Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 15 / Ишбилармонлик муҳити

Қонун лойиҳасида сизга аталган бўлим

Ягона порталда (ЎзИДХЯП) тақдим этилаётган интерактив давлат хизматлари жадал ривожланиб бораётганлиги Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муҳит либераллашаётганлигининг ёрқин кўрсаткичи бўлиб хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 1 январидан эътиборан my.gov.uz сайти тадбиркорларга қонунларни баҳолаш имкониятини бермоқда. Унда мамлакатимиз Президентининг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонини ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (2.12.2014 йилдаги 328-сон) асосида махсус бўлим ишлаб чиқилган.

Йил бошидан буён www.my.gov.uz даги Қонун ҳужжатларининг таъсирини баҳолаш тизимига қонун ҳужжатларининг ҳамда ҳуқуқий ҳужжатларнинг талайгина лойиҳалари жойлаштирилди. Мазкур лойиҳалар остидан берилган фойдаланувчиларнинг шарҳлари бу давлат хизматларига талаб-эҳтиёж борлигидан далолат беради. Норматив ҳужжатларнинг лойиҳаларини муҳокама этишда иштирок этиш учун юридик ёки жисмоний шахсга Ягона порталда рўйхатдан ўтса кифоя.

Қуйида эълон қилинаётган материал билан эътиборингизни Давлат солиқ қўмитаси томонидан Солиқ кодексига киритиш тавсия этилаётган ўзгартишларга қаратмоқчимиз.

 

горизонтал МОНИТОРИНГ СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯЛАРИ БИЛАН ЯНГИЧА МУНОСАБАТ ДЕМАК

Давлат солиқ қўмитаси Солиқ кодексига Ўзбекистон солиқ органлари учун тамомила янги вазифани – горизонтал мониторинг қилиш вазифасини киритиш таклифини илгари сурди.

Янгиликнинг моҳияти шуки, солиқ органлари солиқ тўловчи билан тузилган келишув асосида унинг солиқ мажбуриятларини қандай бажараётганлиги ҳолатини назорат қилиб боради. Солиқ тўловчи мониторинг қилиб бориши учун солиқчиларга солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятига тааллуқли, талаб қилиб олинадиган қўшимча ахборотлар (ҳужжатлар) тақдим этади.

Горизонтал мониторинг фақатгина солиқ тўловчининг розилиги билан, кенгайтирилган ахборотлар алмашинуви тўғрисида махсус келишувни расмийлаштирган ҳолда жорий этилиши мумкинлигини яна бир карра эслатиб ўтамиз. Бундай мониторингни солиқ органлари солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан туриб, у тақдим этган молия ва солиқ ҳисоботларини, унинг фаолияти тўғрисидаги бошқа ҳужжатларни ўрганиб чиқиш ва таҳлил қилиш асосида олиб борадилар.

Горизонтал мониторингдан кўзланган мақсад солиқ тўловчи солиқ бобидаги мажбуриятларини аниқ ижро этишига ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилишига кўмаклашишдан иборат. Бу айниқса мураккаб, охиригача тартибга солиб улгурилмаган хўжалик вазиятларида жуда-жуда муҳимдир. Солиқ тўловчи тузилаётган битимлар бўйича контрагентлар тўғрисида, юз бериши эҳтимолий бўлган солиқ таҳдид-таваккалчиликлари ҳамда уларнинг оқибатлари ҳақида битим тузилгунга қадар ёки солиқ ва молия ҳисоботлари топширилгунга қадар тегишли ахборотлар олади.

Горизонтал мониторинг асносида солиқчиларнинг солиқ тўловчи фаолиятига бирон-бир тарзда аралашувига йўл қўйилмайди. Бундай мониторинг натижалари солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди ҳам.

 

– Бундай тартиб-таомилга чет эллардаги муайян ижобий тажриба ибрат қилиб олинган ва у бизнес аҳли билан солиқ органлари ҳамкорлигининг алоҳида тури ҳисобланади: компания солиқ органига ўзининг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор этади, эвазига эса солиқ солишнинг турли масалаларини (айтайлик, мураккаб ёки трансчегаравий битимлар юзасидан) олдиндан келишиб олиш имкониятларига эга бўлади, – дейди «Бейкер Тилли Узбекистан» компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Олег Даминов. – Ривожланган мамлакатларда солиқ мониторинги тўғрисида келишув (битим) тузиш анча кенг тарқалган бўлиб, бизнес юритиш жараёнларида очиқ-ошкораликни ва таркибий тузилма талаб даражасида бўлишини таъминлашда самара бермоқда. Бу Европа мамлакатлари ва АҚШда умум­эътироф этилган амалиётдир. Мазкур жараённинг ихтиёрийликка асосланган тартибини сақлаб қолиш бағоят муҳимдир, зотан бундан энг аввало йирик компаниялар кўпроқ манфаатдор бўлиши мумкин, негаки улар чиндан ҳам мураккаб ва инновацион бизнес олиб борадилар.

Бу борадаги тажриба шуни кўрсатмоқдаки, солиқ мониторинги тўғрисида тузиладиган келишувлар солиқчиларга ҳам, бизнес аҳлига ҳам фойдали. Зотан, солиқ органлари бундай мониторинг олиб бориш билан «ички аудитор»га қардош бўлиб қоладилар, ҳисоб.

– Улар солиқ тўловчининг жорий молиявий ахборотларидан кенг кўламда баҳраманд бўладилар ва шунинг шарофати билан компания амалга ошираётган операцияларни назорат қилиб боришлари ҳамда қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларининг олдини олишлари мумкин, – деб ўз фикрини изҳор этди «АДАМАС консалтинг сервис» аудиторлик ташкилоти директори Ирина Агафонова. – Бунда аввало назорат тадбирларини ўтказиш учун давлат харажатлари камаяди, чунки одатда, солиқ текширувлари ўтказишга зарурат қолмайди. Мониторинг солиқ тўловчиларга ҳам фойдали, бинобарин, улар қонун ҳужжатларидаги ноаниқлик, мубҳамликка дуч келиб қолган тақдирда, ўз хатти-ҳаракатларининг солиқ бобидаги оқибатлари ҳақида олдиндан тезкорлик билан хулоса олиш имкониятига эга бўладилар. Дарвоқе, бундай хулоса кейинчалик солиқ органининг ўзига ҳам керак бўлиб қолади.

 

Доимий асосдаги солиқ мониторингининг жорий этилиши, башарти бу иш тўғри ташкил этилса, солиқ текширувлари ўтказиш харажатлари, шунингдек солиқ низолари қисқарганлиги муносабати билан суд чиқимлари камайишига, солиқ муносабатларида ҳуқуқий маданият даражаси ошишига ёрдам беради.

Таклиф этилаётган қонунчиликдаги янгиликлар борасида бошқача фикрлар ҳам бор. Булар Ўзбекистонда бозор тараққиётининг ва бозор муносабатлари амал қилиб келаётган тарихан қисқа даврнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олишга асослангандир.

«АНКОРА лигал энд консалтинг сервис» адвокатлик фирмасининг бошқарувчи ҳамкори Андрей Лубенец, жумладан шундай фикрда:

– Ана шу омиллар эътиборга олинадиган бўлса, таклиф этилаётган ўзгартишлар солиқ органлари фаолиятида ҳам, тадбиркорлар фаолиятида ҳам яхши деса бўладиган даражада акс этмаслиги мумкин. Чунончи, инсофсиз, ғирром хўжалик юритувчи субъектлар солиқ органлари билан келишувни баъзи битимлар бўйича ўзлари учун паноҳ қилиб олиш хавфи бор. Улар бунда солиқ органларининг хулосасини қонуний асосда олиш йўлини тутмай, шу йўсин давлат бюджетига зарар келтиришлари мумкин. Бошқа жиҳатдан олганда, айрим солиқчиларнинг горизонтал мониторингдан солиқ тўловчи ҳақида қўшимча маълумотлар тўплаш ҳамда муайян операцияларни амалга оширишда унга босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланишларига, бу билан бизнес аҳли ва давлат ўртасидаги ҳамкорлиг-у ҳамжиҳатликнинг бу илғор усулини жиддий тарзда бадном этишларига йўл қўйиб бўлмайди.

Ташаббус, шак-шубҳасиз, қизиқарли, эътиборга лойиқдир. Лекин тавсия қилинаётган солиқ назорати механизмини амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этишни тараққиётнинг мазкур босқичидаги бизнес соҳасининг талаб-эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш лозим, бу соҳа эса ҳозирча солиқ маъмуриятчилиги юки камайишидан кўпроқ манфаатдор. Йирик ва ўрта бизнес, энг муҳими кичик бизнес ўзига хос тарзда бўлса-да, барибир узлуксиз солиқ текшируви сезилиб ва амал қилиб турган режимда бўлишни яхши иш деб ўйламаса керак, зеро ҳар қандай текширув бизнес соҳасидагилар учун муайян даражада ҳаловатни йўқотиш (стресс ҳолати) демакдир. Тадбиркорга бундай тартиб-таомил қўлланилиши натижасида оладиган чинакам стратегик афзалликларини тавсия этишдан ташқари яққол кўрсатиб бериш муҳимдир. Мабодо гап солиқ тўловчи фақатгина солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини қанчалик тўғри қўлланилаётганлиги тўғрисида шарҳ-талқинлар олиш маъносидаги ахборотлар алмашинуви ҳақида бораётган бўлса, афзаллик жиҳатларининг етарли эмаслиги аниқ. Солиқ тўловчи ҳар қандай шарҳ-талқинни бундай ҳамкорликсиз ҳам олиши мумкин. Бироқ, расман олинган шарҳ-талқинлар ҳам, таассуфки, баъзан солиқ эътирозларидан халос эта олмайди – оқибат натижада солиқлар ва пеня тўлашга олиб келади.

 

Қонун ҳужжатларига солиқчилар томонидан киритиш таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қабул қилингудек бўлса, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатиб қўйилади.

 

НОИНСОФ ТАДБИРКОРЛАРНИНГ БАНК ҲИСОБВАРАҚЛАРИ ИШИ ТЎХТАТИБ ҚЎЙИЛАДИ

Амалдаги қонун ҳужжатларида солиқ органлари солиқ тўловчининг банк билан боғлиқ операцияларини суд тартибида тўхтатиб қўйишга ҳақли бўлган ҳолатлар аниқлаб қўйилган. Солиқ текшируви ўтказишга монелик қилиш ёки текширувчиларни ҳудудлар, биноларни кўздан кечириши учун уларга киритмаслик, шунингдек солиқ тўловчининг солиқ ва (ёки) молиявий ҳисоботни тақдим этмаганлиги – буларнинг барчаси солиқчиларнинг хўжалик юритувчи субъектнинг банк билан боғлиқ операцияларини тўхтатиб қўйиш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этишига асос бўлиб хизмат қилади.

Солиқчилар томонидан таклиф этилаётган ўзгартишлар бу рўйхатни янада кенгайтирмоқда. Гап юқорида зикр этиб ўтилган асослар қаторига солиқ тўловчининг камерал назорат тартибида солиқ ҳисоботини тўлдиришда аниқланган камчиликларга ёки бу маълумотлардаги тафовутларга эътибор қилиш қоидаларини бажармаганлигини ҳам киритиш ҳақида бормоқда. Қонун ҳужжатлари солиқ тўловчи 10 кунлик муддат ичида тузатилган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутларнинг асосларини тақдим этишини талаб қилади. Аммо амалиётда солиқ тўловчилар кўпинча бу муддатга риоя этмайдилар.

Шу муносабат билан ДСҚ камерал назорат натижалари асосида аниқланган тафовутларнинг асосларини ёки аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддат мобайнида тақдим этмаганлик ҳолларида банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни суд тартибида тўхтатиб қўйишни таклиф қилмоқда.

 

Ўз ахборотимиз.

Прочитано: 2059 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика