Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 14 / «Ишонч телефони» – ишончингиз гарови

1007 эшитади: Фарғона вилояти

Фарғона вилоят прокуратура органлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдаги тўсиқ ва ғовларни амалда бартараф этиш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда қонун бузилиши ҳолларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлигини таъминлашда «ишонч телефонлари» имкониятларидан самарали фойдаланиб келинмоқда.

 

Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тезкор ҳамда тўлақонли ҳимояланишини таъминлаш мақсадида вилоят прокуратураси органларида жорий этилган махсус «1007» рақамли «ишонч телефонлари»га 2014 йил ва 2015 йилнинг ўтган даврида жами 430 та мурожаатлар келиб тушган. Бу қўнғироқларнинг 283 таси тадбиркорлик фаолиятидаги муаммолар, 57 таси коммунал хизмат кўрсатиш ва ХУМШ ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, 50 таси аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга доир қонунларнинг бузилиши, 17 таси меҳнат ва бандлик тўғрисидаги қонунларга риоя этилмаётганлиги ва 23 таси бошқа масалаларга оид мурожаатларни ташкил қилади.

Кўриб чиқиш натижаларига кўра мурожаатларнинг 303 таси қаноатлантирилган, 75 тасига тушунтириш берилган ҳамда 44 таси тегишлилиги бўйича жойларга назоратга олинган ҳолда юборилган, 8 та мурожаат кўриб чиқилмоқда.

Тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини амалда тиклаш, уларнинг фаолият кўрсатиши учун қулай шароитлар яратиб беришни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганлиги боис, 283 та мурожаатдан 263 таси қаноатлантирилган.

 

Қаноатлантирилган мурожаатларнинг ўзига тўхталадиган бўлсак, уларнинг 155 таси рўйхатдан ўтиш, 44 таси кредит олиш, 8 таси маблағни ундириб бериш, 24 таси рухсатнома бериш ёки бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш, 4 таси савдо терминали олиб бериш, 3 таси бўш турган бино ва ер майдонини ажратиб бериш, жиҳозлар, маҳсулот ва хом ашёлар билан таъминлаш, 1 таси коммуникация тармоқларига уланиш ва ноқонуний жарима қўлланилганлиги, 17 таси бошқа масалаларга оид бўлган.

 

прокуратура кўмаги билан СУТ ЦЕХИ ОЧИЛДИ

Фарғона вилоят прокуратураси «ишонч телефони»га Бағдод тумани «Қоракўл Чуваланчи» ММТП ҳудудидаги «Истиқлол» кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Р.Маҳамаджонов сутни қайта ишлаш цехи қуриш учун туман ҳокимлиги унга ер майдони ажратмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган. Вилоят прокуратурасининг амалий ёрдами билан мазкур фермер хўжалигига туман ҳокимининг қарорига кўра сутни қайта ишлаш цехи, ишчилар дам олиш маскани ҳамда молхона биноси қурилиши учун 0,5 га ер майдони амалда ажратиб берилишида кўмаклашилган.

Қўқон шаҳар прокуратурасининг «ишонч телефони»га М.Бабахонова қўнғироқ қилиб, унга савдо фаолияти билан шуғулланиш учун рўйхатдан ўтишда амалий ёрдам берилиши ҳақида илтимос қилгач, бу ишга прокуратура органи аралашади: натижада М.Бабахонова тадбиркор сифатида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган.

 

МУРОЖААТНИ БЕЭЪТИБОР ҚОЛДИРДИ – ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ

Бағдод туманидаги якка тартибдаги тадбиркор Ш.Пиримбердиевнинг туман ҳокимлигига қилган мурожаати қабул қилинмаганлиги ва кўриб чиқилмаганлиги уни прокуратурага қўнғироқ қилишга мажбур этади. Маълум бўлишича, тадбиркор унинг дорихона қуриш учун ер ажратиш ҳақидаги
мурожаати архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Н.Усмонов томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилмаган экан. Иш натижаларига кўра, қонунбузилиши ҳолатига йўл қўйганлиги учун мазкур мансабдор шахсга нисбатан МЖТКнинг 43-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган ва фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун унга суднинг қарори билан жарима (237 минг сўм) жазоси тайинланган.

Ҳозирда тадбиркорга фаолиятини ривожлантириш учун ер ажратиб бериш бўйича кўрилаётган чоралар прокуратура назоратига олинган.

 

ИШЛАР БАЖАРИЛДИ. ҲАҚИ ЭСА ОЛИБ БЕРИЛДИ

Қўқон шаҳридаги «Мега прим сервис» МЧЖ раҳбари М.Джураевнинг бажарган иши учун Бағдод туман ҳокимлигидан ҳақни ундириб бериш ва мурожаатини кўриб чиқмаган ҳокимлик мансабдорларига нисбатан чора кўриш ҳақидаги мурожаати кўриб чиқилди. Натижада тадбиркор фойдасига 1,4 млн сўм қарздорлик ундирилди, ҳокимнинг биринчи ўринбосари Б.Боййигитовга нисбатан эса МЖТКнинг 43-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди ва у тегишли жавобгарликка тортилди.

 

«БАНК МИЖОЗ учун» ТАМОЙИЛИ ҚАРОР ТОПТИРИЛДИ

Келиб тушган мурожаатлар орасида тадбиркорларнинг банк муассасалари билан муносабатларидаги қонунбузилишлар етарлича ўринга эга. Ўрганишлар натижасида банклар томонидан банк хизматлари учун асоссиз равишда тўловлар ундирилганлиги аниқланиб, ўз эгаларига қайтарилди.

Масалан, Фурқат туманидаги «Қудратулло» фермер хўжалиги раҳбари Д.Маматкулов мурожаатини кўриб чиқиш натижасида «Агробанк» ОАТБнинг туман филиали ходимлари фермер хўжалигидан асоссиз равишда 0,2 млн сўмни банк хизмати сифатида ушлаб қолганлиги аниқланиб, ушбу маблағнинг фермер хўжалигига қайтариб берилиши таъминланди.

2014–2015 йилнинг ўтган даврида 44 та тадбиркорлик субъектларига уларнинг молиявий аҳволини яхшилаш учун банкларнинг жами 921 млн сўм кредит маблағи берилишида амалий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, мурожаатлар асосида Фурқат туманида яшовчи тадбиркор Б.Йигиталиевга 25 млн, Қўштепа туманида яшовчи О.Абдуллаевга 23 млн, Ш.Турсуновга 20 млн сўм кредит маблағлари ажратиш масаласи ижобий ҳал қилиниб, уларнинг қонуний талаблари қаноатлантирилди.

 

Бундан ташқари, Данғара туманида савдо-сотиқ фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлар Ф.Холиқова ва А.Нумоновнинг мурожаатлари кўриб чиқилиши якунига кўра уларнинг савдо дўконига банкнинг тўлов терминаллари ўрнатиб берилган.

 

УЧРАШУВЛАРДА ҲУҚУҚИЙ САВОДХОНЛИК ОШМОҚДА

Прокуратура ташаббусига кўра тадбиркорлар билан жойларда тегишли хизмат кўрсатувчи ва рухсат берувчи идоралар вакиллари иштирокида учрашувлар ташкил қилиниб, уларда кўтарилган муаммолар қонун доирасида ҳал этилмоқда ва «ишонч телефонлари» имкониятлари ҳақида тушунтиришлар бериб борилмоқда. Хусусан, 2014 йил ва 2015 йилнинг ўтган даврида 28 мингдан ортиқ тадбиркор иштирокида жами 604 марта учрашувлар ўтказилиб, учрашувлар натижасига кўра 20 нафар тадбиркорга 106 млн сўм кредит, 24 нафар фермерга 1 394 га, 6 нафар тадбиркорга ишлаб чиқариш объектларини қуриш учун 2,8 га ер майдони ажратилди, 651 нафар тадбиркорнинг рухсатнома олиш ёки ҳужжатларни расмийлаштириш масаласи ҳал этилди, 4 000 мингдан ортиқ тадбиркорга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Мисол учун, Тошлоқ туманида вилоят прокурори иштирокида ўтказилган учрашувда тадбиркор Б.Ҳамралиевнинг кўтарган муаммосига кўра бўш турган бино болалар спортини ривожлантириш учун унга ижара асосида фойдаланишга олиб берилди.

 

Вилоят прокуратураси органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг «Ишонч телефонлари»га келиб тушган мурожаатларини кўриб чиқиш ишлари давом эттирилмоқда.


Бош прокуратура
Матбуот хизмати.

Прочитано: 3327 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика