Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 15 / Бизнинг лойиҳалар

Сабоқ жой танламайди

Шу йилнинг бошларида «Norma» профессионал ривожланиш марказида янги лойиҳа ишга тушди. Вебинар деб аталган бу таълим шакли курсларда алоҳида тарзда таҳсил кўриш ва семинарларда иштирок этишнинг ажойиб имкониятини таъминламоқда. Илгарилари ўқув тадбирларида иштирок этишга имкон топа олмаган корхоналарнинг раҳбарлари, бош бухгалтерлари ва бошқа мутахассислари эндиликда ўз иш жойларини тарк этмаган ҳолда реал вақт режимида таълим олиш имкониятига эга бўлдилар. Марказ директори Мўмин АШУРОВ мухбиримизга ана шу ҳақда ва бундай таълимнинг бошқа қизиқарли жиҳатлари ҳақида гапириб берди.

 

Мўмин Хуррамович, бундай лойиҳани яратиш ғояси қачон ва қандай пайдо бўлди?

– Ўз билим доирасини тўлдириш, мутахассислиги бўйича мукаммалликка эришиш истагидаги кўпгина мутахассислар вақт етишмаслиги боис, ниятларини амалга ошира олмасдилар. Негаки, жумладан бизнинг семинарларимиз кофе-брейк билан кечадиган танаффусни ҳам инобатга олганда, ўрта ҳисобда 4 соат давом этади. Вақт борасидаги ана шу жиҳати, айниқса, компания раҳбарларини ўйлантириб қўярди. Зотан, бизнес манфаатлари кўпинча иш жойидан жилмасликни талаб этади.

Шу зайил талаб-эҳтиёж таклифни юзага келтирди ва вебинардек таълим воситасини ишга туширишимизга туртки берди. Вебинарлар махсус web-дастур ёрдамида Марказимизда ­онлайн режимида ўтказиладиган семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этишга имконият яратди. Ўтган йилнинг охирларида биз ўзимиз учун керакли вариантни топдик, тест синовлари ўтказиб кўрдик. Ҳамма жиҳатдан ижобий натижа олганимиздан кейингина, лойиҳани ишга солишга киришдик.

– Вебинарларингизда кимлар иштирок этиши мумкин?

– Ҳозирча ундан «Norma» АҚТдан фойдаланувчилар ҳамда «СБХ» («НТВ») ва «Норма маслаҳатчи» («Норма») газеталарининг обуначилари баҳраманд бўлмоқдалар, уларга бу имконият бонус сифатида берилмоқда. Вебинарлар рўйхати билан norma.uz сайтида «Семинарлар» деган бўлимда танишиш мумкин. Ҳозирча улар турли мавзудаги 10 та рўйхатдан иборат. Келгусида ёритиладиган мавзулар миқдорини ва жалб этиладиган мутахассислар сафини кенгайтириш мўлжалимиз бор.

– Бундай онлайн машғулотлар қандай шаклда ўтказилмоқда?

– Бугунги кунда улар 2 шаклда, яъни ҳамма иштирокчилар маърузачини кўра ва эшита оладиган вебинар кўринишида ҳамда барча иштирокчилар бир вақтнинг ўзида бир-бирини кўра олиши ва эшита олиши таъминланадиган конференция тарзида олиб борилмоқда. Унисида ҳам, бунисида ҳам саволлар бериш, зарур файллар алмашиниш мумкин.

– Ўзбекистон сарҳадларидан ташқарида туриб ҳам вебинарда иштирок этса бўладими?

– Ҳа, бўлади. Биз шундай имкониятни тест синовидан ўтказдик, амалиётда бир неча марта ишлатиб кўрдик ҳам. Бошқа мамлакатларда бўлганингда ҳам, алоқада бирон-бир тўсқинликсиз вебинарда иштирок этиш мумкин. Бу нарса бот-бот хизмат сафарига борадиганлар ҳамда бизнес иши тақозоси билан тез-тез сафарга чиқадиганлар учун ҳам фойдали деб ўйлайман.

– Бундай мулоқотнинг айтайлик, Skype билан қиёслаганда қанақа афзалликлари бор?

– Skype, шак-шубҳасиз, мулоқот учун жуда қулай софт. Лекин унинг асосий камчилиги трафикни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилишидир. Видеокамерани ишлатган ҳолда 3–4 соатлик фойдаланишга 1 Гб кетади. Бизнинг вебинарлар эса, TAS-IХда ишлайди, бу режим эса кўп ҳолларда фойдаланувчилар учун текин. Бундан ташқари, биз фойдаланаётган дастур барча тингловчиларга файлларни тезкорлик билан алмашиниш имконини берадики, бунга Skypeда ҳамиша ҳам эришилади деб бўлмайди. Шуниси ҳам борки, дастуримиз изланишнинг анчагина енгиллаштирилган шаклига эга эканлиги сабабли, фойдаланишни эндигина бошлаганлар ҳам уни тезгина тушуниб олиб, муддаоларига эриша оладилар. Йўриқнома асосида ишлашни ёқтирадиганлар уни сайтимиздан кўчириб олиши ҳам мумкин. Бир сўз билан айтганда, тингловчиларга ҳар тарафлама қулайлик бўлиши учун барча жиҳатларни эътиборга олишга ҳаракат қилдик.

Таъкидлаш жоизки, мулоқотнинг бу усулидан бухгалтерия ҳисоби бўйича масофавий таълим курсларимизда – ўқитувчи билан маслаҳатлашувда фойдаланмоқдамиз. Сабаби борми-йўқми, бир нарса дейиш қийин-у, аммо таълим олувчиларда натижалар анча яхшиланди.

– Келгусида таълимнинг бу шаклини кенгайтиришни режалаштиряпсизми? Айтинг-чи, он-лайн тадбирлар бизда ҳам, айтайлик, Европадагидек кенг кўлам касб этармикан?

– Яқин келгусидаги режаларимизда онлайн машғулотлар иштирокчилари сонини кўпайтиришни, шунингдек сайтимизда вебинарларнинг махсус архивини ташкил этишни мўлжалламоқдамиз. Агар кимдир on-line режимидаги тадбирларда иштирок эта олмаган бўлса, тадбирнинг ёзиб олинган нусхасини архивдан олиб, бемалол танишиши мумкин.

Лойиҳанинг истиқболи, тараққиётига келганда, мен ҳозирча хулоса чиқаришга шошмаган бўлар эдим. Бугунги кунда бундай шаклдаги таълим кўпчилик фойдаланувчилар учун ноодатийдир. Қолаверса, фойдаланувчиларнинг аксариятида керакли махсус нарсалар (қулоқликлар, камералар, микрофонлар) йўқ, кимлардир ҳамон компьютер билан яхши «тиллаша» олмайди. Лекин техник тараққиёт ҳеч қачон бир жойда қотиб қолмайди. Шундай экан, эртага бўлмаса ҳам, яқин келажакда бу лойиҳани катта ютуқлар кутаётганлиги табиий.

 

Мухбиримиз
Наталья СПИРИДОНОВА
суҳбатлашди.

Прочитано: 1458 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика