Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 15 / Ҳисоботга тайёрланамиз

2015 йил биринчи чораги учун ягона солиқ тўловини ҳисоблашга доир тавсиялар

«Norma Ekspert» мутахассислари шаклланган анъанага кўра ҳисобот даврида ягона солиқ тўлови ҳисоб-китоби ва 2015 йил I чораги учун ЯСТ бўйича ҳисоботни тўлдиришга доир тавсияларни берадилар. Тавсияларни тайёрлашда 2015 йил 1 январдан жорий этилган солиқ солишдаги ўзгартишлар инобатга олинди.

Турли фаолият соҳаларидаги (ишлаб чиқариш, улгуржи ва чакана савдо) корхоналар учун мисолларда имтиёзлар, солиқ солинадиган базани камайтириш, солиқ ставкасини пасайтириш, ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТни ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобини ва унга иловаларни1, Энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ маълумотнома-ҳисоб-китобини тўлдириш тартиби тушунтирилган. 

 

Ягона солиқ тўлови солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.

Ягона солиқ тўлови:

микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан – ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай;

микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган корхоналар томонидан – ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириш муддатидан кечиктирмай тўланади.

Солиқ кодексининг 360-моддаси.

 

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда айрим турдаги солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқаришда уларнинг тўланиши лозим бўлган энг кам миқдори белгиланади.

 

2015 ЙИЛДА АМАЛГА КИРИТИЛГАН ЯСТга ДОИР АСОСИЙ ЎЗГАРТИШЛАР

 ЯСТ тўловчилар бўйича:

Корхона томонидан касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасалари битирувчилари билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича ишга қабул қилинган ходимларнинг ўртача йиллик сони чекланган нормативдан кўпи билан 50% оширилган ҳолларда, унда кичик корхона мақоми ҳамда ЯСТ тўловчиси бўлиш ҳуқуқи сақланиб қолади (Президентнинг 28.07.2010 йилдаги ПФ-4232-сон Фармони 1-банди; Президентнинг 9.12.2014 йилдаги ПФ-4677-сон Фармонига 2-илова, бундан кейин – ПФ-4677-сон Фармон). 2015 йилгача 20% доирасида оширишга йўл қўйилган.

ЯСТ ставкалари бўйича:

Қуйидагилар учун ЯСТ ставкалари ўзгартирилди:

қурилиш ташкилотлари – 2015 йилда у 5%га тенг (2014 йилда – 6%);

улгуржи-чакана савдо қилувчи савдо корхоналари. Агар 2014 йилда ва ундан аввал улар ЯСТни чакана ва улгуржи савдо бўйича улар учун белгиланган ставкаларда алоҳида тўлаган бўлсалар, 2015 йилда умумий товар айланмасига (улгуржи ва чакана савдога ажратмасдан) 5%лик ставка қўлланади.

Бошқа фаолият соҳаларидаги корхоналар учун ЯСТ ставкалари ўзгармади (Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 10-1, 10-2, 10-3-иловалар, бундан кейин – ПҚ-2270-сон Қарор).

 

ЯСТнинг энг кам миқдори бўйича:

Тошкент шаҳридаги ер солиғининг 3 бараварига тенг суммани ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўловчилар учун 2015 йилда ер солиғининг энг кам ставкаси 1 га учун (5-зона) 17,25 млн сўмни ташкил этади. Республиканинг қолган минтақалари бўйича ставкалар ҳам оширилди (индексацияланди) (Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарорига 20-илова);

 

қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўловчилар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари 2014 йилги даражада сақлаб қолинди (Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарорига 12-илова). 2015 йилда ЯСТнинг энг кам миқдорини белгилашда 118 400 сўм ЭКИҲ миқдоридан келиб чиқилади.

 

Имтиёзлар бўйича:

2015 йил 1 январдан бошлаб янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари (чакана савдо ташкилотларидан ташқари):

агар мазкур муддатда улар ўз эҳтиёжлари учун объектлар қурган тақдирда, қуриб битказилган объектни қабул қилиш ҳужжати тасдиқланган санадан бошлаб 6 ой ўтгунгача, бироқ уларнинг давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг 1 йилдан кўп бўлмаган даврда;

қолган ҳолларда – давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб, 6 ой давомида ЯСТни ушбу тўловнинг тасдиқланган энг кам миқдорини ҳисобга олмаган ҳолда тўлайдилар (Президентнинг 7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон Фармони 8-банди; ПФ-4677-сон Фармонга илованинг 4-банди).

 

Профессионал футбол клублари, Ўзбекистон Футбол федерацияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари учун солиқ ва божхона имтиёзларининг амал қилиш муддати узайтирилди. Улар 2018 йил 1 январгача солиқлар, шу жумладан ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилди (ВМнинг 1.06.2012 йилдаги 158-сон Қарори 1-банди; ПҚ-2270-сон Қарорга 36-илованинг 16-банди).

 

1-вазият.

 

ЧАКАНА САВДО КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

Корхона солиқ ҳисобига олинган жой – Тошкент шаҳрида озиқ-овқат товарларини (пишлоқ, колбаса маҳсулотлари, сут маҳсулотлари ва ҳ.к.) чакана сотади.

2015 йил I чорагида унинг товар айланмаси 27 000 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан ойлар бўйича:

январь – 10 500 минг сўм;

февраль – 7 000 минг сўм;

март – 9 500 минг сўм.

Тўлов усулига кўра харидорлардан тушумлар қуйидагича тақсимланди:

16 500 минг сўм – нақд пул маблағлари билан;

9 500 минг сўм – пластик карталар қўлланган ҳолда;

1 000 минг сўм – жорий йил февраль ойида ўз эҳтиёжлари учун маҳсулот харид қилган умумий овқатланиш ташкилоти ҳисоб-китоб рақамига ўтказилган.

I чорак учун ЯСТ ҳисоб-китобида қуйидагиларни ҳисобга оламиз:

чакана савдо корхоналари учун ЯСТ ставкалари савдо шохобчаси жойлашган жойга қараб белгиланади (ПҚ-2270-сон Қарорга 10-2-илова). Тошкент шаҳрида 4%лик ставка белгиланган. Пластик карталар қўлланиб олинган тушумдан ЯСТ 5%га пасайтирилган ставкада, яъни 3,8%лик ставкада ҳисобланади;

чакана савдо корхоналари товарларни нақд пулга, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг пластик карталари бўйича чекловларсиз сотадилар.

Нақд пулсиз ҳисоб-китоб (пул ўтказиш) йўли билан ҳам, фақат ўтган ойдаги ойлик товар айланмасининг 10%и доирасида сотишга рухсат берилган (Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг2 19-банди). Ушбу лимитдан ортиқча нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўловни фақат харидорларнинг муайян тоифаси: бюджет ташкилотлари ҳамда ижтимоий соҳа муассасалари – болалар, даволаш муассасалари, қариялар уйлари, болалар уйлари, ногиронлар уйлари, ўқув ва маърифат муассасаларидан қабул қилишга рухсат берилади.

Пул ўтказиш йўли билан, лимит доирасида (бюджет ҳамда юқорида тилга олинган бошқа ташкилот ва муассасалардан – тўлалигича) олинган савдо тушуми чакана савдо доирасида олинган тушум деб ҳисобланиб, унга чакана савдо корхоналари учун белгиланган ЯСТ ставкасида (Тошкентда – 4%) солиқ солинади.

 

Агар лимитдан ошиб кетилган бўлса, нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўли билан қилинган бутун реализация тегишли лицензия мавжуд бўлганда шуғулланиш мумкин бўлган улгуржи савдо деб тан олинади. Бу ҳолда корхона солиқ солиш мақсадида улгуржи-чакана савдо корхонаси деб ҳисобланиб, бутун ҳисобот даври (чорак) учун бутун товар айланмасига (солиқ солинадиган базага) 5%лик ставка қўлланади. 2015 йил 1 январдан бошлаб ана шундай тартиб ўрнатилди;

 

улгуржи-чакана савдо корхонаси савдонинг ҳар бир тури бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритади ва ЯСТ бўйича базани ҳисобот чораги якунларига кўра асосий фаолият туридан келиб чиқиб белгилайди (МВ ва ДСҚнинг 27.02.2015 йилдаги ММ/04-01-32-14/214/203, 13/3-3651-сон қўшма хати).

Агар реализациянинг умумий ҳажмида улгуржи товар айланмаси устунлик қилса, ҳисобот чораги учун ЯСТнинг энг кам миқдори ер солиғининг 3 бараварига тенг бўлади.

Агар асосий фаолият тури чакана савдо бўлса, ҳисобот чораги учун корхона ЯСТни қуйидагича тўлайди:

агар реализациянинг умумий ҳажмида якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан реализация қилиниши учун рухсат берилган товарлар сотилишидан тушум кўпроқ улушни ташкил этса, қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда;

агар реализациянинг умумий ҳажмида тушумларнинг кўпроқ қисми якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан реализация қилиниши учун рухсат берилмаган товарларга тўғри келса, ер солиғининг 3 бараварини ҳисобга олган ҳолда (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон Қарорига 1-илованинг I бўлими).

 

Реализация қилинаётган товар турини ҳисобга олган ҳолда ЯСТ бўйича базани белгилаш тартиби нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш йўли билан сотиш мавжуд бўлмаган ёки унинг ҳажми белгиланган лимитдан ошмайдиган чакана савдо корхоналарига ҳам, ҳисобот чораги якунларига кўра асосий фаолият тури чакана савдо ҳисобланган улгуржи-чакана корхоналарга ҳам татбиқ этилади.

 

Мисол шартига кўра, февраль ойида 1 000 минг сўмлик товарлар нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш йўли билан сотилган. Ушбу сумма январь ойидаги товар айланмасининг 10%идан ошмайди (10 500 х 10%), тегишинча, 2015 йил I чораги якунларига кўра хўжалик юритувчи субъект, чакана савдо корхонаси деб ҳисобланган ҳолда, ЯСТни қуйидагича тўлайди:

нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш йўли билан келиб тушган суммалардан 4% ҳамда терминал воситасида ҳақ тўлашдан – 3,8%лик ставкада;

қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда, сабаби сотилаётган барча товарларни якка тартибдаги тадбиркорлар сотишига рухсат берилган.

Ҳисобот чорагида корхонада фақат товарларни сотиш кўрсаткичи мавжуд бўлгани ҳисобга олинса, соф тушум (Ҳисоб-китобнинг 010-сатри), солиқ солинадиган ялпи тушум (Ҳисоб-китобнинг 040-сатри) ва ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база (060-сатр) тенг бўлиб, 27 000 минг сўмни ташкил этади.

Реализациянинг умумий ҳажмидан пластик карта воситасида тўланган ва пасайтирилган ставкада ЯСТ солинадиган сумма ажратилади (Ҳисоб-китобнинг 0601-сатри). Нақд пул билан ва пул ўтказиш йўли билан тушган тушум Ҳисоб-китобнинг 0602-сатрида кўрсатилади. ЯСТнинг қўлланиладиган – белгиланган ва пасайтирилган ставкалари тегишинча Ҳисоб-китобнинг 070 ва 0802-сатрларида кўрсатилади.

Бизнинг мисолда 9 500 минг сўмга 3,8%лик ставкада, 17 500 минг сўмга (27 000 – 9 500) 4%лик ставкада солиқ солинади.

Ягона солиқ тўлови суммаси қуйидаги миқдорни ташкил этади:

пластик карталар қўлланган ҳолда товарлар реализациясидан тушумдан (Ҳисоб-китобнинг 0901-сатри) – 361 минг сўм (9 500 х 3,8%);

белгиланган ставкада солиқ солинадиган тушумдан (Ҳисоб-китобнинг 0902-сатри) – 700 минг сўм (17 500 х 4%);

Ҳисоб-китоб бўйича жами ЯСТ (Ҳисоб-китобнинг 090, 120 ва 130-сатрлари) – 1 061 минг сўм (361 + 700).

Сўнгра Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга3 (бундан кейин – 2449-сон Низом) мувофиқ ЯСТнинг энг кам миқдори ва ҳисоб-китоб суммасини белгилаймиз ва таққослаймиз. Ушбу кўрсаткичлар ҳисоб-китоби Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан Ягона солиқ тўловининг маълумотнома-ҳисоб-китобида (2449-сон Низомга 1-илова, бундан кейин – Маълумотнома-ҳисоб-китоб) келтирилади.

 

ЯСТнинг энг кам миқдори Тошкент шаҳрида озиқ-овқат товарлари билан савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган қатъий белгиланган солиқ ставкаси – ЭКИҲнинг 9 баравари миқдорида белгиланади (ПҚ-2270-сон Қарорга 12-илова). I чорак учун у 3 196,8 минг сўмни (9 х 118 400 х 3) ташкил этади.

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси солиқ солинадиган ялпи тушум ва белгиланган 4%лик ставкадан келиб чиқиб аниқланади. I чоракдаги унинг миқдорини аниқлаш учун Ҳисоб-китобнинг 040-сатридаги солиқ солинадиган ялпи тушум қабул қилинади.

I чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 1 080 минг сўмни (27 000 х 4%) ташкил этади.

Энг кам миқдор ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммасидан кўпроқ бўлгани сабабли ушбу кўрсаткичлар ўртасидаги фарқ – 2 116,8 минг сўмга (3 196,8 – 1 080) солиқни қўшимча ҳисоблаш зарур. Ушбу сумма Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 060 ва 080-сатрларида кўрсатилади ҳамда Ҳисоб-китобнинг 170-сатрига кўчирилади. I чорак якунларига кўра бюджетга тўланадиган ЯСТ суммаси (Ҳисоб-китобнинг 180-сатри) 3 177,8 минг сўмга тенг (1 061 + 2 116,8).

 

Бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиш, худди шунингдек камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси.

 

2-вазият.

 

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

Бухоро шаҳрида жойлашган ишлаб чиқариш корхонаси («Камолот» жамғармасига ажратмалар тўловчи) ихтиёрий равишда ҚҚС тўлайди.

 

I чорак бўйича маълумотлар:

маҳсулот реализациясидан соф тушум – 39 000 минг сўм (ҚҚСсиз). ҚҚС бўйича имтиёзлар мавжуд эмас. Маҳсулот ҚҚСни ҳисоблаб ёзиш билан таннархидан юқори нархларда сотилган;

ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун 14 000 минг сўмга товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилинган. Улардан 10 200 минг сўмлигига ҚҚС билан ҳақ тўланган (келиб тушган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚС – 1 700 минг сўм).

Корхона фойдаланилмайдиган омборхоналарни улгуржи савдо корхонасига ижарага беришдан ҳам даромад олади. I чорак учун улар 4 530 минг сўмни ташкил этди (ойига ҚҚСсиз 1 510 минг сўм). Бундан ташқари, шартномага кўра, ижарачи ҳар ойда ўзи истеъмол қилган коммунал хизматлар ва электр энергияси ҳақини тўлашга харажатларни қоплайди (улар қийматига тўғри келадиган ҚҚС суммаси билан). I чорак учун қоплам 669,6 минг сўмни, шу жумладан ҚҚС – 111,6 минг сўмни ташкил этди.

Кадастр ҳужжатларига мувофиқ корхонанинг ер участкаси майдони 1,1 гектарни ташкил қилади. Унда жойлашган бинонинг умумий майдони 0,75 гектарга тенг, шундан 1 800 кв.метрни ижарага берилган омборхоналар ташкил этади.

 

I чорак учун ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда қуйидагилар инобатга олинади:

қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий равишда тўловчи корхоналар Солиқ кодексининг (Кодекс) VII бўлимида белгиланган тартибда ҚҚС бўйича ҳисоб-китоб қилиш, тўлаш ва ҳисобот топширишнинг умумий қоидаларига риоя этадилар.

ҚҚС умуман корхона бўйича, яъни барча фаолият турлари ва ҚҚС солинадиган айланмалар юзага келадиган, амалга ошириладиган операциялар бўйича тўланиши керак.

Товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинаётганда ҚҚС белгиланган ставка (20%) ва солиқ солинадиган айланмадан келиб чиқиб ҳисоблаб ёзилади. Ушбу солиқ солиш базаси бўлиб реализация қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ҚҚС қўшилмаган қиймати ҳисобланади. Товарлар деганда ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ҳамда чет ташкилотлардан қайта сотиш учун харид қилинган товарлар тушунилади. ҚҚСни ҳисоб-китоб қилиш мақсадида мол-мулкни ижарага бериш хизмат кўрсатиш деб тан олинади.

Бюджетга тўланадиган ҚҚС суммаси ҳисоблаб ёзилган ҚҚС билан олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобга қабул қилинган ҚҚС ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.

ҚҚС бўйича корхона алоҳида Ҳисоб-китоб ва 2439-сон Қарорга 3-иловада келтирилган шаклларда унга доир иловаларни топширади.

Ҳисоб-китоб қилишда ҳисоблаб ёзилган ЯСТ суммаси бюджетга ўтказиладиган ҚҚС суммасига, бироқ ЯСТ суммасининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорда камайтирилади;

ишлаб чиқариш корхоналари ЯСТни солиқ солинадиган базадан 5%лик ставкада ҳисоблайдилар. Унга, маҳсулотни реализация қилишдан тушган тушумдан ташқари, бошқа даромадларни ҳам киритадилар, ижарадан олинган даромадлар ҳам улар сирасига киради (Кодекснинг 132-моддаси). Уларга асосий фаолият тури ставкасида солиқ солинади. Бироқ ижарадан тушган тушумлар улуши реализациянинг умумий ҳажмида энг кўп миқдорни ташкил этса, мол-мулкни ижарага бериш асосий фаолият тури бўлади. Бу ҳолда алоҳида ҳисоб юритилади (ижара ва ишлаб чиқариш) ҳамда ижарадан тушган даромадларга ЯСТнинг 6%лик (реализациянинг умумий ҳажмида 60%дан ортиқни ташкил этувчи савдо шохобчаларини ижарага беришдан даромадларга – 30%лик) ставкаси қўлланади.

Ижарачи истеъмол қилган коммунал хизматлар, электр энергияси, алоқа хизматларининг қопланадиган суммаси, агар шартнома шартига кўра у ижарачи томонидан ижара ҳақидан алоҳида қопланадиган бўлса, ижарадан тушган даромад ҳисобланмайди ва ЯСТ ҳисоб-китобига қўшилмайди.

 

ҚҚС тўловчи ижарага берувчилар ижарачи қоплайдиган коммунал хизматлар, электр энергияси, алоқа хизматлари бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга қабул қилинмаслигини назарда тутишлари керак (Ҳисобварақ-фактуралар ҳисобини юритиш ва расмийлаштириш тартибининг4 49, 50-бандлари).

 

Кўчмас мулкни ижарага беришдан даромадларга солиқ солишнинг яна бир хусусиятини ҳисобга олиш лозим. Улардан ЯСТ шартномада назарда тутилган ижара ҳақи суммасидан келиб чиқиб белгиланади, бироқ у Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳар йил тасдиқлайдиган давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун энг кам ставкалар бўйича ҳисобланган суммадан кам бўлмаслиги лозим (Давлат рақобат қўмитасининг 23.12.2014 йилдаги 227/01-14-сон хати; Тошкент шаҳар ҳокимининг 31.12.2014 йилдаги 1079-сон қарори ва бошқалар). Бошқача айтганда, ижарадан даромадлар (асосий турдаги фаолият доирасида ёки бошқа даромадлар сифатида олинган) мавжуд бўлганда амалдаги ижара тўлови энг кам тўлов билан солиштирилади, ЯСТ ҳисоб-китобига ушбу суммаларнинг энг кўпи ўтказилади. Ҳисоб-китоб ЯСТ ҳисоб-китобига 1-иловада кўрсатилади. Агар энг кам ижара ҳақи шартномада белгиланганидан ошса, улар орасидаги фарқни:

агар ижарадан даромадлар бошқа даромадлар бўлса, Ҳисоб-китобга 2-илованинг 035-сатрида;

агар мол-мулкни ижарага бериш асосий фаолият тури ҳисобланса, Ҳисоб-китобнинг 026-сатрида кўрсатиш лозим.

ҚҚСни ҳисоблаб ёзишда ижарага берувчи худди шундай ёндашувни қўллайди (МВ ва ДСҚнинг 26.01.2012 йилдаги ММ/04-01-32-14/87, 13/1-954-сон тушунтириш хати);

асосий фаолият тури ишлаб чиқариш ёки мол-мулкни ижарага бериш ҳисобланган корхонада ЯСТнинг энг кам миқдори ер солиғининг 3 баравар суммасидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади. Уни ҳисоб-китоб қилишда юридик шахслар мулкчилик, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқида фойдаланадиган ер участкалари ҳисобга олинади. Кўчмас мулкни ижарага берувчи корхонада ер участкасининг бутун майдони, шу жумладан ижарага берилаётган бинолар ва (ёки) хоналар эгаллаган майдон ҳисобга олинади. Кодекснинг 280-моддаси иккинчи қисмига ва 282-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ солиқ солиш объекти сифатида қаралмайдиган ёки солиқ солинмайдиган, шунингдек дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш учун берилган участкаларгина ҳисоб-китобга қабул қилинмайди (Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг5 3-банди).

ЯСТнинг энг кам миқдори ҳар чоракда (ортиб бормайдиган якун билан) қуйидаги формула бўйича аниқланади:

ЭКМяст = 3 х С х К1 х К2, бу ерда:

С – ер участкаси майдони ҳамда мазкур жой ва ер тоифаси учун белгиланган ер солиғининг энг кам ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган ер солиғи (ПҚ-2270-сон Қарорга 20-илова);

К1 – амалга оширилаётган фаолият туридан келиб чиқиб қўлланиладиган пасайтирувчи коэффициент;

К2 – бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда жойлашган юридик шахслар учун қўлланиладиган пасайтирувчи коэффициент.

 

I чорак учун ЯСТ қуйидаги изчилликда ҳисоблаб чиқарилади.

Асосий фаолият турини аниқлаймиз. Мисол кўрсаткичларига кўра ялпи тушумда (43 530 минг сўм) ўз маҳсулотини реализация қилиш (39 000 минг сўм) устунлик қилади. Тегишинча, ишлаб чиқариш асосий фаолият тури ҳисобланади, ижарадан тушумлар эса ЯСТнинг 5%лик ставкаси қўлланадиган бошқа даромадлардир.

Бошқа даромадлар суммасини аниқлаш учун энг кам ва амалдаги ижара тўловини (ҚҚСни ҳисобга олмасдан) солиштириш зарур. Январь–март ойларидаги ижарадан олинган амалдаги даромадлар – 4 530 минг сўм. Омборхоналар Бухоро шаҳридаги улгуржи савдо корхонасига ижарага берилганда ижара тўловининг энг кам ставкаси йилига 1 кв.м учун 8 800 сўмни ташкил этади (Давлат рақобат қўмитасининг 227/01-14-сон хатига илованинг 48-сатри). Амалдаги ва энг кам ижара тўловига доир маълумотлар Ҳисоб-китобга 1-иловада қайд этилади.

 

Ҳисоб-китобга 1-илованинг 030 ва 050-сатрларида 2015 йилгача бўлганидек бир йил учун эмас, балки ҳисобот даври учун ҳисоб-китоб кўрсаткичлари қайд этилади (ЯСТ ҳисоб-китобига алоҳида иловаларга ўзгартириш ва аниқлаштиришлар 2.02.2015 йилдан бошлаб, МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 28.01.2015 йилда 2439-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан киритилган).

 

Мисол кўрсаткичларига кўра 1-илова қуйидагича тўлдирилади:

011-сатрда ижарага берилган хонанинг умумий майдони – 1 800 кв.м; ижарачининг ижарага олинаётган хонадаги фаолият тури – улгуржи савдо; объект жойлашган жой – Бухоро шаҳри кўрсатилади. 010-сатрда, агар битта кўчмас мулк объекти ижарага берилган бўлса, 011-сатр кўрсаткичи кўчириб ёзилади;

021-сатрда – 1 кв.м учун йилига ижара тўловининг энг кам ставкаси – йилига 8 800 сўм;

031-сатрда – шартномада белгиланган ижара тўлови суммаси, 1 кв.м учун ҳисобот даври ҳисоб-китобида – 2 517 сўм (4 530 / 1 800);

041-сатрда – 1 кв.м учун ҳисобот даври ҳисоб-китобида энг кам ижара тўлови суммаси – 2 200 сўм (8 800 / 12 х 3);

051, 061 ва 060-сатрларда – энг кам ижара тўловининг шартномада белгиланган ҳисобот даври ҳисоб-китобидаги суммадан ошган қисми.

Мисолимизда ошган сумма мавжуд эмас, чунки амалдаги ижара тўлови энг кам суммадан кўпроқ. Шу сабабли энди ЯСТ шартномада белгиланган ижара тўлови суммаидан ҳисобланади (Ҳисоб-китобга 1-илованинг 051, 061 ва 060-сатрларида, шунингдек 2-илованинг 035-сатрида «0» кўрсатилади). ЯСТ (ва ҚҚС) ҳисоб-китобига I чорак учун олинган (олинадиган) ижара тўлови – 4 530 минг сўмни қабул қиламиз. Бу сумма Ҳисоб-китобга 2-илованинг 030, 010-сатрларида кўрсатилади ва Ҳисоб-китобнинг 030-сатрига кўчирилади.

 

Имтиёзлар ва камайтиришлар мавжуд бўлмаганда ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база (Ҳисоб-китобнинг 060 ва 0602-сатрлари) солиқ солинадиган ялпи тушум (Ҳисоб-китобнинг 040-сатри) – 43 530 минг сўм (39 000 + 4 530) ҳисобланади.

 

ЯСТ суммаси (Ҳисоб-китобнинг 090-сатри) 2 176,5 минг сўмни (43 530 х 5%) ташкил этади. Корхона ҚҚС тўлаши боис ЯСТни бюджетга ўтказиладиган ҚҚС суммасига, бироқ ЯСТ суммасининг 50%идан ортиқ бўлмаган миқдорда камайтирамиз.

 

I чорак учун ҚҚСни ҳисоблаймиз. Солиқ солинадиган айланмалардан ҚҚС 8 706 минг сўмни ((39 000 4 4 530) х 20%) ташкил этади.

Ҳисобга қабул қилинадиган ҚҚСни белгилашда товарлар, ишлар, хизматларни етказиб берувчиларга тўланган ҚҚСнинг умумий суммасидан (1 700 минг сўм) ижарачи истеъмол қилган ва қоплайдиган коммунал хизматлар ва электр энергияси тўловидан ҚҚСга тўғри келадиган 111,6 минг сўмни чегирамиз. Яъни 1 588,4 минг сўм (1 700 – 111,6) ҚҚС ҳисобга қабул қилинади.

 

Бюджетга тўланадиган ҚҚСни ҳисоблаб ёзилган ва ҳисобга қабул қилинган ҚҚС суммаси ўртасидаги фарқ – 7 117,6 минг сўм (8 706 – 1 588,4) сифатида белгилаймиз. Бу сумма ҚҚС ҳисоб-китобининг 050-сатрида ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 100-сатрида кўрсатилади.

Ҳисоб-китобга кўра ЯСТ 2 176,5 минг сўмни, ҚҚС эса 7 117,6 минг сўмни ташкил этади. Бу ҳолда ЯСТни фақат 50%га камайтириш мумкин. Уни камайтирувчи ҚҚС суммаси – 1 088,25 минг сўм (2 176,5 х 50%) ЯСТ ҳисоб-китобининг 110-сатрида кўрсатилади.

Камайтириш инобатга олинганда ҳисоб-китобга кўра ЯСТ 1 088,25 минг сўмни ташкил этади (Ҳисоб-китобнинг 120-сатри). Улардан:

«Камолот» жамғармасига (Ҳисоб-китобнинг 160-сатри) – 87,06 минг сўм (1 088,25 х 8%);

бюджетга (Ҳисоб-китобнинг 130-сатри) – 1 001,19 минг сўм (1 088,25 – 87,06) ўтказилади.

 

Энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ маълумотнома-ҳисоб-китобидаги ЯСТнинг энг кам миқдори ва ҳисоб-китоб суммасини солиштирамиз.

ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилишда Бухоро шаҳридаги 1,1 га ер участкасига, шу жумладан ижарага берилган хоналар майдонига эга бўлган ишлаб чиқариш корхонаси:

4-зона учун белгиланган ер солиғининг энг кам ставкаси – 1 га учун 8 550 942 сўмни ва саноат соҳаси корхонаси сифатида 0,5 пасайтирувчи коэффициентини қўллайди;

ижарага берилган майдонларни чегирмасдан, яъни 1,1 га ер участкаси майдонини тўлиқ ҳисобга олади.

 

I чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори:

1,1 х 3 х 8 550 942 х 0,5 / 4 = 3 527,264 минг сўмни ташкил этади.

 

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТ бўйича имтиёзларни қўлламай ҳисобот чораги учун (I чоракда – Ҳисоб-китобнинг 040-сатри кўрсаткичи) солиқ солинадиган ялпи тушумдан келиб чиқиб белгиланади. I чорак учун у:

43 530 х 5% = 2 176,5 минг сўмни ташкил этади.

ЯСТнинг энг кам миқдори унинг ҳисоб-китоб суммасидан катта. Тегишинча, ЯСТ 3 527,264 минг сўмгача қўшимча ҳисоблаб ёзилади. 1 350,764 минг сўмлик (3 527,264 – 2 176,5) қўшимча ҳисоблаб ёзилган сумма Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050 ва 070-сатрларида кўрсатилади ҳамда Ҳисоб-китобнинг 170-сатрига кўчирилади. I чорак учун бюджетга (Ҳисоб-китобнинг 180-сатри) 2 351,954 минг сўм (1 001,19 + 1 350,76) тўланади.

 

Солиқ тўловчининг солиқни тўлаш мажбурияти солиқ тўловчининг ҳисобварағида етарлича пул маблағлари бўлган тақдирда, уни тўлаш учун банкка тўлов топшириқномаси тақдим этилган пайтдан эътиборан бажарилган деб ҳисобланади (Кодекснинг 48-моддаси иккинчи қисми).

Ҳисобварақда маблағлар етарли бўлмаганда тўлов топшириқномаси 2-сон картотекага жойлаштирилади ва улар келиб тушишига қараб тўланади. 2015 йил 1 январдан бошлаб корхонанинг мансабдор шахслари томонидан солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик учун энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солинади. Бир йил давомида такрор содир этилганда жарима ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорни ташкил этади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 175-моддасининг олтинчи, еттинчи қисмлари, 4.12.2014 йилдаги ЎРҚ-379-сон Қонун билан жорий этилган).

 

3-вазият.

 

УЛГУРЖИ САВДО БИЛАН ШУҒУЛЛАНУВЧИ КОРХОНА УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

Корхона Тошкентда маиший техника билан улгуржи савдо қилади (аввалги йил якунларига кўра асосий фаолият тури). Жорий йилнинг февраль ойида у аҳолидан тўловларни нақд пул билан ва пластик карталар бўйича қабул қилувчи дўкон очди.

I чорак якунлари бўйича товар айланмаси 16 000 минг сўмни ташкил қилди, шу жумладан:

12 000 минг сўм – улгуржи савдодан;

4 000 минг сўм – чакана савдодан, шундан терминал орқали 1 800 минг сўм келиб тушди.

Чорак мобайнида бюджетга ЯСТ бўйича 670 минг сўм бўнак тўловлари ўтказилган.

Кадастр ҳужжатларига кўра корхона офиси ва омборхоналари жойлашган ер участкасининг умумий майдони 1 668 кв. метрга тенг. Дўкон 2 қаватли савдо мажмуасида ижарага олинган. Унинг майдони, ижара шартномасига кўра, 60 кв.метрни ташкил этади.

 

ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда қуйидагилар инобатга олинади:

улгуржи савдо корхоналари Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга6 мувофиқ ЯСТ бўйича бўнак тўловларини тўлайдилар. Корхонанинг махсус ҳисобрақамига тушумлар (шу жумладан чакана савдодан) суммасидан банк бюджетга ЯСТ бўйича бўнак сифатида 5%ни йўналтиради, қолган қисмини эса талаб қилиб олингунгача асосий ва иккиламчи депозит ҳисобварақларга ўтказади. Бўнак тўловлари ҳисобот даври учун ҳисоб-китобга кўра тўланиши лозим бўлган ЯСТни тўлаш ҳисобига инобатга олинади. Бюджетга тўланадиган ЯСТ суммасининг якуний ҳисоб-китоби ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ҳисобот даври якунларига кўра амалга оширилади;

2015 йил 1 январдан улгуржи-чакана савдо билан шуғулланувчи корхоналар (улгуржи ва чакана дорихона ташкилотлари бундан мустасно) ЯСТни солиқ солинадиган базага нисбатан 5%лик ставкада, яъни илгари бўлганидек турли ставкаларни қўллаган ҳолда чакана ва улгуржи товар айланмасига ажратмасдан ҳисоблайдилар. Бундай тартиб Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарори (10-2-илова) билан жорий этилди ҳамда МВ ва ДСҚнинг ММ/04-01-32-14/214/203, 13/3-3651-сон қўшма хати билан унга тушунтириш берилди.

Улгуржи-чакана савдо билан шуғулланувчи савдо корхоналари учун қуйидаги тартиб сақланади:

улгуржи ва чакана савдо бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш;

терминал орқали олинган тушумдан ЯСТнинг 5%га пасайтирилган ставкасини қўллаш ҳуқуқи (2015 йилда у 4,75%ни ташкил этади);

ҳисобот чораги якунларига кўра асосий фаолият туридан келиб чиқиб ЯСТнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ЯСТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби;

ЯСТнинг энг кам миқдори – ер солиғининг 3 баравари юридик шахслар мулкчилик, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқида фойдаланадиган ер участкалари майдонидан келиб чиқиб аниқланади. Корхонага ажратилган ер участкаси майдони ер кадастри ҳужжатларида белгиланган.

Ижарага олинган хона майдони ижара шартномаси маълумотларига кўра қабул қилинади. Агар ушбу хона кўп қаватли бинода жойлашган бўлса, ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун майдон бино эгаллаб турган умумий майдон ва мазкур юридик шахс ижара олган хоналар майдонига тўғри келувчи улушдан келиб чиқиб аниқланади (2203-сон Низомнинг 3-банди).

 

I чорак якунларига кўра товарларни реализация қилишдан соф тушум (Ҳисоб-китобнинг 010-сатри) – 16 000 минг сўм бир вақтнинг ўзида солиқ солинадиган ялпи тушум (Ҳисоб-китобнинг 040-сатри) ва ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база (Ҳисоб-китобнинг 060-сатри) ҳисобланади. Бу сумма Ҳисоб-китобнинг «Асосий фаолият тури» 1-устунида (улгуржи ва чакана товар айланмасига ажратмасдан) кўрсатилади.

Ҳисоб-китобнинг 0601-сатрида дўкон харидорлари пластик карталарни қўллаб ҳақини тўлаган сумма – 1 800 минг сўм ажратилади. Унга ЯСТнинг 4,75%лик ставкасида солиқ солинади. Қолган сумма – 14 200 минг сўмга (16 000 – 1 800) улгуржи-чакана савдо корхоналари учун белгиланган ставка – 5% қўлланади. ЯСТ ставкалари 070 ва 0802-сатрларда кўрсатилади.

Ягона солиқ тўлови суммаси (Ҳисоб-китобнинг 090, 120, 130-сатрлари) 795,5 минг сўмни ташкил этади, шу жумладан:

пластик карталар қўлланиб товарлар реализация қилинишидан тушган тушумдан –

1 800 х 4,75% = 85,5 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 0901-сатри);

белгиланган ставкада солиқ солинадиган тушумдан –

14 200 х 5% = 710 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 0902-сатри).

 

Бюджетга тўланадиган ЯСТни (Ҳисоб-китобнинг 180-сатри) аниқлаш учун ЯСТнинг энг кам ва ҳисоб-китоб суммаларини солиштириш зарур. Агар энг кам миқдор ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммасидан ошса, қўшимча ҳисоблаб ёзиш суммасини аниқлаш ва қўшимча ҳисоблаб ёзишни инобатга олган ҳолда ЯСТни бюджетга ўтказиш лозим. Акс ҳолда Ҳисоб-китобнинг 130-сатридаги ЯСТ – 795,5 минг сўм бюджетга тўланади.

Мисол маълумотларига кўра реализациянинг умумий ҳажмида улгуржи савдо устунлик қилиши боис – 75% (12 000 / 16 000 х 100), ЯСТнинг энг кам миқдори ер солиғининг 3 баравар суммасидан келиб чиқиб аниқланади. Уни ҳисоб-китоб қилишда қуйидаги маълумотлардан фойдаланилади:

2015 йилда Тошкент шаҳрида 5-зона учун белгиланган ер солиғининг энг кам ставкаси 1 га учун 17,25 млн сўмни ташкил этади (ПҚ-2270-сон Қарорга 20-илова);

 корхонага ажратилган ер участкаси майдони тўлиқ ҳисобга олинади – 0,1668 га (1 668 кв.м / 10 000), 2 қаватли савдо мажмуасида ижарага олинадиган дўкон майдони эса 0,003 гектарга тенг деб қабул қилинади (60 кв.м / 10 000 / 2 қават);

асосий фаолият тури улгуржи савдо ҳисобланган корхона ўзининг ёки ижарага олинган омборхоналари мавжуд бўлганда 0,35 пасайтирувчи коэффициентини қўллайди.

Шу тариқа, I чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори (Энг кам миқдор ҳисобга олинган ҳолда ягона солиқ тўлови маълумотнома-ҳисоб-китобининг 040-сатри):

3 х 17 250 000 х (0,1668 + 0,003) х 0,35 / 4 = 768,876 минг сўмни ташкил этади.

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТ бўйича имтиёзларни қўлламаган ҳолда ҳисобот чораги (I чоракда – ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри кўрсаткичи) учун солиқ солинадиган ялпи тушумдан ва солиқнинг 5%лик белгиланган ставкасидан келиб чиқиб аниқланади.

I чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 030-сатри) 800 минг сўмни (16 000 х 5%) ташкил этади.

 ЯСТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китоб суммасидан кам, шу сабабли қўшимча ҳисоблаб ёзиш амалга оширилмайди ҳамда Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050 ва 070-сатрларида, шунингдек Ҳисоб-китобнинг 170-сатрида «0» кўрсатилади.

I чорак учун бюджетга тўланадиган сумма (Ҳисоб-китобнинг 180-сатри) Ҳисоб-китобнинг 130-сатридаги ЯСТ суммаси – 795,5 минг сўмга тенг. Бўнак тўловларини чегирган ҳолда бюджетга 125,5 минг сўм (795,5 – 670) ўтказилади.

 

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатларини бузиш – тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун, тўлов куни ҳам шунга киради, 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисоблашга сабаб бўлади. Бунда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ортиқча тўланган суммага тенг бўлган қарз суммасига пеня ҳисобланмайди. Пеня миқдори тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз суммасидан ошиб кетиши мумкин эмас. Пеня ундирилиши солиқ тўловчини солиқ мажбуриятларини бажаришдан озод қилмайди.

Солиқ кодексининг 120-моддаси.

 

Диққат! Мисолларда ҳисоб-китоб минг сўмда кўрсатилган. ЯСТ бўйича ҳисобот шаклларида барча кўрсаткичлар сўмда бутун сонларда кўрсатилган.

 

ЯСТ ҳисоб-китоби бўйича тавсиялар «Norma Ekspert» мутахассисларининг эксклюзив ишланмаси саналади, у «Практическое налогообложение» («Амалий солиқ солиш»), «Практическая бухгалтерия» («Амалий бухгалтерия») ва «Малое предприятие: учет, налоги, право» («Кичик корхона: ҳисоб, солиқлар, ҳуқуқ») электрон-маълумотнома тизимлари асосида тайёрланди. Уларни «NORMA» газеталари бирлашган таҳририяти» МЧЖ ва «Norma Ekspert» ХКнинг ёзма рухсатномаси билангина, шу жумладан электрон ОАВларда қайта босишга рухсат берилади.

 

1МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2012 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 13-илова (бундан кейин – 2439-сон Қарор).

2ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган.

3МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

42439-сон Қарорга 3-илова.

5МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

6МВ, ДСҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 14.01.2010 йилда 2065-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар

Прочитано: 4321 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2015-04-14 11:23:48, Гость_pop.tayb@mail.ru:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика