Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 26 / Дарвоқе

Балансдан бош бухгалтер имзосини чиқариб ташлашди

Россиялик бош бухгалтерлар энди бухгалтерия ҳисоботларига имзо чекмайдилар. Россия Молия вазирлиги 2015 йил 17 майдан кучга кирган буйруқ билан бухгалтерия ҳисоботи шаклларига доир ушбу ва бошқа ўзгартиришларни жорий этди.

 

Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунда баланс ва бошқа шаклларни ким – фақат директор ёки яна бош бухгалтер ҳам имзолаши тўғрисида очиқ-ойдин айтилмаган. Фақат раҳбар имзолаган кундан бошлаб ҳисобот тузилган деб ҳисобланиши тўғрисида қоида мавжуд. Бош бухгалтернинг ҳисоботни имзолаш мажбурияти амалдаги Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги низом «Ташкилотда бухгалтерия ҳисоботи» 4/99 БҲН»нинг 17-бандида қайд этилган. Бироқ Молия вазирлигидагилар ушбу қоида энди қўлланмайди деб ҳисобламоқдалар. Амалдорларнинг фикрича, ҳисоботни бунга таъсис ҳужжатлари ваколат берган ходимлар имзолайдилар. Бунинг устига, бухгалтерия ҳисобини ҳар қандай бошқа ходим, шу жумладан раҳбарнинг ўзи юритиши мумкин. Шу сабабли бош бухгалтернинг барча шакллар (баланс, ҳисобот ва иловалар)даги визасини ортиқча деб ҳисоблаб, чиқариб ташлашди.

Биргина имзо билан йиллик ҳисоботни илк бор 2016 йилда топшириш мумкин бўлади. Бироқ компаниянинг таъсис ҳужжатларида бош бухгалтернинг балансни имзолаш мажбурияти белгиланган бўлса, ҳисоботда 2 имзони қолдириш мумкин.

 

БИЗДА ҚАНДАЙ

Ўзбекистонда ҳисоботларни қоидага кўра раҳбар ва бош бухгалтер имзолайди. Агар корхонада ихтисослаштирилган ташкилот ёки бухгалтер мутахассис томонидан шартнома асосида ҳисоб юритилса, ҳисоб юритувчи шахснинг имзоси бўлиши шарт.

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (бундан кейин – Қонун) 8-моддасига кўра, пул, товар-моддий ва бошқа бойликларни қабул қилиш ва бериш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг кредит ва ҳисоб-китоб мажбуриятлари, шунингдек бухгалтерия ҳисоботлари ва баланслари раҳбар томонидан ёки у белгилайдиган шахслар томонидан имзоланади.

Бунинг учун раҳбар имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг 2 та рўйхатини тасдиқлайди. Биринчи рўйхатга – раҳбарлик вазифаларини амалга оширувчи шахслар, иккинчисига – бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахслар киради. Кўрсатилган шахсларнинг имзоси бўлмаган ҳужжатлар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Шу билан бирга Қонуннинг 7-моддасида корхона раҳбарига бухгалтерия ҳисобини мустақил юритиш имкони берилади. Бу айниқса кичик бизнес субъектлари учун долзарбдир. Кичик корхоналар ва микрофирмалар фақат бухгалтерия баланси (1-сон шакл) ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботдан (2-сон шакл) иборат бўлган йиллик молиявий ҳисоботни топширадилар.

Бироқ Қонунда бухгалтерия ҳисоботини шахсан раҳбарнинг ўзи юритган тақдирда ким бухгалтерия ҳисобини имзолаши кераклиги кўрсатилмаган. Бош бухгалтер вазифаларини бажариш эса бундай лавозимнинг мавжудлиги ва унга ушбу ишни бажарадиган ходим қабул қилинганлигини англатади. Вазиятнинг ўзига хослиги шундаки, раҳбар ва бош бухгалтер лавозимларини биргина ходимнинг ўзи биргаликда олиб боради.

Бунда Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларнинг (молия вазирининг АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғига 7-илова) 13-бандида ушбу вазифалар аниқ белгиланган, яъни молиявий ҳисобот шаклларига раҳбар ва бош бухгалтер имзо чекади, имзолар корхона муҳри билан тасдиқланади.

Бинобарин, агар ташкилотда бухгалтерия ҳисобини раҳбар шахсан юритса, баланснинг «Бош бухгалтер» сатрига унинг имзоси қўйилади.

2015 йил 1 январдан бошлаб барча тадбиркорлик субъектлари молиявий, солиқ ва статистика ҳисоботларини электрон шаклда Интернет тармоғи орқали тақдим этадилар. Электрон ҳисоботни топшириш учун мансабдор шахсларнинг электрон рақамли имзолари, шунингдек электрон ҳужжат имзоланаётган пайтда амал қиладиган ЭРИ калитининг сертификати бўлиши лозим.

2012 йил августдан бошлабоқ микрофирмаларнинг пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини банклар биринчи нусхада (асл нусхада) бухгалтернинг имзосисиз ижро этиш учун қабул қилмоқдалар. Мансабдор шахслар имзоларининг намуналари ва фирма асосий муҳрининг изи туширилган карточкада кўрсатилган мансабдор шахслар имзолари сирасида у ҳам мажбурий эмас.

Тез орада кичик тадбиркорлик субъектлари учун думалоқ муҳрларнинг бўлиши шартлиги тўғрисидаги талабнинг бекор қилиниши ҳам кутилмоқда. Бу Президентнинг 15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон Фармонида назарда тутилган. Қонун ҳужжатларига мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш муддати 2015 йил июнга мўлжалланган.

 

Ўз ахборотимиз.

Прочитано: 1729 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика