1. Бизнинг қурилиш корхонамиз (ХХТУТ бўйича коди – 61110) ягона солиқ тўлови тўловчиси. Ҳозирги вақтда манзилли дастур тўғрисидаги Президентнинг 2009 йил 29 январдаги ПҚ-1051-сон, 2009 йил 3 августдаги ПҚ-1167-сон ҳамда 2009 йил 22 декабрдаги ПҚ-1245-сон қарорларига асосан «QISHLOQ QURILISH INVEST» инжиниринг компанияси билан тузилган бош шартномага асосан унинг буюртмаси бўйича қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жой қурилишининг бош пудратчиси сифатида қурилиш ишларини бажаряпти.
Батафсил тушунтириб берсангиз, инжиниринг компанияси билан тузилган шартномалар бўйича фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартлари асосида якка тартибдаги уй-жой қуриш доирасида амалга ошириладиган иш ҳажмлари бўйича корхоналар (бош пудратчи ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари) қандай солиқ имтиёзларидан фойдаланишлари мумкин?
2. Маълумки, ПҚ-1051-сон Қарор билан юқоридаги корхоналарга солиқ ва бюджетдан ташқари мажбурий тўловлардан имтиёзлар белгиланган. Давлат максадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар деб айнан қайси тўловларга айтилади, ушбу ажратмаларга иш ҳақи жамғармасидан ҳисобланадиган ягона ижтимоий тўлов ва мажбурий суғурта бадаллари ҳам кирадими?
Корхона бухгалтери.
– 1. |
Президентнинг «Уй-жой фондини фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича пудрат ишларини кенгайтиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Қарорининг (29.01.2009 йилдаги ПҚ-1051-сон) 3-бандига асосан янгидан ташкил этилаётган ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш ташкилотлари ва «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси билан тузилган шартномалар бўйича фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартлари билан якка тартибда уй-жой қуриш доирасида улар томонидан амалга ошириладиган иш ҳажмлари бўйича пудрат ташкилотлари 2017 йилнинг 1 январигача солиқларнинг барча турларини ва давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилиниши белгиланган бўлиб, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бундан мустасно этилган.
Бунда Фуқаролик кодексининг 631-моддасида пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олиши, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олиши белгиланган.
Ушбу қоидага асосланиб, пудрат ташкилотлари дейилганда муайян лойиҳа доирасида қурилишда қатнашаётган бош пудратчи ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари тушунилади. Шундай экан, муайян қонун ҳужжати билан (бизнинг ҳолатимизда – ПҚ-1051-сонли Қарори билан) кўзда тутилган имтиёзлар бош пудратчи ва ёрдамчи пудрат ташкилотларига ҳам тааллуқли ҳисобланади.
2. |
Бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга ажратма деганда Солиқ кодексининг 23-моддасига кўра пенсия, республика йўл ва умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаларига МАЖБУРИЙ АЖРАТМАЛАР тушунилади.
Ягона ижтимоий тўлов, фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари; Республика йўл жамғармасига йиғимлар, давлат божи, божхона тўловлари, шунингдек, айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим Солиқ кодексига асосан БОШҚА МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАР ҳисобланади.
Мажбурий тўлов кенгроқ тушунча бўлиб, мажбурий ажратма унинг бир қисми ҳисобланади.
Мажбурий ажратмаларнинг тўловчилари умумбелгиланган солиқларни тўловчилар бўлиб, бошқа мажбурий тўловлар тўловчиларидан кескин фарқ қилади. Бошқа мажбурий тўловлар корхонанинг айрим операциялари билан боғлиқ бўлган тўловлар бўлиб, айнан у ёки бу операциялар амалга оширилишига қараб ушбу тўловларни тўлаш мажбурияти юзага келади ва у солиқ солишнинг тартибига боғлиқ бўлмайди.
Хулоса қиладиган бўлсак, агар ташкилотингиз ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлса, ягона солиқ тўловини тўлашдан озод бўлади, агар умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлса, фақатгина Солиқ кодексида белгиланган тартибда ва белгиланган ставкалар бўйича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратма тўланади.
Ўз навбатида ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадалларини тўлаш мажбурияти сақланиб қолади.
Жавобни солиқ маслаҳатчиси
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.