Вендинг савдоси товарларни механик автоматлар орқали сотишга асосланган бўлиб, жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида одатий иш бўлиб қолган. IHS Technology мутахассисларининг ҳисобича, Японияда ҳар 23, АҚШда ҳар 35, Ғарбий Европада ҳар 110 одамга битта шундай аппарат тўғри келар экан. «Механик тужжор»ларнинг бунчалик оммалашганлиги вендинг бизнесининг истиқболи эканлигидан ва унга талаб катталигидан далолат беради.
Бунга ажабланмаслик керак. Сабабини ана шундай автоматларни жорий этишнинг қўшимча ходимга (кассир, сотувчига) зарурат йўқлиги, иш унуми катта бўлгани ҳолда, ускуна чоғроқ жойни эгаллаши ва бошқа қатор афзаллик жиҳатлари яққол кўрсатиб турибди.
Турфа хил моделдаги автоматлар истеъмолчиларга қаҳванинг бир неча турини (шаҳардаги унча-мунча қаҳвахона бунчалик катта ассортиментга эга эмас), хилма-хил ичимликларни таклиф этиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси аппарат эгаллаб турган бир квадрат метр жойда тақдим этилишини айтмайсизми. Бундан ортиқ қулайлик қайда?! |
Ўзбекистонда бундай аппаратлар ишлаб чиқарилмайди. Уларни четдан келтириш мумкин. Ҳар бир автомат бир туркум вазифаларни бажара олади, уни ишлатиш асносида ана шу вазифаларнинг ҳаммасидан ёки бир қисмидан фойдаланиш мумкин.
«Mercato» савдо марказининг биринчи қаватида жойлашган «Корзинка»га ташриф буюрганларга меҳмоннавозлик кўрсатувчи аппарат, масалан, қаймоқли, шоколадли, қора қаҳва, мокачино, каппучино деган қаҳва, иссиқ шоколад ичимлиги, сутли шоколад, қўш таркибли шоколад ичимлиги бериши мумкин. Бундан ташқари, дастурлашган тарзда «чой» ёки «шўрва»нинг талайгина турларини танлаш имконияти назарда тутилган. Автомат билан 500 сўмлик пул ёрдамида ҳисоб-китоб қилиш мумкин. Қаҳванинг нархи, бундай қараганда, ҳаммабоп: 1 000 – 1 500 сўм. Буюртмани тўғри расмийлаштириб, стаканчада қаҳва олишингиз мумкин. Тўғри, бу қаҳванинг нархи ёки нави зўр бўлмаслиги мумкин, лекин шошилиб турилганда, ким ҳам бунга эътибор берарди, дейсиз.
«Mega planet» савдо марказида ўрнатилган вендинг аппарати сизни шоколад, салқин ичимлик, яхна чой, бир неча турдаги қаҳва ва иссиқ ичимликлар билан, шунингдек шоколад батончалари ва ширинликлар билан меҳмон қилади. Моҳият эътибори билан бир квадрат метрли саҳнда тезгина тамадди қилиб олиш учун ҳамма нарсаси бор чоғроқ дўконча жойлашган дейиш мумкин. Бундай аппаратлар бошқа йирик савдо марказларида, пойтахт аэропортида ҳам ўрнатилган. Уларнинг ҳаммаси тегишли тартибда муҳофаза билан таъминланган. Шу сабабли эгаларига кўп йил хизмат қилиши мумкин, вақтида техник кўрикдан ўтказиб турилса бас.
Вендинг бизнесини жорий этишда, бундай қараганда, ҳеч бир мураккаблик йўқлигига ва бу ишнинг афзаллик жиҳатлари яққол кўриниб турганлигига қарамай, лоақал пойтахтимизда унинг ғолибона одимлаётганлигига шоҳид эмасмиз. Зеро бунда ташкилий жиҳатдан ва қонунчилик йўли билан тартибга солинмаган масалалар оз эмас. |
У ёки бу товарни автоматдан олганингизда, ҳозирча ҳақини пластик карточка билан тўлашингиз даргумон. Негаки, автоматлар терминаллар билан жиҳозланмаган. Қолаверса, «механик сотувчи» ҳозирча сизга чек бермайди.
Маълумки, мамлакатимиз ҳудудида товарларни (ишлар, хизматларни) нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиш асосида реализация қилишда фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш шарт. Айрим тоифадаги юридик ва жисмоний шахслар бундан мустасно. Аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширувчи объектлар назорат-касса машиналари1 билан жиҳозланиши шарт. Механик аппаратлар, автоматлар (фискал регистраторлар)2 воситасида нақд пул маблағлари тўланган ҳолда аҳоли билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш ҳам назорат-касса машинаси мажбурий қўлланилган ҳолда амалга оширилиши керак. Бундан ташқари, аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар банк пластик карточкаларидан тўловлар қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари3 билан жиҳозланиши шарт.
Қонун талабларига қатъий мувофиқ бўлиши учун вендинг савдосига мўлжалланган аппаратлар фискал хотирали, чек берадиган назорат-касса машиналари ҳамда тўловларни пластик карточка орқали оладиган терминаллар билан жиҳозланган бўлмоғи лозим. Ана шундай автоматларни ишлатиб келаётган амалиётчиларнинг айтишича, бундай аппаратлар техник жиҳатдан фискал хотира билан жиҳозланган, ва у аҳоли билан олиб бориладиган барча ҳисоб-китобларни қайд этиб бора олади, аммо чек бера олмайди. |
– Зарурати бўлганда, тизимни дастурловчи мутахассис олинган маблағларнинг бутун кечмишини ойдинлаштириб бера олади. Сотиб олувчининг қўлида чек бўлмайди, аммо у аппаратга хизмат кўрсатувчи маъмурга мурожаат этиши мумкин, – дейди вендинг савдоси билан шуғулланувчи компания менежери Раимжон Аҳмаджонов. – Курраи заминимиздаги кўпгина мамлакатларда шундай аппаратлар ишлаб чиқарилмоқда. Аммо улардан биронтаси ҳам чек бермайди. Лекин бу аппаратларни терминал билан жиҳозласа бўлади.
Шу боис, автомат орқали яроқлик муддати ўтган шоколад ёки сифати талаб даражасида бўлмаган маҳсулот сотиб олган бўлсангиз, уларни айни шу жойдан сотиб олганингизни исботлашингиз қийин. Айниқса, маҳсулотнинг камчилиги ёки яроқсизлигини олган заҳоти эмас, балки уйга борганингиздан кейин аниқлаган бўлсангиз мушкуллик янада ошади.
Барча қоидалар ва кўрсатмаларга риоя этилиши учун автомат ёнида кассир ўтириб, нақд пулларни қабул қилиб олишига тўғри келар экан-да демак. Бу эса, вендингдан кўзланган мақсадни, унинг амалда инсон омили йўқлиги билан белгиланувчи жозибадор хислатини йўққа чиқаради. Хўш, нима қилиш керак, унда?
– Ҳозирги кунда Ягона умумреспублика процессинг маркази билан музокаралар олиб бормоқдамиз, – дейди Раимжон Аҳмаджонов. – Яқин истиқболда аҳоли вендинг аппаратларидан товарлар ҳақини пластик карточка орқали тўлаган ҳолда бемалол сотиб оладиган бўлади. Нақд пул маблағлари билан, чек бермаган ҳолда, фискал хотирага асосланиб, ҳисоб-китоб қилишни жорий этиш ташаббусини кўтариб чиқмоқчимиз. Тўғри, пластик карточкадан қулай ва мақбул вариант йўқ. Зарурати бўлганда, амалга оширилган операция кечмишини пластик карточка эгаси ҳам, автомат соҳиби ҳам бемалол сўраб, талаб қилиб олиши мумкин.
Аппаратлар ишини ким ва қандай қилиб назорат қилиши масаласида ижарага берувчилар фикрига қизиқсиндик. |
– Биз муайян саҳнни ижарага берамиз, – дейди пойтахтдаги йирик супермаркетнинг ижара бўйича менежери Музаффар Қосимхўжаев. – Вендинг аппаратлари бизнинг мулк эмас. Биз уларни ўрнатиш учун жой таклиф этамиз, холос. Автоматлар ишлашига уларнинг эгалари мутасаддилик қилишади.
Аппаратларга хизмат кўрсатувчи менежерларга шаҳарнинг компания автоматлари жойлашган муайян участкалари биркитиб қўйилади. Улар ҳар куни икки марта автоматлардаги маҳсулот ассортиментини ва автоматларга жойланган товарларнинг яроқлилик муддатини текширадилар. Зарурати бўлганда, товарлар ва маҳсулотлар алмаштирилади. Ҳар бир аппаратда «электрон сотувчи»га хизмат кўрсатувчи компаниянинг ёки мутахассиснинг телефон рақами кўрсатиб қўйилади. Шу рақам орқали улар билан боғланиб, юзага келган масалани ўша жойнинг ўзида ҳал этиш мумкин. Кунлик тушум аппаратдан 2 нафар гувоҳ ҳозирлигида олинади ва аппарат эгаси ёки компаниянинг ваколатли мутахассислари томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда инкасса қилинади4.
Бугунги кунда қўлланилаётган тартиб, шак-шубҳасиз, муваққат хусусиятга эга. Мазкур истиқболли, «бозори чаққон» ва фойдали бизнес қонунчилик йўли билан тартибга солинишни тақозо этмоқда. Тадбиркорларнинг ўзлари ҳам бу ишни қонунга мувофиқ равишда олиб борилишидан манфаатдор эканликлари кишини қувонтиради. Ҳадемай бир финжон қаҳва ёки иссиқ чой ҳақини терминал орқали тўлайдиган бўламиз, деб умид қилиб қоламиз. Ахир қўли гул усталар аппаратларни миллий валютада қабул қилишга дастурлашнинг уддасидан чиқа олдилар-ку?! Демак, энди гап қонун ҳужжатларимизга тегишли ўзгартишлар киритишда қолди.
1Президентнинг 26.04.2010 йилдаги «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1326-сон Қарорининг 2-банди.
2Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон Қарорига 1-илова).
3Президентнинг 19.04.2010 йилдаги «Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1325-сон Қарори; Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом, МБ бошқаруви ва ДСҚнинг АВ томонидан 27.07.2009 йилда 1986-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган).
4ВМнинг 11.12.2011 йилдаги «Республикада савдо тушумларини инкасса қилишни ва назорат-касса машиналаридан фойдаланишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 548-сон Қарори.
Ольга КИРЬЯКОВА, мухбиримиз.