Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 21 / Долзарб мавзу

ГФР резиденти Ўзбекистонда нималарга эга?

«Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (4.12.2014 йилдаги ЎРҚ-379-сон) билан Солиқ кодексининг (Кодекс) 155-моддаси таҳрир қилинди. Унинг янгиланган ўн учинчи қисмига мувофиқ Ўзбекистон норезидентига даромадларни тўлаш (Кодекс 155-моддаси учинчи қисмининг 2 ва 4-бандларида назарда тутилган даромадлар бундан мустасно) тўлов манбаида норезидент томонидан тақдим этилган, чет давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган, Ўзбекистон қайси давлат билан солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи халқаро шартномага эга бўлса, ўша давлатда унинг резидентлиги борлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидаларига мувофиқ тўлов манбаида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ушлаб қолинмаган ёки унинг пасайтирилган ставкаси қўлланилган ҳолда амалга оширилади. Бунда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи суммасини камайтириш ёки уни тўлашдан озод этиш тўғрисида солиқ органига ариза бериш талаб этилмайди.

 

МВ ва ДСҚнинг 26.03.2015 йилдаги ММ/04-01-32-14/307/331 ва ­16/3-5664-сон қўшма хатида солиқ солиш масалаларини тартибга соладиган халқаро шартнома меъёрларини мустақил қўллашнинг янги тартиби тушунтирилган.

Хусусан, унда тушунтирилишича, Кодекс 155-моддасининг ўн учинчи қисми норезидентларга 2014 йил 1 январдан тўланадиган дивидендлар, фоизлар ва роялтига қўлланади, даромадларнинг қолган турлари бўйича эса (мазкур модда учинчи қисмининг 2 ва 4-бандларида назарда тутилганларидан ташқари1) – 2015 йил 1 январдан бошлаб тўлаганда қўлланади.

Шу тариқа, масалан, хорижий инвесторларга дивиденд ёки фоизлар тўлайдиган юридик шахслар солиқ солиш масалаларини тартибга соладиган халқаро шартнома меъёрларини мустақил қўллашлари мумкин. Агар уларда хорижий давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган даромад олувчининг резидентлиги сертификати бўлса, албатта. Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, халқаро шартномаларга мувофиқ тўланадиган даромад доим ҳам солиқ солишдан озод қилинмайди. Буни Германия резидентига дивиденд ва фоизлар тўлаш мисолида кўрамиз.

Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўpтасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида битимга2 (Берлин, 7.09.1999 йил, бундан кейин – Битим) мувофиқ дивидендларга дивиденд тўловчи компания қонун ҳужжатларига мувофиқ резиденти ҳисобланган мамлакатда солиқ солинади. Мазкур ҳуқуқ Ўзбекистон миллий қонун ҳужжатларида ҳам белгиланган (Кодекснинг 156-моддаси). Дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлардан солиқлар ставкаси 10%га тенг (Кодекснинг 160-моддаси).

Бироқ Битимда, агар тўловчи компаниянинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши 25%дан кўпни ташкил этса, 5%дан ошмайдиган ставкани қўллаш назарда тутилган. Агар у 25%дан кам бўлса, ставка 15%дан ошмаслиги керак.

 

МИСОЛ. 2013 йилда барпо этилган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона устав фондининг 65%и Германиянинг «А» компанияси томонидан шакллантирилган (қолган 35%и – Ўзбекистон резиденти улуши). 2014 йил учун фойдани муассислар ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

1-вариант. «А» компанияси Германиянинг ваколатли органи берган резидентлик сертификатини тақдим этмади. Корхона тўлов манбаида 10%лик ставкада фойда солиғини ушлайди (Кодекснинг 160-моддаси). Ушлаш норезидентга маблағлар ўтказилган санада амалга оширилади (Кодекснинг 165-моддаси).

2-вариант. «А» компанияси тўлов манбаига Германиянинг ваколатли органи берган резидентлик сертификатини тақдим этди.

Кодекс 155-моддаси ўн учинчи қисмининг қоидаларини эътиборга олиб, корхона Битим меъёрларини мустақил қўллайди, унда устав фондининг 25%идан ошадиган улуш мавжуд бўлганда энг юқори ставка дивидендлар суммасининг 5%и қилиб белгиланган. Уни қўллаш учун 2014 йил 1 январдан бошлаб солиқ органларига даромадларни қисман озод этиш тўғрисида ариза тақдим этилмайди ва ДСҚнинг рухсати талаб қилинмайди.

Битимнинг 10-моддасига асосан корхона қисман озод этишни қўллайди ва дивидендлар тарзидаги даромадларга тўлов манбаида, Кодекснинг 160-моддасида назарда тутилганидек 10%лик эмас, балки 5%лик ставкада солиқ солади.

 

Агар Германиядаги «А» компаниясининг устав фондидаги улуши 15%ни ташкил этганда (қолган 85%ни бошқа норезидентлар ва резидентлар шакллантирганда), унинг дивидендларига манбада резидентлик сертификати бор бўлганда ҳам, йўқ бўлганда ҳам, халқаро шартномада назарда тутилганидек 15% эмас, балки Кодекснинг 160-моддасида белгиланганидек 10%лик ставкада солиқ солинар эди. Зеро халқаро шартномада миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ дивидендларга солиқ солиш ҳуқуқи тақдим этиладиган меъёр назарда тутилган, уларда эса 10%лик ставка белгиланган.

Тўланадиган фоизлар бўйича ҳам худди шундай вазият кузатилади. Халқаро шартномада белгиланишича, солиқ ставкаси фоизлар суммасининг 5%идан ошмаслиги керак, ГФР ва ЎзР ўртасидаги Битим 11-моддасининг 3-бандида назарда тутилган юридик шахсларнинг айрим тоифаларига тўланадиган фоизлар бундан мустасно. Агар уларни олувчи тўлов манбаига резидентлик сертификатини тақдим этмаса, солиқ 10%лик ставкада ундирилади (Кодекснинг 160-моддаси). Агар у ушбу ҳужжатни тақдим этса, тўлов манбаи халқаро шартнома меъёрларини мустақил қўллайди ва норезидентга тўланадиган фоизларга 5%лик ставкада солиқ солади.

Тушунтиришимиз охирида шуни қайд этиш жоизки, норезидент тақдим этган резидентлик сертификати, юридик шахсларнинг айрим раҳбарлари ўйлагандек, солиқ солишдан озод этишни англатмайди. Ушбу ҳужжат халқаро шартнома меъёрларини қўллаш ҳуқуқини беради. Агар унда солиқ солишдан озод этиш назарда тутилган бўлса, тўлов манбаи норезидентнинг даромадларига солиқ солишга ҳақли эмас. Агар шартномада қисман озод этиш назарда тутилган бўлса, яъни энг кўп солиқ олиш чекланса, бутун даромадни озод этиш эмас, балки камайтирилган ставка қўлланади. Шу сабабли Ўзбекистон хорижий инвесторларингиз резидент бўлган мамлакатлар билан тузган халқаро шартномаларни диққат билан ўрганиш жуда муҳимдир.

 

 

1Оддий ширкат шартномаси асосида биргаликдаги фаолиятда иштирок этишдан олинган даромадлар ҳамда ЎзР норезидентига тегишли бўлган ва унинг ўзи ёки резидент Ўзбекистон ҳудудида воситачилик, топшириқ шартномаси асосида реализация қиладиган товарларни реализация қилишдан олинган даромадлар ана шундай даромадлар ҳисобланади.

2ЎзР Олий Мажлисининг 11.02.2000 йилдаги 40-II-сон Қарори билан ратификация қилинган. 14.12.2001 йилдан кучга кирган.


Дилшод СУЛТОНОВ,

эксперт. 

 

Ҳужжат тили билан

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВА ГЕРМАНИЯ ФЕДЕРАТИВ РЕСПУБЛИКАСИ ЎРТАСИДА ДАРОМАД ВА МОЛ-МУЛК СОЛИҚЛАРИ ЮЗАСИДАН ИККИ ЁҚЛАМА СОЛИҚҚА ТОРТИШНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ТЎҒРИСИДА БИТИМ*

(Кўчирмалар)

10-модда. Дивидендлар

1. Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлган компания томонидан бошқа Аҳдлашувчи Давлат резидентига тўланадиган дивидендлар ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.

2. Кўрсатиб ўтилган дивидендлар уларни тўлаётган компания резидент бўлган Аҳдлашувчи Давлатда унинг қонунчилигига мувофиқ ҳам солиққа тортилиши мумкин; агар, бироқ, дивидендларнинг эгаси бошқa Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлса, солиқ қуйидагилардан ошмаслиги керак:

а) дивидендлар ялпи миқдорининг 5 фоизидан, агар дивидендлар эгаси бўлган компания (оддий ширкатчиликдан бошқача тарздаги) дивидендлар тўлаётган компания капиталининг камида 25 фоизига бевосита эга бўлса;

b) бошқа барча ҳолларда дивидендлар ялпи миқдорининг 15 фоизидан.

Бу банд қоидалари дивидендлар тўлайдиган компания фойдасини солиққа тортишга тааллуқли эмас.

3. Ушбу моддада фойдаланиладиган «дивидендлар» атамаси акциялар бўйича, фойдада иштирок этишдаги ҳуқуқ ёки сертификатлар бўйича, тоғ-кон саноати акциялари бўйича, таъсисчилар пайлари ёки фойдада иштирок этиш бўйича бошқа ҳуқуқлардан олинадиган даромадларни, шунингдек фойдани тақсимловчи компания резиденти бўлган Давлатнинг қонунчилигига мувофиқ солиқ муносабатларида акциялар бўйича олинадиган даромадларга тенглаштириладиган бошқа даромадларни англатади.

4. Агар дивидендлар эгаси Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлиб, дивидендлар тўлаётган компания резидент бўлган бошқа Аҳдлашувчи Давлатда тадбиркорлик фаолиятини унда жойлашган доимий муассаса орқали амалга оширса ёки ушбу бошқа Давлатда унда жойлашган доимий база орқали мустақил шахсий хизматлар кўрсатаётган бўлса ва тўланаётган дивидендларга нисбатан улуш билан қатнашиш амалда шу доимий муассаса ёки доимий база билан боғлиқ бўлса, 1 ва 2-бандлар қоидалари қўлланилмайди. Бундай ҳолда вазиятга қараб ушбу Битимнинг 7-моддаси ёки 14-моддаси қоидалари қўлланилади.

5. Агар Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлган компания бошқа Аҳдлашувчи Давлатда фойда ёки даромад олаётган бўлса, унда ана шу бошқа Давлат бу компания томонидан тўланаётган дивидендларни солиққа тортиши мумкин эмас, қачонки бундай дивидендларнинг ана шу бошқа Давлат резидентига тўланиши ёки дивидендлар тўланаётган улуш билан қатнашиш шу бошқа Давлатда жойлашган доимий муассаса ёки доимий база билан ҳақиқатда боғлиқ бўлган ҳолатлар бундан мустасно, ҳаттоки тўланган дивидендлар ёки тақсимланмаган фойда ана шу бошқа Давлатда тўла ёки қисман ҳосил бўлган фойда ёки даромаддан ташкил топган бўлса ҳам бундай компания фойдасининг суммасини тақсимланмаган фойда солиғига тортиш мумкин эмас.

 

11-модда. Фоизлар

1. Аҳдлашувчи Давлатда ҳосил бўладиган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига тўланадиган фоизлар ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.

2. Кўрсатиб ўтилган фоизлар, бироқ, улар ҳосил бўладиган Аҳдлашувчи Давлатда ҳам шу Давлатнинг қонунчилигига мувофиқ солиққа тортилиши мумкин; агар, бироқ, фоизларнинг эгаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, бунда солиқ фоизлар ялпи миқдорининг 5 фоизидан ошмаслиги керак.

3. Ушбу модда 2-бандининг қоидаларига қарамай қуйидаги қоидалар амал қилади:

a) Германия Федератив Республикасида вужудга келган ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига ёки бошқа шунга ўхшаган муассасага Аҳдлашувчи Давлатлар ваколатлари органлари ўртасида келишилган тегишли келишувга биноан тўланадиган фоизлар суммалари Германия солиқларидан озод қилинади;

b) Ўзбекистон Республикасида вужудга келган ва Германия Федератив Республикаси Ҳукуматига, Немис федерал банкига, Кредитанштальт фюр видерауфбауга ёки ривожланаётган мамлакатлардаги улуш билан қатнашишларни маблағ билан таъминлаш бўйича Германия жамиятига ёки бошқа шунга ўхшаш муассасага Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида эришилган тегишли келишувга биноан тўланадиган фоизлар суммалари, шунингдек «Гермес Кредитферзихерунгс АГ» суғурта компанияси томонидан кафолатланган кредитларга (заёмларга) нисбатан тўланадиган фоизлар суммалари Ўзбекистон Республикаси солиқларидан озод қилинади.

4. Ушбу моддада қўлланиладиган «фоизлар» атамаси ҳар қандай турдаги қарз талабларидан олинадиган даромадларни, жумладан, қачонки талаб ер участкасига бўлган гаров ҳуқуқи билан таъминланган ёки қарздорнинг фойдасида иштирок этиш ҳуқуқларига эга бўлган ҳоллардаги даромадларни ва хусусан, давлат заём ва облигациялари бўйича олинадиган даромадлар, жумладан улар билан боғлиқ бўлган мукофотлар, шунингдек ютуқли заёмлар бўйича олинадиган ютуқларни англатади. Ушбу моддани тушунишда ўз вақтида тўланмаган тўловлар учун қўлланиладиган жарималар фоизлар сифатида қаралмайди. Бироқ «фоизлар» атамаси ушбу Битимнинг 10-моддасида кўриб чиқиладиган даромадларни ўз ичига олмайди.

5. Агар фоизларнинг ҳақиқий эгаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлиб, фоизлар ҳосил бўлаётган бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали тадбиркорлик фаолияти олиб бораётган бўлса ёки ушбу бошқа Давлатда жойлашган доимий база орқали мустақил шахсий хизматлар кўрсатаётган бўлса ва фоизлар тўланаётган қарз талаблари шундай доимий муассасага ёки доимий базага ҳақиқатан боғлиқ бўлса, ушбу модданинг 1, 2– ва 3-банди қоидалари қўлланилмайди. Бу ҳолда вазиятга қараб, ушбу Битимнинг 7-моддаси ёки 14-моддасининг қоидалари қўлланилади.

6. Фоизлар ушбу Давлатда ҳосил бўлган деб ҳисобланади, қачонки уларни тўловчи шу Давлатнинг ўзи ёки унинг ҳудудий-маъмурий бўлинмаси ёхуд шу Давлатнинг резиденти бўлса. Агар, бироқ фоизларни тўловчи шахс Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлиш бўлмаслигидан қатъи назар Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага ёки доимий базага эга бўлса, ва агар фоизлар тўланадиган қарз доимий муассаса ёки доимий база эҳтиёжлари учун вужудга келган бўлса, ва фоизларни тўлаш бўйича харажатларни шундай доимий муассаса ёки доимий база ўз зиммасига олса, унда фоизлар доимий муассаса ёки доимий база жойлашган ўша Давлатда вужудга келган деб ҳисобланади.

7. Агар тўловчи ва амалда фоизлар ҳуқуқига эга бўлган шахс ўртасидаги ёки улар иккаласи ва қандайдир бошқа шахс ўртасидаги алоҳида муносабатлар оқибатида қарз талабномасига нисбатан тўланаётган фоизлар миқдори тўловчи ва амалда фоизлар ҳуқуқига эга шахс ўртасида келишилиши мумкин бўлган миқдордан ошиқ бўлса, бундай муносабатлар йўқ бўлган тақдирда, ушбу модда қоидалари фақат охирги эслатилган фоизлар миқдорига нисбатан қўлланилади. Бундай ҳолда фоизлар миқдорининг ортиқча қисми ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ ва ушбу Битимнинг бошқа қоидаларини инобатга олган ҳолда солиққа тортилиши мумкин.

 

*Берлин, 7.09.1999 йил. ЎзР Олий Мажлисининг 11.02.2000 йилдаги 40-II-сон Қарори билан ратификация қилинган. 14.12.2001 йилдан кучга кирган.

Прочитано: 1642 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика