Ташкилот 2012–2014 йилларда лизинг бўйича 10 млрд сўмлик машиналар, ускуналар ва транспорт воситаларини олди. Улар бўйича тўловларни сўндириш муддати, шартномага кўра, 5 йилни ташкил этади (тегишинча 2017–2019 йилларгача). Солиқ кодексининг 269-моддасига кўра, 2012–2013 йилларда мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган базани ушбу асосий воситалар (АВ) ўртача йиллик қолдиқ қийматига камайтирдик.
Бироқ 2014 йил 1 апрелдан бошлаб ушбу имтиёз бекор қилинди. Ташкилот бугунги кунгача, Солиқ кодексининг эски таҳрирдаги 269-моддасига асосланиб, лизинг бўйича олинган АВ қийматига мол-мулк солиғи бўйича имтиёзни қўллашда давом этяпти, буни имтиёз лизинг тўловларининг муддати тугашигача қўлланиши билан изоҳлаяпти. Мазкур имтиёз бекор қилинганидан кейин қандай солиқ оқибатлари юз беради?
Корхона, Солиқ кодексининг 269-моддасига кўра, лизингга олинган мол-мулк қисмида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича имтиёзни, 2014 йил 1 апрелдан мазкур имтиёз бекор қилинганидан кейин лизинг шартномаси амал қилиши муддатида қўллашга ҳақлими?
Ж.Эргашев,
МЧЖ директори.
– Ҳақиқатан ҳам, Солиқ кодексининг 269-моддаси 11-бандида назарда тутилганидек, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоблаб чиқарилаётганда солиқ солинадиган база лизингга олинган мол-мулкнинг, лизинг шартномаси амал қиладиган муддатга, ўртача йиллик қолдиқ қийматига (ўртача йиллик қийматига) камайтирилар эди.
Мазкур банд 25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон Қонунга мувофиқ 2014 йил 1 апрелдан эътиборан ўз кучини йўқотди. Шу боис корхона ушбу пайтдан бошлаб мол-мулк солиғи бўйича имтиёзни лизинг шартномасининг амал қилиш муддати тугашига қадар қўллашга ҳақли эмас.
Шунингдек ушбу Қонун билан Солиқ кодексининг 269-моддаси 16-банди таҳрир қилинди, унга мувофиқ сиз мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган базани кўпи билан 10 йил давомида ишлатиб келинаётган машина ва асбоб-ускуналарнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматига камайтиришга ҳақлисиз. Шу тариқа, кўрсатилган ускуна қисмида мол-мулк солиғини тўлаш мажбурияти вужудга келмайди, бироқ Солиқ ҳисоб-китобида имтиёзни қўллаш учун энди янги асосни кўрсатиш лозим бўлади.
Мисол учун, агар ускуна 2012 йилда фойдаланишга киритилган бўлса, сиз кўрсатилган имтиёзни 2014 йил 1 январдан бошлаб ундан фойдаланилганига 10 йил бўлишигача (бизнинг мисолимизда – 2022 йилгача) қўллашингиз мумкин.
Анжелика НАМ,
«Norma Profi» эксперти.