Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 14 / Долзарб мавзу

Яна янги акциз маркалари ҳақида

Вазирлар Маҳкамасининг 11.02.2015 йилдаги 20-сон Қарори билан 2015 йил 1 апрелдан эътиборан алкоголли маҳсулотларга ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркалари жорий этилди.

 

Акциз маркалари дурустгина солиқбоп алкоголли маҳсулотлар ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва реализация қилишни қонуний ўзанда йўлга қўйишнинг муҳим омилларидан биридир. Бундай маркалар қийматида солиқлар 40–60 фоизни ташкил этганлиги боис акциз тўлашдан бўйин товлаш майиллари қутқуси домига тушиб қолиш ҳеч гап эмас. Кейинги 10 йилга оид статистика маълумотларига бир назар ташласак. 2014 йилда вино-ароқ маҳсулотларидан тушган акциз солиғи 2005 йилдагига нисбатан 7,9 марта ўсган. Тамаки маҳсулотлари борасида ҳам вазият шундай: 2014 йилда 2005 йилга нисбатан акциз солиғи 7,8 баробар ўсган.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги товар бозорлари конъюнктурасини ҳамда инвестиция лойиҳалари ва дастурлари экспертизасини ўрганиш республика маркази томонидан 2014 йилнинг бошларида республика алкоголли маҳсулотлар бозори бўйича ўтказилган маркетинг тадқиқотлари алкоголли маҳсулотларнинг сифатини яхшилаш ва қонунийлиги, ҳаққонийлигини кучайтиришда аҳолининг сотиб олаётган алкоголли маҳсулот устидан кучайиб бораётган назорати муҳим роль ўйнаётганлигини тасдиқлади. Фикри сўралган одамларнинг 80 фоизи алкоголли маҳсулотларнинг ҳаққонийлигини назорат қилишнинг асосий воситаларидан бири бўлмиш акциз маркаси борлигига эътибор қаратар эканлар.

Мамлакатимиз сарҳадларидан четга экспорт қилинадиган; халқаро транзит учун мўлжалланган; божсиз савдо дўконлари учун ҳамда Вазирлар Маҳкамаси рухсатномаси бўлган тақдирда – кўргазмалар ўтказиш учун Ўзбекистонга олиб кирилаётган; жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларида, акциз солиғи тўланмасдан олиб кирилаётган (2 литргача бўлган ­алкоголли ичимликлар, 10 қутигача қадар сигареталар) алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлар маркаланмайди1.

Акциз маркаларининг дизайни ҳар 2 йилда янгиланади. Бунда эски акциз маркалари ёпиштирилган алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини янги намунадаги акциз маркалари жорий этилган кундан эътиборан 9 ой мобайнида Ўзбекистонда реализация қилишга рухсат этилади.

 

Шу йилнинг 1 апрелидан эътиборан жорий бўлган акциз маркалари бирлигининг номинал қиймати алкоголли маҳсулотлар учун 25,6 сўмни, тамаки маҳсулотлари учун 9,3 сўмни ташкил этади. Акциз солиғи тўлашда бу ҳисобга олинмайди. Акциз маркаларини олиш (шу жумладан уларнинг номинал қиймати), марка ёпиштириш харажатлари тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар ишлаб чиқарувчиларнинг ва импорт қилувчиларнинг чиқимларига (давр харажатларига) киритилади.

Акциз маркаларига қатъий ҳисобдаги бланкаларнинг бухгалтерия ҳисоби қоидалари татбиқ этилади. Улар баланс ҳисобига 006-«Қатъий ҳисобдаги бланкалар» ҳисобварағига номинал қийматда кирим қилинади.

 

Алкоголли маҳсулот учун мўлжалланган акциз маркаси шишанинг ўралма қалпоғи (ёки полиэтилен тиқини) устидан шишанинг бўйин қисми томон текис, аммо шиша очилганда йиртилиб кетадиган қилиб ёпиштирилади. Бундай марка устидан қандайдир капсулалар қўлланиш тақиқланади, шаффоф материалдан тайёрланганлари бундан мустасно. Бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг ёки импорт қилувчиларнинг акциз маркалари, алкоголли ичимликларнинг бошқа товар гуруҳларига мансуб ёки таранинг тегишли ҳажмига (литражига) мувофиқ бўлмаган акциз маркалари ёпиштирилган, шунингдек бундай марка амалдаги тартиб бузилган тарзда ёпиштирилган алкоголли ичимликлар маркаланмаган деб ҳисобланади ҳамда белгиланган тартибда олиб қўйилиб йўқ қилинмоғи лозим.

Акциз маркаларини қалбакилаштирганлик, шунингдек бундай маркаларни ўтказганлик (сотганлик) учун жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилади. Хусусан, Жиноят кодексининг 176-моддаси нормалари билан қалбаки пул белгиларини ёки қимматли қоғозларни тайёрлаш ва ўтказиш ҳоллари учун шундай чоралар белгилаб қўйилган.

Алкоголли маҳсулотларни акциз маркаларисиз ишлаб чиқараётган юридик шахсларга энг кам иш ҳақининг 300 бараваридан 500 бараваригача бўлган миқдорда жарима солинади2.

Алкоголли маҳсулотларни акциз маркасисиз ёки қалбаки акциз маркалари билан реализация қилаётган, шунингдек чакана савдо қоидаларини бузган савдо корхоналари энг кам иш ҳақининг 200 бараваридан 300 барваригача миқдорда жаримага тортилади ва алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бундан ташқари, айбдор ходимлар қонун ҳужжатларимизда белгиланган маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилади3.

Янги намунадаги акциз маркалари жорий этилганидан кейин, яъни 2015 йил 1 апрелдан эътиборан алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини ҳам янги, ҳам эски намунадаги маркалар билан реализация қилишлари мумкин. 2015 йил 1 августдан эътиборан маҳсулотни эски намунадаги марка билан чиқариш тўхтатилади4.

Башарти, ана шу вақтга қадар ишлаб чиқарувчиларда эски намунадаги марка ёпиштирилган маҳсулотлар қолган бўлса, ана шу қолдиқ маҳсулотга янги намунадаги маркалар ёпиштирилмоғи лозим. Бунда аввало, товардаги эски намунадаги маркалар кўчириб олиниши керак. Маҳсулотдан кўчириб олинган ёки 2015 йил 1 август ҳолатига кўра фойдаланилмай қолган эски намунадаги акциз маркаларини корхонада ташкил этилган комиссия ёқиб ташлайди ва бу хусусда тегишли далолатнома тузади.

1 апрелдан то 1 августга қадар савдо ташкилотлари, шу жумладан улгуржи савдо ташкилотлари мазкур товарларни ишлаб чиқарувчи корхоналардан янги намунадаги акциз маркалари қатори эски намунадаги акциз маркалари ёпиштирилган ҳолда оладилар. Аммо улар эски намунадаги маркали маҳсулотларни 2016 йил 1 январга қадар сотишлари мумкин. Айни ана шу санада савдо ташкилотлари эски намунадаги маркалар ёпиштирилган алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари қолдиқларини инвентаризация қиладилар. Шундан кейин эски намунадаги маркали маҳсулотлар қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб қўйилиши ва йўқ қилиб ташланиши даркор.

Алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари ҳаққоний (қонуний) эканлигини аниқлаш учун истеъмолчи қонуний (ҳақиқий) акциз маркасини қалбакисидан фарқлай билиши керак.

Алкоголли маҳсулотлар бўйича:

1) янги акциз маркасининг дизайни янги, у янги ранг, расмларга эга, ҳимояланганлик даражаси элементлари ўзгарган, марканинг эни бироз камайиб 20 мм ўрнига, 18 мм қилиб чиқарилган;

2) ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг янги акциз маркаси оч яшил рангда (эски намунадагиси оч ҳаворанг эди), импорт қилувчиларники эса, оч бинафшаранг (эски намунадагиси (оч сарғимтир эди). Бундан ташқари, маҳсулот турига қараб, ароқ учун мўлжалланган маркаларда «aroq», барча турдаги винолар (шу жумладан вижиллаб турадиган вино) учун мўлжалланган маркаларда «vino», қолган турдаги алкоголли маҳсулотлар (коньяк, бренди, ликёр ва шу сингарилар) учун тайёрланган маркаларда «spirtli ichimliklar» деб ёзиб қўйилади.

3) маркага ишлаб чиқарувчи корхонанинг 5 белгили коди жойлаштирилади, масалан, O’Z 15026 тарзида ёки импорт қилувчи корхонанинг шундай коди жойлаштирилади, масалан IM 15098 тарзида. Дастлабки иккита рақам («15») акциз маркаси чиқарилган йилни, кейинги учта рақам эса, ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчининг кодини англатади. Ишлаб чиқарувчининг беш белгили коди алкоголли маҳсулот этикеткасида ҳам кўрсатилмоғи керак. Ишлаб чиқарувчилар маркасининг сўл чеккасида заводнинг индивидуал логотипи (фирма белгиси) жойлаштирилади, алкоголли маҳсулот ҳажми кўрсатилади. Бу ёзув этикеткада кўрсатилган ҳажмга (литрга) мос келиши даркор;

4) маркада ҳажм (литр) ёзувининг ўнгроғида коер-код босилади, бу нарса Mobiletag, QuickMark дастурли Android ёки Symbian операцион тизими бўлган мобил телефон ёрдамида ўқилади. Бундай кодда ишлаб чиқарувчи корхоналар учун юқори турувчи ташкилотининг номи, яъни «Uzvinsanoat-xolding ХК», импорт қилувчи корхоналар учун эса, «IMPORT» ёзуви, шунингдек алкоголли ичимликни тайёрлаган заводнинг номи, заводнинг ёки импорт қилувчи корхонанинг коди ва ичимлик ҳажми кўрсатилган бўлади. Буларнинг ҳаммаси кодланган маълумотлар бўлиб, маркада ва алкоголли маҳсулот этикеткасида босилган ана шундай маълумотлар билан мос бўлиши лозим.

5) коер-коднинг ўнгроғидан янги элемент – ҳимояланган ёрқин бўёқ билан туширилган расмли саккиз қиррали юлдуз жой олган. Ҳарорат Цельсий бўйича 47 даражадан ошганда, у йўқ бўлиб қолади. Иссиқлик борасидаги уни текшириш учун саккиз қиррали юлдузли маркага иссиқ чой дамланган чойнакни яқинлаштириш кифоя;

6) акциз маркасининг ўртасида такрорланувчи голографик тасвири бўлган зарқоғоз туширилган. Голограмманинг қуйи қисмида янги марка ишлаб чиқарилган йил – «2015» рангсиз қилиб бўртма шаклда босилган.

7) голограмманинг ўнгроғида «UZB» ҳарфлари ва иккита 8 қиррали юлдузча бор, қиялатиб кўрилганда уларнинг ранги ёрқин тилла рангдан оч кумушрангга қадар товланади;

8) голограмманинг янада ўнгроғида акциз маркасининг иккита ҳарф ва 7 хонали рақамдан иборат индивидуал туркум рақами (масалан, АА1265784) босилган. Бу рақам ультрабинафшаранг тушганда қизил ранг бўлиб товланади. Марканинг юз тарафидаги қора рангли рақам терс тарафдан қизил ранг бўлиб ўзгаради.

9) индивидуал рақам узра жойлашган бўш оқ дарча металл буюм билан ишқаланса, «UZB» ҳарфларидан иборат тасвир пайдо бўлади;

10) марканинг ўнг чеккасида қизил-жигаррангдаги нақш-гул жойлашган бўлиб, унинг бўртиб туриши бармоқ тегизилса сезилади;

11) акциз маркасининг бутун шакли бўйлаб микроматн жойлашган бўлиб, уни бир неча марта катта қилиб кўрсатадиган лупа ёрдамида ўқиш мумкин;

12) акциз маркасини бор бўйича икки рангли тасвир жойлашган бўлиб, ультрабинафшаранг тушганда қизил-яшил бўлиб товланади;

13) акциз маркалари сувқоғоз белгилари бўлган махсус қоғозда босилган бўлиб, ёруғга тутилса, бу белгиларда «DSN» рамзи ва беш қиррали юлдузча кўринади, уларнинг ранги оч ва қорамтир бўлиб тусланиб туради.

 

Тамаки маҳсулотлари бўйича:

1) ишлаб чиқарувчиларнинг янги акциз маркаси оч яшил рангли (эскиси оч сарғиш эди), импорт қилувчиларнинг янги акциз маркаси эса оч бинафшаранг (эскиси оч ҳаворанг эди) бўлади;

2) акциз маркасига 4 белгили код жойлаштирилади, масалан, ишлаб чиқарувчи корхонанинг акциз маркасида O’Z 1501 ёки импорт қилувчи корхонанинг акциз маркасида IM 1502 коди бўлади. Дастлабки иккита рақам («15») акциз маркаси чиқарилган йилни, кейинги иккита рақам («01») эса ишлаб чиқарувчининг ёки импорт қилувчининг кодини англатади;

3) акциз маркасининг чап тарафида такрорланувчи рангдор голографик тасвирли зарқоғоз бўлади;

4) акциз маркасининг бутун шакли бўйича микроматн жойлашган бўлиб, уни бир неча марта катта қилиб кўрсатадиган лупа ёрдамида кўриш мумкин;

5) акциз маркасининг бор бўйича икки рангли тасвир жойлашган ва у ультрабинафшаранг тушганда жигарранг-яшил ранг бўлиб товланади;

6) акциз маркалари сувқоғоз белгилари бўлган махсус қоғозда босилган бўлиб, ёруғга тутилса, бу белгиларда «DSN» рамзи ва беш қиррали юлдузча кўринади, уларнинг ранги оч ва қорамтир бўлиб тусланиб туради.

 

1Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган ва Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларда акциз маркаларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 14.08.1996 йилдаги 285-сон Қарорига 1-илова); Ўзбекистон Республикасида тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга акциз маркаларини қўллаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (МВ ва ДСҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 7.01.1999 йилда 589-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

2Вазирлар Маҳкамасининг 5.01.1999 йилдаги 2-сон Қарори.

3Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидалари (Президентнинг 16.03.2007 йилдаги ПҚ-605-сон Қарорига 2-илова).

4Алкоголли ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом (МВ, ДСҚ ва ДБҚнинг АВ томонидан 3.03.2004 йилда 1320-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган).

 

Феруз ХАЙРУЛЛАЕВ,

эксперт.

 

Прочитано: 3494 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика