Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 26 / Хўжалик юритиш қоидалари

Ташқи реклама бериш қоидалари

Бугунги кунда рақобат жуда кучли, рекламасиз иш юритиб бўлмайди. Мен савдо комплекси маъмуриятида ишлайман, фаолиятини бизда амалга оширадиган жуда кўп якка тартибдаги тадбиркорлар бозор ҳудудида реклама учун алоҳида жойлар (масалан, дўкон ёнида ёки кўринарли жойда) ажратиш тўғрисида саволлар билан мурожаат қиладилар.

Маъмурият ҳокимлик ёки бошқа ваколатли орган билан келишмасдан туриб савдо комплекси (бозор) ичида реклама учун жой тақдим эта оладими? Бундай шартномаларни тузиш тартибини тушунтириб берсангиз.

А.Бозорбоев.

 

– «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг (25.12.1998 йилдаги 723-I-сон, бундан кейин – Қонун) 20-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилишича, ташқи рекламани жойлаштириш тартиби маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида белгиланади. Пойтахтда ушбу масалани Тошкент шаҳрида ташқи рекламани жойлаштириш тартиби (ҳокимнинг 26.12.2007 йилдаги 1148-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Тартиб) белгилайди. Агар савдо комплексингиз пойтахтда жойлашган бўлса, учинчи шахслар – реклама берувчиларнинг ташқи рекламасини жойлаштириш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигининг реклама-ахборот фаолияти комиссиясининг (бундан кейин – Комиссия) ишчи органига – «Тошкент Реклама-Сервис» давлат унитар корхонасига реклама жойлаштириш бўйича ариза билан мурожаат этишингиз керак (Тартибнинг 6.1-банди).

Комиссиянинг ижобий қарори олинган тақдирда унинг ишчи органи реклама тарқатувчи билан Ташқи реклама воситаларини жойлаштириш шартлари тўғрисида контракт тузади, у реклама берувчи ёки уни тарқатувчига ташқи реклама воситаларини муайян муддатга, муайян жойда, тасдиқланган тарифларга мувофиқ ҳақ эвазига жойлаштириш ҳуқуқини беради. Тўлов миқдори халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши сессиясининг қарори билан тасдиқланадиган тарифларга мувофиқ белгиланади1.

Маблағлар келиб тушганидан сўнг аризачига Ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома ва реклама жойи паспортининг нусхаси берилади (Тартибнинг 6.3-банди).

Мазкур ҳужжатлар мавжуд бўлганда тарқатувчида реклама берувчиларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи юзага келади.

Агар корхона бошқа минтақада жойлашган бўлса, ушбу масалани ҳал этиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органи – ҳокимликка мурожаат этиш керак.

 

* * *

Шуни таъкидлаш лозимки, реклама жойлаштирилишини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар, аввало Тартиб, такомиллаштиришга муҳтождир.

Чунончи, уларда тушунтириш берувчи аппарат тўлиқ эмас, бунинг устига аниқ шакллантирилмаган. Фуқаролик кодекси, Қонун талабларига зид бир қатор жиҳатлар мавжуд, бу биргина ҳужжат қоидаларида ҳам кўринади.

Масалан, Қонунда (20-модда) ахборотни (пешлавҳа) корхонадан қанча масофада жойлаштириш мумкинлиги етарлича аниқ белгиланмаганлиги – унга «кириш яқинида» – Тартибга кўра «мутант» маҳсулот туғилишига олиб келган. Қонун билан назарда тутилмаган «ахборот кўрсаткичи» ахборот бериш тури корхонадан кўпи билан 500 метргача масофада ўрнатилиши мумкин. Гарчи ушбу кўрсаткичлар рекламага тааллуқли бўлмай, улардан фойдаланиш учун тўлов назарда тутилмаган бўлса-да, улар «реклама воситалари» рўйхатига кирган ва уларни ўрнатиш учун рухсат бериш ҳужжатларини тайёрлаш харажатларини тўлаган ҳолда рухсат бериш тартиби белгиланган (Тартибнинг 3.5.1, 3.5.2 ва бошқа бандлари).

Бундан ташқари, Тартиб билан белгиланган аризаларни кўриб чиқиш муддатлари бир ойлик муддатни белгилаган «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг2 31-моддаси ҳамда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (3.12.2014 йилдаги ЎРҚ-378-сон) 19-моддаси талабларига зиддир. Уларга кўра фақат фавқулодда ҳолларда аризани кўриб чиқишни, аризачига буни хабар қилган ҳолда, яна бир ойга узайтиришга рухсат берилади.

Тартибга кўра эса ишчи орган 5 иш куни ичида юридик шахсларнинг аризаларини кўриб чиқиши керак. Сўнгра у рози бўлган тақдирда аризачи билан тегишли шартнома тузилади, унга доир тўлов 5 банк куни давомида амалга оширилиши лозим. Ишчи орган тўлов келиб тушгандан сўнг 30 календарь кун ичида техник ҳужжатларни тайёрлайди ва уни келишиб олади. Шундан кейин йиғилган ҳужжатлар пакети Комиссиянинг навбатдаги мажлиси муҳокамасига киритилади, уни ўтказиш муддатлари Тартибда умуман кўрсатилмаган (Тартибнинг 3.1.3–3.1.6-бандлари). Яъни қонун ҳужжатларининг талабларига зид ҳолда мурожаатларни кўриб чиқишнинг бир ойдан ошадиган тартиби белгиланган.

Комиссия салбий қарор қабул қилган тақдирда тўланган маблағларни қайтариш ҳам назарда тутилмаган.

Қайта кўриб чиқиш ёки тузатиш киритишни талаб қиладиган бир қатор бошқа жиҳатлар ҳам мавжуд.

 

1Тарифлар ва Тошкент шаҳрида ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ҳуқуқи учун контрактлар суммасини ҳисоблаш бўйича йўриқнома билан «Тошкент Реклама-Сервис» ДУКнинг trs.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

225.05.2000 йилдаги 69-II-сон, 2.05.2012 йилдаги ­ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда.


Маҳкам ВОҲИДОВ,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 4149 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика