Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 19 / Ижтимоий соҳа

Ёшларимиз меҳнатда, қариялар иззатда

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигида мамлакатимизда аҳоли бандлигини ва ижтимоий муҳофазасини таъминлашда мазкур вазирликнинг устувор вазифалари мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 

Тадбирни очар экан, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А.Абдуҳакимов вазирлик томонидан аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш, ногиронларнинг ҳаётини енгиллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтди.

Анжуманда сўзга чиққан Республика аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш илмий маркази директори Шерзод Кудбиев бугунги кунда Ўзбекистонда 9,3 миллион нафар меҳнатга лаёқатли ёшгача бўлганлар ҳамда 3,6 миллион нафар пенсия ва нафақа олувчилар истиқомат қилаётганини таъкидлади. Оддий арифметик ҳисоб-китобдан келиб чиқилса, аҳолининг 18,9 миллион нафарлик «армияси» меҳнатга лаёқатли кишиларни ташкил этади ва оилани боқиш, моддий таъминлаш айнан шу қатлам вакиллари зиммасидаги масъулият ҳисобланади. Ўзбекистондаги меҳнат ресурслари тақсимотида 18,1 миллион кишилик жами меҳнат ресурсларидан иқтисодий фаол аҳоли сони 13,5 миллион кишини, иқтисодий нофаол аҳоли сони 4,6 миллион кишини ташкил этади.

 

Маълумки, Ўзбекистонимиз аҳолининг ўртача ёши нуқтаи назаридан ­дунё мамлакатлари орасида ёш давлатлардан ҳисобланади. Бу дегани аҳолиси 30,8 миллион кишидан иборат бўлган мамлакатда 500 минг нафар лицей ва коллеж битирувчилари, 50 минг нафарга яқин олий ўқув юрти битирувчилари «мен ҳам ишлайман» деб янги куч сифатида меҳнат бозорига кириб келади. Солиштириш учун маълумот келтирадиган бўлсак, 130 миллионлик аҳолиси бўлган Россияда ҳар йили 1 млн, 120 миллионлик аҳолиси билан Японияда ҳар йили атиги 780 минг (!) нафар ёшлар меҳнат бозорига кириб келади.

Ёшларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарли бўлиш, малакали мутахассис бўлиб етишиши эса нафақат меҳнат вазирлигининг, балки республикадаги бошқа давлат ва нодавлат муассасаларнинг ҳамкорликдаги меҳнатлари эвазига ҳал этиладиган масаладир. Бу борада вазирлик 25.09.2014 йилдаги «Ижтимоий шериклик тўғрисида» ЎРҚ-376-сон Қонун асосида бошқа ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, 2015 йилда мамлакатимизда янги иш жойларини яратиш дастури асосида 725,9 минг кишининг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

 

 

«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурини амалга ошириш доирасида вазирлик олдида турган вазифалар хусусида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг мутасадди ходими Баҳодир Шарапов сўзлаб берди. У хусусан, Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан 17,5 минг нафардан зиёд ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлар рўйхатга олинганлигини таъкидланди.

Ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда 4,8 минг нафар якка-ёлғиз, ўзгалар парваришига муҳтож пенсионерлар ҳар ой бепул 9 турдаги маҳсулотлар билан таъминланиб, бу мақсадларга 564,8 млн сўм бюджет маблағлари сарфланди.

Ногиронларни реабилитация техник воситалари билан таъминлаш мақсадида 642 нафар имконияти чекланган фуқаролар ногиронлар аравачаси, 272 нафари эшитиш мосламаси, 389 нафари хасса ва 117 нафари қўлтиқтаёқ билан таъминланди.

Шунингдек, 842 нафар ёлғизларга «Соғлом авлод учун» жамғармасининг тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси томонидан, 3,7 минг нафардан зиёд ёлғизларга эса поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари орқали уйда патронаж хизмати кўрсатилди.


Рўйхатга олинган ёлғизлар режага асосан соғлиқни сақлаш муассасалари орқали диспансеризациядан ўтказилди. Улардан 6 032 нафари даволанишга муҳтож деб топилиб, 2 115 нафари амбулатория шароитида, 976 нафари стационар шароитида ва 2 941 нафари уйдаги стационар шароитида ўз соғлиқларини тиклаш имкониятига эга бўлди.

Диспансеризация натижаларига кўра, 1 989 нафар ўзгалар қарамоғига муҳтож якка-ёлғизлар бюджет маблағлари ҳисобидан, 3 600 нафар ёлғиз фуқаролар ҳомийлар ҳисобидан, жами 5 589 нафар ёлғизлар бепул дори-дармонлар билан таъминланди.

259 нафар ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлар вазирлик тизимидаги ҳамда Касаба уюшмаси федерацияси ва бошқа санаторияларда соғломлаштирилди.

1941–1945 йиллар уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига 615 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари санаторияларда соғломлаштирилди.


Бундан ташқари, 8 670 нафар кексалар, ногиронлар ва бошқа ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаролар вазирлик тизимидаги санаторийларида соғломлаштирилди. Шунингдек, 4 650 нафар ногиронлар реабилитация марказларида реабилитация тадбирларини ўташди.

2015 йилнинг январь-март ойларида 141,1 мингта иш ўрни ташкил этилган бўлиб, бу тасдиқланган дастурдагидан 4,8 мингтага кўпдир. Яратилган янги иш ўринларининг 62,6 фоизи ёки 88,3 мингтаси қишлоқ ҳудудларига тўғри келади.

Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари орқали 62,8 мингта иш қидираётган фуқаро ишга жойлаштирилди.

 

Меҳнат бозори талабига мувофиқ 1,7 минг нафар ишсиз фуқаро янги касбларга ўқитилди ва ишга жойлаштирилди, 1,2 минг нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

 

2015 йил I чораги давомида техник инспекторлар томонидан 900 дан зиёд корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари масалалари юзасидан текширишлар ўтказилган. Текширишлар давомида меҳнат муҳофазаси қонунчилиги ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари бўйича 10 500 та камчиликлар аниқланган. Натижада мансабдор шахсларга маъмурий жазо чоралари кўрилиб, 300 млн сўмдан ортиқ маъмурий жарималар қўлланилган. Республика бўйича ўтказилган текширишларда 132 нафар давлат меҳнат техник инспекторлари қатнашган бўлиб, меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларини бузиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 938 та ёзма кўрсатмалар иш берувчиларга берилган.

 

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, Ер юзида 2025 йилга келиб 60 ёшдан катта ёшдаги аҳоли сони 1,1 млрд нафардан ортиб, ўтган асрга нисбатан 5 баробарга кўпайиши тахмин қилинмоқда;

Ўзбекистонда ўртача умр кўриш ёши 67 ёшдан 73 ёшга ортди, 20 йилдан кейин аҳолининг (20-30%и) 60 ёшдан катталар улуши сезиларли даражада ортиши тахмин қилинмоқда.

 

 

МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ: САВОЛЛАР ВА ЖАВОБЛАР

 

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт Дастурининг «Бандликни таъминлашда ижтимоий шериклик» қўшма лойиҳаси доирасида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши мутахассислари билан ҳамкорликда махсус қўлланма ишлаб чиқилиб, унда меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлар жараёнида энг кўп учрайдиган саволларга жавоблар тўпланган. Қуйида ушбу савол-жавобларнинг баъзиларини эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

 

Корхонамизнинг янги раҳбари жамоа шартномасида назарда тутилган ҳар чоракда бериладаган мукофот пулини мазкур тўлов Меҳнат кодексида мажбурий тўлов сифатида назарда тутилмаганлигини кўрсатиб, бир тарафлама бекор қилди. Директорнинг хатти-ҳаракатлари қонунийми?

Директорнинг хатти-ҳаракатлари ноқонуний. Меҳнат кодексининг ­4-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, қонунлардагига нисбатан қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари бошқа норматив ҳужжатлар, шу жумладан шартнома йўсинидаги ҳужжатлар (жамоа келишувлари, жамоа шартномалари, бошқа локал ҳужжатлар), шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан белгиланиши мумкин. Шу билан бирга, мазкур модданинг учинчи қисмига кўра, меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг шартлари, агар қонунда бошқа ҳолат кўрсатилмаган бўлса, бир тарафлама ўзгартирилиши мумкин эмас.

 

Қўшма корхонага ишга жойлашаётган вақтимда, иш берувчи корхонага чет эл фуқаролари раҳбарлик қилаётганлиги сабабли корхонадаги йиллик меҳнат таътили 12 кунни ташкил этишини айтди. Бу тўғрими?

Бу нотўғри. Меҳнат кодексининг 5-моддасига мувофиқ меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартлари ҳақиқий эмас. Шу билан бирга, Меҳнат кодексининг 134-моддасига мувофиқ ходимларга 15 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилиши назарда тутилган.

 

Саҳифа Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги

Ахборот хизмати тақдим этган материаллар асосида тайёрланди.

Прочитано: 2334 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика