Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 14 / Амалий бухгалтерия

Веб-сайт актив ҳисобланадими?

Бугунги кунда амалда ҳар бир юридик шахс – Ўзбекистон резиденти ўз Интернет сайтини (web-site) ишлаб чиқмоқда, олға суриб, бошқармоқда. Бироқ кўпчилик учун унга доир мулкий ҳуқуқларни бериш тартиби жумбоқ ҳисобланади. Қилинган харажатларнинг бухгалтерия ҳисоби масалалари ҳам тушунарли эмас. 

 

Бугун биз айни муаллифлик ҳуқуқи ва сайтларни барпо этиш харажатлари ҳисобига тўхталамиз. Веб-сайт шартли равишда қуйидагилардан ташкил топади:

домен номи (унинг Интернет тармоғидаги номи);

хостинг (Интернет тармоғидаги сайт контентини, шу жумладан почта қутиларини жойлаштириш учун зарур ахборот омбори ёки жой ҳажми);

контент (таркиб, «тўлдириш», дизайн), у инсоннинг интеллектуал-ижодий фаолияти натижаси ҳисобланади).

Домен номи ва хостинг ихтисослаштирилган компаниялардан шартнома билан белгиланган вақт даврига олинади. Шу туфайли сайт элементларининг ҳуқуқий ҳимояси таъминланади. Унинг контенти эса тегишли фирмадан буюртирилади ёки корхонада штатдаги мутахассисларни жалб этиш орқали барпо этилади.

 

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИДА ВЕБ-САЙТ

Бухгалтерия ҳисобида веб-сайтни ишлаб чиқиш харажатларини классификациялаш долзарб масалалардан биридир. Улар ташкилот учун нима ҳисобланади: активми ёки харажат?

Ушбу саволга тўғри жавоб топиш учун ҳар қандай активни эътироф этишнинг асосий мезонлардан бири – бўлғуси иқтисодий фойдаларнинг келиб тушиши эҳтимолини эслаймиз. Веб-сайтнинг шу жумладан буюртмаларни веб-сайт орқали жойлаштириш имкониятидан тушум келтириш салоҳияти унинг мавжудлигига мисол бўлиши мумкин.

Агар корхона унинг маҳсулоти ва хизматларини илгари суриш ва реклама қилиш учун ишлаб чиқилган веб-сайт эҳтимолий бўлғуси иқтисодий фойдаларни ярата олишини намойиш эта олмаса (бошқача айтганда, уни барпо этиш тушум олишни кафолатламаса), бинобарин, бундай веб-сайтни ишлаб чиқишга доир барча харажатлар уларнинг вужудга келишига қараб харажат деб эътироф этилиши керак. Уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тўғрисида қарор қабул қилиш учун мазкур харажатларни улар қилинган босқичларга бўлиш тавсия қилинади. Бу эса уларни давр харажатларига ҳисобдан чиқариш ёки номоддий активлар таркибида капиталлаштириш имконини беради. Активларни номоддий актив сифатида эътироф этиш мезонлари 7-сон БҲМСда1 деталлаштирилган, бироқ у мутахассисларда амалиётда юзага келаётган саволларга тўлиқ жавоб бермайди. «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) 1-моддаси ва 1-сон БҲМСнинг2 54-банди қоидаларидан келиб чиқиб, мазкур масалада халқаро амалиётни, хусусан, 38-сон МҲХС (IAS) «Номоддий активлар» (бундан кейин – 38-сон МҲХС) ва 32-сон ПКР (SIC) тушунтириш «Номоддий активлар – веб-сайт харажатлари» (бундан кейин – 32-сон ПКР тушунтириши)ни қўллаш мумкин.

 

Интеллектуал мулк объектлари жумласига интеллектуал фаолият натижалари: фан, адабиёт ва санъат асарлари киради.

Санъат асари – эстетик қимматга эга бўлган объект; инсон бадиий ижодиёти (санъати), онгли фаолиятининг моддий маҳсули.

Фуқаролик кодексининг 1031-моддаси.

 

ЖАҲОН АМАЛИЁТИ

Корхона ишлаб чиққан, ички ёки ташқи фойдаланиш учун мўлжалланган сайт юридик шахснинг ўзи яратган номоддий активдир. Унга нисбатан 38-сон МҲХС талаблари қўлланади. Ушбу Халқаро стандарт номоддий активлар ҳисобини тартибга солади. Бундан ташқари, у доим давр харажатларига ҳисобдан чиқариладиган реклама харажатларига нисбатан қўлланади. Сайтларни яратиш харажатларини капиталлаштириш ёки капиталлаштирмаслик тўғрисида қарор қабул қилиш чоғида 32-сон ПКР тушунтириши ҳам қўлланилади.

Корхона ташқи ҳамда ички фойдаланувчилар учун мўлжалланган ўз веб-сайтини ишлаб чиқиш ва ундан фойдаланишга харажатлар қилишга ҳақли. Биринчисидан электрон хизматлар кўрсатиш ҳамда маҳсулот ва хизматларни сотиш, уларни бозорга олиб кириш ва реклама қилиш мақсадида фойдаланиш мумкин. Иккинчиси одатда компания сиёсати ва мижозлари тўғрисидаги ахборотни сақлаш, тегишли ахборотни излаш, корпоратив мулоқот ва бошқалар учун қўлланади.

Бундай сайтларни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш харажатларининг бухгалтерия ҳисоби учун қуйидагиларни белгилаш зарур:

а) веб-сайт корхонанинг ўзи яратган ва унга нисбатан 38-сон МҲХС талаблари қўлланадиган номоддий актив ҳисобланадими;

б) бундай харажатларни ҳисобга олиш тартиби қандай.

Корхона сайтини ишлаб чиқиш ва ундан фойдаланишнинг барча ички харажатлари 38-сон МҲХСга мувофиқ ҳисобга олиниши керак. Уларнинг ҳисобини лозим даражада юритиш учун харажатлар билан боғлиқ ҳар бир фаолиятнинг хусусиятини, шунингдек ишлаб чиқиш ва ундан кейинги босқичларни таҳлил қилиш зарур. 32-сон ПКР тушунтириши ушбу босқичларни 3 гуруҳга бирлаштиради.

 

Гуруҳ т/р

 

Номи

 

Жараён баёни

 

Ҳисобда акс эттириш

 

1

 

Режалаштириш

 

Ишлаб чиқиш имконияти ва зарурлигини ўрганиш, мақсадлар ва спецификацияларни белгилаш, муқобилликларни баҳолаш ва афзалликларни танлаш

 

Мазкур босқич бўйича харажатлар капиталлаштирилмайди, балки ҳисобот даври харажатларига киритилади

 

2

 

Ишлаб
чиқиш

 

Дастурий таъминот, инфратузилма, дизайн ва мундарижани ишлаб чиқиш. У қуйидагиларни ўз ичига олади: домен номини олиш, аппарат ва тизимли техник таъминотни харид қилиш ҳамда ишлаб чиқиш, тайёр бўлган дастурий таъминотни ўрнатиш ва уни критик юклама режимларида тест синовидан ўтказиш; дизайнни ишлаб чиқиш, график ва матнли ахборотни яратиш, сотиб олиш, тайёрлаш ва юклаш (у веб-сайт билан интеграцияланган ёки унинг ёрдамида ёхуд бевосита сайт саҳифаларида очиладиган маълумотлар айрим базалари тарзида сақланиши мумкин)

 

Агар корхона веб-сайтнинг бўлғуси иқтисодий нафларни яратиш имкониятини намойиш қилиши мумкин бўлса, харажатларни капиталлаштиришга рухсат берилади. Агар у ўз маҳсулоти ва хизматларини олға суриш ва реклама қилиш учун ишлаб чиқилган эҳтимолий бўлғуси иқтисодий нафларни яратадиган сайт сифатида намойиш эта олмаса, уни ишлаб чиқишга доир барча харажатлар уларнинг пайдо бўлишига қараб харажат деб эътироф этилиши керак

 

3

 

Фойдаланиш

 

Дастурий таъминот, инфратузилма, график дизайн ва веб-сайт мундарижасини тутиб туриш ва яхшилаш

 

Харажатлар асосан капиталлаштирилмайди, балки ҳисобот даври харажатларига киритилади

 

 

32-сон ПКР тушунтириши веб-сайт техник таъминотини (масалан, веб-серверлар, дастлабки тест синовидан ўтказиш учун серверлар, ишлаб чиқариш серверлари ва Интернет билан уланишни таъминлаш учун ускуналарни) харид қилиш, ишлаб чиқиш ва ундан фойдаланиш харажатларини сарф-харажатларга киритмайди. Улар 16-сон МҲХС (IAS) «Асосий воситалар»га мувофиқ ҳисобга олинади. Бунинг устига, корхона веб-сайти хостинги бўйича интернет-провайдер хизматларига ҳақ тўлаш харажатлари 1-сон МҲХС (IAS) «Молиявий ҳисоботни тақдим этиш» ва МҲХСнинг Концептуал асосларига мувофиқ мазкур хизматлар олинишига қараб харажатлар деб эътироф этилади. Домен номини сақлаш учун йиллик тўловга нисбатан ҳам худди шундай тартибни қўллаш мумкин.

Шуни таъкидлаш лозимки, 38-сон МҲХС корхонанинг ўзи яратган номоддий актив таннархига савдо, маъмурий ва бошқа умумий қўшимча харажатларни (бевосита активни фойдаланишга киритиш мумкин бўлганлари бундан мустасно), шунингдек актив билан ишлашга ходимларни ўқитиш харажатларини киритишни тақиқлайди (бундай тақиқ 16-сон МҲХС «Асосий воситалар»да ҳам мавжуд). Шунингдек, 38-сон МҲХСга кўра, дастлаб харажатлар сифатида эътироф этилган харажатларни кейинчалик номоддий актив таркибига киритиб бўлмайди.

Номоддий активлар деб эътироф этилган веб-сайтлар, табиийки, амортизацияланади. Улардан фойдали фойдаланиш муддатини аниқлаётганда қисқа муддат энг яхши ҳисоб-китоб баҳоси бўлиши керак.

 

ХУЛОСА ЎРНИДА

Маълумки, активларни эътироф этиш мезонларига жавоб бермайдиган харажатларни капиталлаштириш молиявий кўрсаткичларни манипуляциялашга уринишдан бошқа нарса эмас. Улар ёрдамида компания инвесторлар ва кредиторлар учун жозибадорлигини ошириши мумкин (рентабеллик ва молиявий барқарорликнинг янада юқори кўрсаткичлари ҳисобига). Аслида эса зарарларни капиталлаштириш (активлар ва капитални ошириш) жараёни юз беради. ­8-сон МҲХС (IAS) «Ҳисоб сиёсати, бухгалтерия баҳоларидаги ўзгартиришлар ва хатолар»га кўра молиявий ҳисобот, агар молиявий ҳисоботда корхонанинг молиявий аҳволи, молиявий натижалар ёки пул маблағлари ҳаракати ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш учун содир этилган муҳим ёки муҳим бўлмаган хатолар мавжуд бўлса, у халқаро стандартларга мувофиқ келмайди (демак, ишончли тақдим этилган ҳисобот сифатида қаралиши мумкин эмас).

 

1«Номоддий активлар» (молия вазирининг АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган).

2«Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот» (МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.08.1998 йилда 474-сон билан рўйхатдан ўтказилган).


Татьяна ШАЛУНОВА,

солиқ маслаҳатчиси, аудитор, CIPA, DipIFR,

«Rastax Group» МЧЖ СМТ.

Прочитано: 2619 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика