Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 21 / Ҳамкорлик

Осиёдаги ишбилармон аёлларнинг ҳамкорлиги кенгаймоқда

«Tadbirkor ayol» Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси ҳамда «Asia» тадбиркор аёллар бизнес уюшмаси USAID кўмагида пойтахтимиздаги «Рамада» меҳмонхонасида Марказий Осиё тадбиркор аёлларининг иқтисодий имкониятлари ва ҳамкорлигини кенгайтиришга бағишлаб давра суҳбати ўтказди.

 

Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмасининг раиси Гулнора Маҳмудова учрашувни оча туриб, минтақамиздаги етакчи тадбиркор аёллар биринчи бор бундай йўсинда анжуманга йиғилганликларини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ҳозирги кунда Марказий Осиё тадбиркор аёллар уюшмаси фаол тарзда шаклланиб бормоқда. Г.Маҳмудова ана шу ташкилот доирасидаги ҳамкорлик ғоясини қўллаб-қувватлар экан, унинг фаолият шакли ва йўналиши устида иш олиб бориш зарурлигига алоҳида урғу берди.

Бугунги кунда хотин-қизлар мамлакатимиздаги фаол меҳнат ресурсининг 45%ини ташкил этмоқда, улар иқтисодиётнинг барча етакчи тармоқларида фаолият юритмоқда. Кейинги ­йилларда тадбиркорлик айниқса аёллар ўртасида ривож топиб бормоқда. Бу иш қудратли, муттасил мукаммаллашиб бораётган қонунчилик ва ҳуқуқий базага асосланади, бизнес соҳасига имтиёзлар ва преференциялар бериш, уни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш масалаларида давлатнинг тизимли асосдаги ёрдами сезилиб туради. Эндиликда Ўзбекистонда 190 мингдан ортиқ аёл бизнес билан машғул, оила даромадининг каттагина улушини шулар таъмин этиб келмоқда. Тадбиркор аёллар томонидан ташкил этилган тўқимачилик фабрикаларининг, гилам тўқиш корхоналарининг, аёллар устахоналарининг маҳсулотлари маҳаллий бозорларда жуда харидоргир, талайгина қисми экспортга чиқарилмоқда ҳам. Фермер хўжаликлари раҳбарлигини ўз қўлига олган аёллар сони ортиб бормоқда.

Хотин-қизларнинг бу борадаги ҳаракатини ривожлантиришда гендер нодавлат нотижорат ташкилотлари катта роль ўйнамоқда. Бундай ташкилотларнинг энг йирикларидан бири, мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунларида ташкил топган «Tadbirkor ayol» уюшмаси бўлиб, бугунги кунда у ўз сафида 14 вилоят, 68 туман ва шаҳар ваколатхоналарини бирлаштириб турибди. Уюшма сафида ҳозир 12 минг нафар аъзо бор. Уюшма бизнес соҳасига илк ­қадам ташлаш афзалликларини тушунтиришдан тортиб, йирик корхонани бошқариш борасида маслаҳатлар беришга қадар – турли даражада мададкор бўлиб келмоқда.

Марказий Осиё тадбиркор аёлларининг иқтисодий имкониятлари ва ҳамкорлигини кенгайтириш ҳақида «Asia» тадбиркор аёллар бизнес уюшмаси президенти Меруерт Казбекова гапириб берди.

– Шу йўналишда бир ташкилот тузиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш ғояси, – деди у, – Афғонистон ва Марказий Осиё хотин-қизларининг иқтисодий симпозиумида (Бишкек, 2011 йил июль) туғилган эди. Ўшанда минтақадаги пешқадам аёллар ва тадбиркорлар иқтисодий имкониятларни кенгайтириш йўлларини муҳокама қилган эдилар.

Тузилажак Уюшманинг асосий вазифаси аёллар тадбиркорлиги соҳасида давлатлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда қаддини ростлаб дадил илгарилаб борадиган бизнес соҳасини барпо этишга кўмаклашишдан иборатдир. Уюшма Лойиҳа иштирокчиси бўлмиш мамлакатларда ўз ваколатхоналари орқали минтақадаги аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга муносиб имконият яратиб беришни, бу ишни қонунчилик базасини, молиявий воситаларни такомиллаштириш ва йўлдаги ғов-тўсиқларни камайтириш, Марказий Осиё ва Афғонистон тадбиркор аёллари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш орқали амалга оширишни кўзлайди.

Меруерт Казбекова бугунги кунда минтақа мамлакатларида тадбиркор хотин-қизларни қўллаб-қувватловчи инфратузилма мавжуд эканлигини қайд эта туриб, кичик ва хусусий бизнес учун қулай шароитлар яратишга доир ўқув дастурлари бўйича ҳам, самарали воситалар бўйича ҳам маълумотларнинг минтақавий банкини барпо этиш зарур деб айтди. Жумладан, ҳозир Ўзбекистонда микрокредит тизими жуда яхши ривожланган, ҳунармандларни қўллаб-қувватлашнинг ноёб тизими барпо этилган.

«Asia» тадбиркор аёллар бизнес уюшмасини ривожлантириш ва унинг истиқболга мўлжалланган режалари ҳақида уюшманинг ижрочи директори Гулнора Қўшмурзина йиғилганларга гапириб берди. Жанубий Қозоғистон вилояти ишбилармон аёллар уюшмаси бошқаруви раиси Қуралай Бекенова Жанубий Қозоғистон вилояти билан Ўзбекистон тадбиркор аёлларининг ҳамкорлик тажрибасини ўртоқлашди.

Ўзбекистон микрокредит ташкилотлар уюшмаси раиси, «Asia» тадбиркор аёллар бизнес уюшмаси бошқаруви аъзоси Дилдора Алимбекова ўз тақдимотида Марказий Осиё мамлакатларида аёллар тадбиркорлигининг ривожини таҳлил этди ва бу иш истиқболи унинг наздида қандай эканлигига тўхталиб ўтди. 

USAID Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (REC) лойиҳасининг грант дастури ҳақида коммуникациялар ва грантлар бўйича менежер Елена Серебренникова ахборот берди. Чунончи, «Фарғона водийси хотин-қизларининг иқтисодий имкониятларини Марказий Осиё (Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон) ҳунармандчилик маҳсулотлари сифатини яхшилаш орқали кенгайтириш» лойиҳаси доирасида 2013 йил ноябрдан 2014 йил сентябрга қадар 100 минг АҚШ доллари ажратилди. Австрия ва АҚШдан келган халқаро экспертлар маркетинг, маҳсулотлар етказиб бериш силсиласи, ҳунармандчилик маҳсулотлари сифати бўйича тренинглар ўтказдилар. Шунинг натижасида минтақа хотин-қизлари АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистондаги халқаро кўргазмаларда иштирок этдилар, 200 минг АҚШ доллари миқдорида савдо қилинди. Бу учала мамлакат ҳунармандлари ўртасида яхши йўлга қўйилган алоқалар ҳосиласидир.

«Марказий Осиё аёлларининг имкониятларини бозорлар (Қозоғистон ва Ўзбекистон) салоҳиятини ва алоқасини ривожлантириш орқали ошириш» SPINNA Circle/UK лойиҳасига 150 минг АҚШ доллари ажратилди. Ҳиндистон ва Буюк Британиядан келган халқаро экспертлар мазкур лойиҳа иштирокчилари учун Қозоғистонда, Бухоро ва Самарқандда туркум тренинглар, уларнинг маҳсулотлари юзасидан эса индивидуал маслаҳатлашувлар ўтказдилар. Ахборот ва таълим бериш йўналишида Лондонга қилинган сафар маҳорат сабоқлари ўтказиш, тажриба алмашиниш, Ғарбнинг маҳсулот сифати стандартларига, нарх белгилашга бўлган талабларини ўрганиш, ғарблик сотиб олувчиларнинг минтақанинг тўқимачилик маҳсулотларидан хабардорлигини ошириш, маҳаллий ва халқаро бозорлар алоқасини йўлга қўйиш имконини берди.

Е.Серебренникова REC лойиҳасининг грант дастури воситасида Хотин-қизларнинг иқтисодий симпозиумида қабул қилинган қарорларни амалга оширишга кўмаклашиш ишлари давом эттирилишини таъкидлаб ўтди. Хусусан, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатларининг салоҳиятини ошириш ва улар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш ҳам эътибор марказида бўлади.

Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси ва «Asia» тадбиркор аёллар бизнес уюшмаси давра суҳбати ишини якунлаётиб, Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоладилар, минтақадаги аёллар ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ахборотлар алмашинишга, бундай ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида биргаликда тадбирлар ташкил этишга, қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун эксперт гуруҳлар тузишга келишиб олдилар.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 1895 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика