Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 21 / Фармон ва ижро

Тадбиркор энди текширишдан азият чекмайди

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56 фоизга етди. 1991 йилда бу кўрсаткич бор-йўғи 1,5 фоиз бўлган. Бу давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан жамиятимизда тадбиркорлик муҳитини қарор топтириш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар натижасидир.

 

Тадбиркорларнинг сафи кенгайиб бораётгани, иқтисодиётдаги ҳиссаси жадал ўсаётгани уларнинг эркин фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароит яратилаётгани туфайлидир. Аввало, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизими тубдан такомиллашди. Бир пайтлар текширувчи келса тадбиркорнинг кайфияти бузилиши аниқ эди.

Президентимизнинг 1996 йил 8 августдаги «Текширишларни тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришни такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига асосан хўжалик юритувчи субъектларда ўтказилаётган текширишларни мувофиқлаштириш тартиби жорий этилгани шу йўналишда учраётган муаммоларга барҳам беришга замин яратди. Бу билан назорат қилувчи идораларнинг истаган пайтда хоҳлаган корхонада текшириш ўтказиш амалиётига чек қўйилди, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш республика кенгаши ва жойларда унинг ҳудудий комиссиялари ташкил этилди.

Бугунги кунда давлат назоратини амалга оширишга ваколатли органлар томонидан ўтказилаётган текширишларнинг барчаси мазкур Кенгаш тасдиқлаган режа-жадвал асосида ҳамда баъзи ҳолларда қонунчиликда белгиланган тартибда Кенгаш рухсатига биноан режадан ташқари амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

Фармонга мувофиқ, 2015 йил 1 июлдан эътиборан хўжалик юритувчи субъектларда режали текширишлар даврийлиги ва муддатлари, қўзғатилган жиноий ишлар бўйича текширишлар ўтказиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Фармоннинг 2-бандига кўра барча назорат органлари учун режали текширишлар даврийлиги бирхиллаштирилди. 2015 йил 1 июлдан бошлаб назорат қилувчи органлар томонидан микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолиятидаги барча режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларида эса кўпи билан уч йилда бир марта Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарори асосида амалга оширилади.

Маълумки, режали текширишларни ўтказиш даврийлиги бўйича шундай тартиб ҳозиргача фақат тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти бўйича ўтказиладиган текширишлар учун белгиланган эди. Бошқа назорат органлари учун ҳар хил режали текширишлар даврийлиги белгиланганлиги сабабли 2011–2015 йилларда 136 субъектда икки мартадан, 58 субъектда уч мартадан турли назорат органлари томонидан режали текширишлар ўтказилган.

Белгиланган янги меъёр тадбиркорлик субъектларини турли назорат органлари томонидан ҳар йили ёки икки йилда бир марта режали текшириш ўтказишини чеклади.

Тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, яъни бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни ўрганишни талаб этмайдиган режали текширишлар муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги белгиланди.

Бу билан молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишларни ўтказиш муддати уч бараварга қисқартирилди.

Чунки амалдаги қонунчиликда барча текширишлар учун 30 кунлик муддат белгиланган, лекин назорат органлари томонидан 2014 йилда ўтказилган текширишларнинг 80,1 фоизи 10 кунгача бўлган муддатда якунланган. Шундан келиб чиқиб, юқоридаги меъёр белгиланди.

Бундан ташқари, Фармонда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишларда фақатгина охирги текширувдан кейинги давр қамраб олиниши ҳам аниқ белгилаб қўйилди.

Адолатлилик принципини таъминлаш мақсадида қўзғатилган жиноий ишлар бўйича хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятидаги текширишларда эндиликда адвокат мажбурий равишда иштирок этиши жорий этилди (хўжалик юритувчи субъект томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиши ҳолатлари бундан мустасно).

Ҳозирги кунда мазкур Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда Кенгаш тасдиқлаган 2015 йил текширишлар режа-жадвалининг июль-декабрь ойларига тегишли қисми қайта кўриб чиқилмоқда. Тегишлича охирги режали текширишларига 3 ва 4 йил тўлмаган субъектларни режа-жадвалдан чиқариш, шунингдек, қабул қилинган янги меъёрлар асосида текширишларни тартибга солишга доир амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича иш олиб борилмоқда.

 

ЎзА материали
асосида тайёрланди.

Прочитано: 1620 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика