Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 11 / Долзарб мавзу

Пенсия тўлаш тартиби ўзгардими?

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 5.03.2015 йилда 2657-сон билан рўйхатдан ўтказилган) жорий йилнинг 9 мартидан бошлаб кучга кирди. Қуйида ушбу норматив ҳужжат билан белгиланган айрим муҳим қоидаларга эътиборни қаратмоқчимиз.

 

Ишлайдиган ва ишламайдиган пенсионерларга пенсия қаерда тўланади?

 

– Пенсия ва нафақа тўлови қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

а) ишламайдиган шахсларга:

пенсионер ва нафақа олувчининг яшаш жойи бўйича — почта алоқаси объекти орқали;

пенсионер ва нафақа олувчининг яшаш жойи бўйича тижорат банки филиали орқали (банк пластик карточкаси ҳисобварағи ёки жисмоний шахсларнинг омонат ҳисобварағига ўтказиш йўли билан);

б) ишловчи пенсионерларга — асосий иш жойи орқали.

 

Пластик карточкага пенсиянинг неча фоизи ўтади?

 

– Ишламайдиган шахсга пенсия ва нафақа тўловининг шакли олувчининг аризасига асосан аниқланади. Ариза қуйидаги шаклдаги банд билан бошланади:

«Менга тайинланган пенсия, нафақа, ойлик компенсация ва бошқа тўловларни (кераклисининг тагига чизилсин) 20___ йил ______________ойидан, 20___ йил ___________ ойигача қонун ҳужжатларига амал қилган ҳолда ойлик сумманинг ____ фоизи почта алоқаси бўлими орқали, ____ фоизи тижорат банки филиалига (банк пластик карточкаси, жисмоний шахснинг омонат ҳисобварағи) (кераклисининг тагига чизилсин) ўтказиб беришингизни сўрайман».

Пенсия ва нафақани банк пластик карточкаси ёки жисмоний шахсларнинг омонат ҳисобварағи орқали олаётган шахснинг аризасига банк пластик карточкаси бўйича ҳисобварақ ёки жисмоний шахсларнинг омонат ҳисобварағи очганлиги тўғрисидаги маълумотнома ва тижорат банк филиали ҳамда мижоз ўртасида имзоланган шартноманинг нусхаси илова қилиниши лозим.

Бунда пенсия ва нафақа тўлови шахснинг аризасида кўрсатилган муддат давомида амалга оширилади. Шахснинг аризасида кўрсатилган муддат тугагандан сўнг пенсия ва нафақа тўлови тўхтатилади ҳамда фақат пенсионер ёки нафақа олувчининг аризасига асосан тикланади.

 

Пенсионер пенсиясини олиш учун 6 ой келмаган тақдирда нима бўлади?

 

– Пенсия банк пластик карточкаси ёки жисмоний шахснинг омонат ҳисобварағига тўланганда, пенсионер ҳар 6 ойда Пенсия жамғармаси бўлимига келиб, ўзининг пенсия суммасини олиш ҳуқуқини тасдиқлаши зарур.

Шахс белгиланган муддатда Пенсия жамғармаси бўлимига келмаган тақдирда, Пенсия жамғармаси бўлими ходимлари 10 кун ичида пенсионер: тирик эканлиги; ишга жойлашганлиги; яшаш жойи ўзгарганлиги ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетганлиги; жазони ижро этиш муассасасида эканлиги; кексалар ва ногиронларнинг интернат уйларида (пансионатларида) яшаётганлиги ҳолатларини аниқлаш учун пенсионер яшайдиган жойга боради.

Шахснинг олинадиган пенсияга ҳуқуқлари тасдиқлангандан сўнг, тўлов навбатдаги 6 ойга давом эттирилади.

 

Пенсионер, масалан, дейлик даволаниш учун чет элга кетган бўлса, пенсияни олиш учун у фарзандларига ишончнома бериб юборса бўладими? 

 

– Пенсия ва нафақани тўлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома бўйича амалга оширилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси ташқарисида расмийлаштирилган ишончномага ушбу ҳужжат расмийлаштирилган давлатнинг ваколатли давлат органи томонидан апостиль қўйилиши лозим (бу борада истисно ҳам мавжуд).

Ишончнома берган шахс пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига бир йилда камида бир марта келиб тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини ариза ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиш орқали тасдиқлаши керак.

Ишончли вакил пенсия ва нафақа тўлашга таъсир этиши мумкин бўлган, ўзига маълум барча ҳолатлар тўғрисида Пенсия жамғармаси бўлимига хабар бериши шарт.

Ишончнома тегишли почта алоқаси объектида сақланиши лозим.

 

Пенсионер янги ишга кирса, бу ҳақдаги буйруқни олиб келиши талаб этиладими?

 

– Ҳа, пенсионер ишга қабул қилинганда ушбу ташкилот раҳбари пенсияни тайинлаган Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига пенсионер ишга қабул қилинганлиги тўғрисида (фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузилганлиги тўғрисида) беш кун ичида хабар қилиши, шунингдек ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани (фуқаролик-ҳуқуқий шартнома нусхасини) тақдим этиши шарт.

 

Фуқаро республиканинг бир ҳудудидан бошқа ҳудудига кўчиб кетган тақдирда пенсиясини қаердан олади?

 

– Шахс бир туман (шаҳар) ҳудудида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида бошқа туман (шаҳар)га доимий яшаш учун кўчиб кетганда, пенсия ва нафақа аввалги яшаш жойи бўйича шахс рўйхатдан чиқарилган ойнинг охиригача тўланади.

Шахс қуйидаги ҳолларда янги яшаш жойига кўчиб келган ҳисобланади:

бошқа давлатдан Ўзбекистон Республикасига доимий яшаш учун кўчиб келганда;

Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасидаги бошқа туман (шаҳар)дан доимий яшаш учун кўчиб келганда;

бир туман (шаҳар) ҳудуди доирасида доимий яшаш учун кўчиб ўтганда.

Янги яшаш жойи бўйича пенсия ва нафақа тўлови комиссия қарорига асосан белгиланган миқдор ва муддатларда амалга оширилади.

 

Пенсиядан қачон чегирмалар қилинади?

 

– Пенсия (нафақа)лардан қуйидаги ҳолларда чегирмалар қилинади:

а) суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ва ҳукмлари (мулкий ундиришлар борасида), нотариал идораларнинг ижро варақалари ҳамда бошқа ҳал қилув қарорлари ва қарорлар асосида;

б) Пенсия жамғармаси бўлимининг қарорига биноан пенсионерга (нафақа олувчига) тегишли маълумотлар тақдим этмаганлиги натижасида ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия (нафақа) миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда.

Пенсия (нафақа)лардан юқорида кўрсатиб ўтилганидан ташқари бошқа ҳолларда чегирмалар қилиш мумкин эмас.

Пенсия (нафақа)дан чегирмалар қилиш миқдори пенсионерга (нафақа олувчига) тўланиши лозим бўлган пулдан ҳисоблаб чиқарилади.

Ҳар ойлик чегирмалар миқдори пенсия (нафақа)нинг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас.

Ортиқча тўланган пенсия (нафақа) пули бўйича қарздорлик тўлиқ узилгунга қадар пенсия (нафақа) тўлаш тўхтатилган ҳолларда (масалан, меҳнат қобилияти тикланганлиги туфайли ёки бошқа ҳолларда) қолган қарздорлик миқдори суд тартибида ундирилади.

 

Қарздор пенсионер вафот этгудек бўлса, унинг қарзлари қандай ҳисобдан чиқарилади?

 

– Ортиқча тўланган пенсия (нафақа) суммаси бўйича қарздорликка эга бўлган пенсионер (нафақа олувчи)нинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия (нафақа) суммасини тайинлашда ортиқча тўлов суммаси олинмай қолган пенсия (нафақа) суммасидан ундириб қолиниши лозим.

Пенсионер (нафақа олувчи)нинг вафоти ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқарига доимий яшаш учун кўчиб кетиши муносабати билан пенсия (нафақа) суммасидан ортиқча тўловларни ҳисобдан чиқариш комиссия қарорига асосан амалга оширилади.

Пенсия (нафақа) суммасидан ортиқча тўловлар суд қарорига асосан ҳам ҳисобдан чиқарилиши мумкин.

 

Қай ҳолларда пенсия тўлаш тўхтатиб турилиши мумкин?

 

– Тўлов қуйидаги ҳолатларда тўхтатиб турилади:

пенсия ва нафақа тўлаш муддати тамом бўлганда;

кетма-кет 3 ой мобайнида почта алоқаси объекти орқали пенсия олинмаганда;

пенсионер ва нафақа олувчи суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилганда;

пенсионер руҳий беморлар интернат уйларида яшаганда;

пенсия ва нафақани тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида пенсионер ёки нафақа олувчи томонидан ариза берилганда.

Шахснинг суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида бўлган вақти учун пенсия ва нафақа тўланмайди. Шахс озод бўлгандан кейин тўлов Пенсия жамғармаси бўлимига ариза берилган кундан бошлаб тикланади.

Пенсия ва нафақалар тўлашни тиклаш комиссия қарорига асосан амалга оширилади.

 

Низомга асосан ташкил этилган мониторинг гуруҳи нималар билан шуғулланади?

 

– Пенсия жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилишини таъминлаш мақсадида Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан пенсия ва нафақалар тўлови устидан мониторинг ишлари амалга оширилади.

Мониторинг ҳар ойда танлов асосида Пенсия жамғармаси бўлимида ҳисобда турган пенсионерлар ва нафақа олувчиларнинг 8 фоизидан кам бўлмаган ҳолда, 12 ой якунлари бўйича эса барчасини қамраб олган ҳолда ўтказилади.

Мониторинг учун масъул шахс ҳар бир пенсионер ва нафақа олувчи билан суҳбат ўтказади. Мониторинг давомида мониторинг учун масъул шахс қуйидаги фактларни аниқлайди:

пенсионер ёки нафақа олувчининг тирик эканлиги; ишга жойлашганлиги; яшаш жойи ўзгарганлиги ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқарига доимий яшаш учун кўчиб кетганлиги; жазони ижро этиш муассасасида эканлиги; доимий (вақтинчалик) рўйхатдан ўтган жойи; паспортнинг амал қилиш муддати; кексалар ва ногиронларнинг интернат уйларида (пансионатларида) яшаётганлиги; ишончнома орқали пенсия ва нафақа тўлови тўғри тўланаётганлиги; пенсия ва нафақани қайдномада кўрсатилган пенсионерга ёки нафақа олувчига шахсан тўланаётганлиги; банк пластик карточкасининг мавжудлиги; пенсия ва нафақа тўловига таъсир қиладиган бошқа ҳолатлар.

Мониторинг ўтказиш давомида аниқланган ҳуқуқбузилиш ҳолатлари бўйича мониторинг учун масъул шахс томонидан ёки тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили иштирокида далолатнома расмийлаштиради.

Зарур ҳолларда Пенсия жамғармаси бўлими тасдиқланган графиклардан ташқари тўсатдан ўрганишлар ташкил этиш ҳуқуқига эга.

 

Фаррух ФАЙЗИЕВ, ҳуқуқ магистри.

«Norma Hamkor» МЧЖ
эксперт-консультанти.

Прочитано: 5997 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика