Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 11 / Бевосита мулоқот

Иш ҳақига нақд пул олиш тартиби соддалашди

Корхонамиз банкдан 2015 йил январь ойи учун иш ҳақининг 50 фоизини февраль ойида пластик карточка орқали олди. Бироқ, қолган маблағларни чек орқали нақд шаклда олмоқчи бўлиб банкка мурожаат қилганимизда банк январь ойи учун иш ҳақидан ушланадиган солиқлар тўланганлигини тасдиқловчи далилни сўради. Корхонамиз 2014 йил якунлари бўйича ҳисоботларни электрон тартибда тақдим этди ва бироз вақт ўтгач, солиштирма далолатнома нусхасини олди. Далолатномада қарздорлик мавжуд эмаслиги, балки ҳатто ортиқча тўлов ҳам борлиги кўрсатилган эди. Шу далолатнома нусхасини асос сифатида банкка топширдик. Лекин мазкур ҳужжатнинг нусхаси туман ДСИ томонидан тасдиқланмаганлиги учун банкнинг тегишли ходимлари пул чекига имзо қўйишмади.

Банкнинг бу ҳаракати қанчалик тўғри? 

 

– Ўзбекистон Республикаси банкларида бухгалтерия ҳисобини юритиш ва бухгалтерия ишларини ташкил қилиш тартиби тўғрисида йўриқнома1 57-бандининг иккинчи хатбоши илгари қуйидаги таҳрирда амалда эди:

«Нақд пул чекларини қабул қилишда масъул ижрочи бухгалтер нақд пул чеки билан иш ҳақидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий бадалларни, Касаба уюшмаларига ихтиёрий бадалларни, жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ҳамда жамғариб бориладиган шахсий пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларини ўтказиш бўйича хўжалик юритувчи субъект раҳбари ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахс томонидан имзоланган ва думалоқ муҳр билан тасдиқланган реестр илова қилинган тўлов топшириқномалари тақдим этилмаган ҳолларда нақд пул чеклари банклар томонидан ижрога қабул қилинмайди».

Бироқ, ушбу хатбоши МБ бошқарувининг АВ томонидан 9.02.2015 йилда 1834-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига мувофиқ чиқариб ташланди. Мазкур қарор расмий кучга кирган кундан, яъни 16.02.2015 йилдан эътиборан юқорида кўрсатилган тўлов топшириқномалари ҳамда уларга илова қилиниши лозим бўлган реестр эндиликда банкка тақдим этилмайдиган бўлди.

Юқоридаги Йўриқномада назарда тутилганидек, пул ҳисоб-китоб ҳужжатлари, шунингдек банк ҳисобварағи шартномасида кўзда тутилган бошқа ҳужжатлар банк томонидан фақат мижознинг банкка тақдим қилган муҳр ва имзо қўйилган варақчада кўрсатилган шахслар ёки мижознинг вакил қилинган шахсидан ишончнома асосида қабул қилинади (27-банд). (Бундай ишончнома, 34-бандининг учинчи хатбошисининг ҳамда 571-бандининг биринчи хатбошисининг мазмунига кўра, тақдим этилиши шарт.)

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқномага (янги таҳрири)1 кўра, юридик шахслар банкка жамоа шартномасида ёки бошқа локал меъёрий ҳужжатларда назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг муддатлари тўғрисидаги маълумотларни касса буюртманомалари воситасида тақдим этадилар (35-банд). Банклар хомчўт (прогноз) қилинаётган чоракнинг бошланишидан 30 кун олдин асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатилаётган юридик шахслардан касса буюртманомаларини оладилар (8-банд).

Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқномага (янги таҳрири)2 биноан банк кассасидан нақд пул бериш хўжалик юритувчи субъектларга пул чеклари бўйича амалга оширилади (89-банднинг «а» кичик банди).

Шу тариқа, юридик шахс нақд пул олиш мақсадида банкка касса буюртманомасини (хомчўт қилинаётган чоракнинг бошланишидан 30 кун олдин) ва пул чекини тақдим қилади.

Юқорида номлари келтирилган ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда юридик шахсларнинг ўз ходимларига иш ҳақини тўлаш учун банкдан нақд пулни олишларида ходимларнинг шу даромадидан солиқ суммаси бюджетга тўланганлиги тўғрисидаги далилни (шу жумладан солиқ органи билан тузилган солиштирма далолатноманинг нусхасини) банкка тақдим этишлари кераклиги вазифаси мазкур юридик шахслар зиммасига юклатилмаган.

Агар банк ўзининг ноқонуний талабларини давом эттириб корхонангизга нақд пулни бермаса, сиз банкни Мижозларга ҳисобварақлар очиш, уларнинг ҳисобварақларига пул маблағларини ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш, иш ҳақи ва қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган бошқа эҳтиёжлар учун нақд пул маблағларини беришнинг ўрнатилган тартибларини бузганликлари учун тижорат банкларига жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг4 5-бандида назарда тутилган жавобгарликка тортиш масаласини қўйишингиз мумкин. Унда, хусусан, шундай белгиланган: «Банклар томонидан иш ҳақи ва қонунларда назарда тутилган бошқа эҳтиёжлар учун ўз вақтида нақд пул бермаганлик учун мижозларга, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларига улар ҳисобварақларида маблағ бўлганида банк устав сармояси белгиланган энг кам миқдорининг 0,005 фоизи миқдорида жарима тўлайди».

 

1МБ бошқарувининг АВ томонидан 11.07.2008 йилда 1834-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2МБ бошқарувининг АВ томонидан 26.10.2005 йилда 1518-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3МБ бошқарувининг АВ томонидан 27.06.2008 йилда 1831-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

4МБ бошқарувининг АВ томонидан 30.06.2001 йилда 1044-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

Жавобларни «Norma Profi» эксперт-юристи Камол МУЗАФФАРОВ тайёрлади.

Прочитано: 4455 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2015-03-19 13:45:47, Гость_bankir:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика