Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 14 / Божхона

Товарларни электрон расмийлаштириш: вақт ва маблағ тежалади, инсон омили бартараф этилади

Давлат божхона қўмитасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун «Товарларни божхонада электрон шаклда расмийлаштиришнинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги аҳамияти ва эришилаётган натижалар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Йиғилганларга мавзу юзасидан ахборотларни Давлат божхона қўмитасининг Ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бошқармаси бошлиғи Абдусобиржон Саидов тақдим этди. 

 

Таъкидланганидек, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, мамлакатимиз ишбилармонлик ва инвестиция муҳити даражасининг халқаро рейтингини янада ошириш мақсадида Президентимизнинг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон) мувофиқ тадбиркорлик субъектларига 2013 йил 1 январдан бошлаб ўз ихтиёрларига кўра товарларни божхонада электрон шаклда расмийлаштириш ҳуқуқи берилган эди. Ушбу Фармон талабларидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Товарларни божхонада электрон шаклда расмийлаштириш тартиби тўғрисида»ги Қарор (29.12.2012 йилдаги 370-сон) қабул қилинди ва шу асосда 2013 йил 1 январдан бошлаб товарларни божхонада электрон шаклда расмийлаштириш тартиби амалиётга жорий қилинди. Хусусан, амалиётга «Электрон декларациялаш» ахборот тизими жорий этилган бўлиб, у орқали тадбиркорлар томонидан декларациялар, товар ва транспорт воситаларига оид ҳужжатлар ҳамда ҳисоботларнинг божхона органларига масофадан туриб электрон тақдим этиш ва расмийлаштириш йўлга қўйилди. Бу борада амалга оширилган ишлар натижасида божхона юк декларацияларини интернет орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда тақдим этиш имконияти яратилди ва 2014 йилда экспорт-импорт операциялари юзасидан расмийлаштирилган божхона юк декларацияларининг 402 мингдан ортиғи ёки 98,7%и электрон тарзда тақдим этилди.

Тадбиркорлик субъектларининг божхона постларига умуман келмасдан, фақат интернет тармоғи орқали божхона расмийлаштирувини тўлиқ электрон тарзда амалга оширишлари улар билан ишлашда инсон аралашуви омили ва унинг салбий оқибатларини камайтиришга имкон яратилди.

Муҳим жиҳатлардан яна бири шундаки, электрон декларациялашнинг жорий этилиши эвазига тадбиркорлик субъектларини эҳтимолий қоидабузарликлардан ҳимоя қилиш, улар томонидан божхона қоидалари бузилишининг олдини олиш имкони яратилмоқда. Хусусан, ушбу тизим томонидан берилган огоҳлантиришлар натижасида 850 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларида божхона қоидалари бузилишининг олди олинган.

Товарларни божхонада электрон шаклда расмийлаштириш натижасида тадбиркорлик субъектларининг вақт ва маблағлари тежалишига эришилди. Масалан, 2013 йилда тадбиркорлар томонидан 1,2 млрд сўмдан ортиқ маблағ фақат божхона юк декларациялари қоғоз шаклидаги бланкалари учун сарфланган бўлса, 2014 йилда электрон декларациялаш натижасида бу йўналишдаги харажатларга барҳам берилди. Нафақат божхона юк декларациялари, балки у билан бирга топширилиши лозим бўлган турли сертификат, шартнома, юк-кузатув ҳужжатлари каби бир қатор ҳужжатларнинг ҳам электрон шаклда тақдим этилишининг йўлга қўйилганлиги 2014 йилда тадбиркорлар томонидан 60 тоннага яқин қоғоз тежалишига хизмат қилди.

Шу йўналишдаги яна бир муҳим янгилик – Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори (21.07.2014 йилдаги 199-сон) билан тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи савдо шартномаларини ваколатли банкларда ҳисобга қўйиш амалиёти бекор қилиниб, 2014 йилнинг 1 сентябридан бошлаб тадбиркорлар шартномаларни Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали, электрон тарзда рўйхатдан ўтказиш интерактив хизматининг жорий этилиши хўжалик юритувчи субъектларга қоғозбозликнинг олдини олишга қаратилган яна бир муҳим имкониятни тақдим этди. Биргина ўтган йилда 21,5 мингдан ортиқ шартнома ва қўшимча битимлар электрон шаклда рўйхатдан ўтказилган, бу жами шартнома ва қўшимча битимларнинг 40%ини ташкил қилди.

Қизғин муҳокамаларга бой тарзда ўтган тадбирда иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб олдилар.

 

ДБҚ Ахборот хизмати.

Прочитано: 1564 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика