дафтарчасига ХК раҳбари сифатида ишлаш тўғрисидаги ёзувлар Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқнома2 (бундан кейин – Йўриқнома) 2.12-бандининг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган тартибда киритилиши керак. Хусусан, меҳнат дафтарчасидаги «Иши тўғрисидаги маълумотлар» бўлимининг 3-устунида лавозим Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига3 (бундан кейин – Классификатор) мувофиқ кўрсатилади. Унда саналган лавозимлардан сизга энг мувофиқ келадигани, ўйлашимизча, «Корхона директори (бошқарувчиси)» лавозими (Классификатор III бўлимининг 1477-банди) ҳисобланади. Сизнинг ХК уставида ва (ёки) штат жадвалида унинг раҳбари лавозими корхона директори ёки унинг бошқарувчиси (бундан кейин – директор) сифатида белгиланиши мумкин. Янги мулкдор ўз қарорида ўзини ўзи ХК директори этиб тайинлаганини кўрсатади.

Меҳнат дафтарчасининг худди шу бўлими 4-устунида ёзув (санаси, тартиб рақами) қайси ҳужжатга асосан ёзилганлиги қайд қилинади (Йўриқноманинг 2.12-банди бешинчи хатбошиси). У ХК мулкдорининг ўзини ўзи директор этиб тайинлаганлиги тўғрисидаги тилга олинган қарори ёки унинг директор сифатида ушбу лавозимни адо этишга киришганлиги тўғрисидаги буйруғи бўлиши мумкин.

ХК билан унинг мулкдори – директори ўртасида ёзма меҳнат шартномасини расмийлаштиришнинг мажбурийлиги қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган (бу ҳақда батафсилроқ «Ўзимга ўзим иш бераман» мақоласида («Норма маслаҳатчи», 15.03.2010 йилдаги 11 (244)-сон) билиб оласиз)4. Айни вақтда агар бундай шартнома расмийлаштирса, амалдаги қонун ҳужжатлари қоидаларининг бирортаси бузилмайди.

Энди бош бухгалтер хусусида. Ўзингиз кўрсатиб ўтгандек, сизга хизмат кўрсатувчи банк раҳбарлар имзоси намунаси бланкасини битта имзо билан қабул қилган. Ўйлашимизча, сизнинг ХК микрофирма бўлса керак. Улар учун 2012 йил 1 августдан амалга киритиладиган Тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароитларни янада яхшилашга йўналтирилган меъёр ва чора-тадбирлар рўйхатига5 биноан карточкада албатта иккинчи имзо (бухгалтер) намуналарининг бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилинган. ХК директори бухгалтерия ҳисобини мустақил юритиши мумкин («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун6 7-моддаси иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошиси, бундан кейин – ­279-I-сон Қонун).

Ҳатто микрофирма мақомига эга бўлмаганда ҳам штатда бухгалтер бўлиши шарт эмас. Бироқ бунда 279-I-сон Қонун 8-моддаси иккинчи қисмининг қоидаларига риоя этилиши керак, унга кўра раҳбар имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг иккита рўйхатини тасдиқлайди. Биринчи рўйхатга раҳбарлик вазифаларини амалга оширувчи шахслар, иккинчисига – бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахслар киради. ХК раҳбари ўз буйруғида ўзини раҳбар (биринчи рўйхат) ва бухгалтерия ҳисоби (иккинчи рўйхат) вазифаларини амалга оширувчи шахс сифатида кўрсатиши мумкин. Ушбу ҳолда ушбу лавозимларнинг бир шахс томонидан бажарилишини тушуниш қийин бўлмайди.

Ҳақиқатан ҳам, кўп ҳужжатларнинг бланкаларида, шу жумладан солиқ ва бошқа ҳисобот шаклларида корхона раҳбари ва бош бухгалтери имзоларини назарда тутадиган устунлар мавжуд. Агар сизнинг ХК микрофирмаларга тааллуқли бўлса, юқорида айтилганидек, улар учун иккинчи имзонинг бўлиши мажбурийлиги тўғрисидаги талаб бекор қилинган, кўрсатилган ҳужжатларни тўлдириш чоғида битта (биринчи) имзо билан чекланиш мумкин. Агар у микрофирма деб ҳисобланмаса, ҳужжатлар, 279-I-сон Қонун 8-моддаси учинчи қисмининг маъносига кўра, биринчи ва иккинчи имзолар билан тасдиқланиши керак, ХК раҳбари уларга эга бўлиш ҳуқуқига эга.

 

111.12.2003 йилдаги 558-II-сон.

2Меҳнат вазирлиги ва ИТВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

3ВМнинг 20.08.2010 йилдаги 181-сон Қарори билан тасдиқланган.

4Шунингдек https://www.norma.uz/gazety_ntv_i_norma/sam_sebe_rabotodatel га қаралсин.

5Президентнинг 18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон Фармонига 1-илова.

630.08.1996 йилдаги 279-I-сон.


Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 2466 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика