Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 11 / Мавзуга қайтиб

«Солиқ солинмайдиган реализация»

«СБХ»нинг ўтган сони 4-саҳифасида эксперт Дилшод СУЛТОНОВнинг бош бухгалтер Е.Пакнинг ваколатхона ўз автомобилини ходимга сотишининг солиқ оқибатлари тўғрисидаги саволига берган жавоби чоп этилган эди. «Baker Tilly Tashkent» халқаро аудиторлик компанияси мутахассиси таҳририятимизга юборган, худди шу масала бўйича маслаҳат ушбу мавзунинг долзарблигидан гувоҳлик беради.

Улар муаллифларининг нуқтаи назарлари баъзи жиҳатларда мос тушади, баъзи жиҳатларда бир-бирини тўлдиради, баъзи ҳолларда эса бир-бирига зид келади. Таҳририят ҳар қандай ҳолда ҳам улар чоп этишга муносиб деб ҳисоблайди. Айни шу сабабли яна бир жавобни эътиборингизга ҳавола қиламиз ва ушбу мавзуни norma.uz сайтида муҳокама қилишга чақирамиз.

 

Ваколатхонанинг фойдаланишда бўлган автомобилини унинг қолдиқ қийматидан юқори нархда реализация қилишдан олинган тушуми ваколатхона даромади ҳисобланадими? Агар ҳисобланса, ундан солиқ қандай ставкада тўланиши керак?

Мазкур асосий воситани қайта баҳолашдан олинган ижобий фарқ ваколатхонанинг даромади бўлиб хизмат қиладими? Унга ҚҚС солинадими?

 

– Ушбу саволга жавоб бериш учун биринчи навбатда ваколатхона реализация қилиш ниятида бўлган мол-мулкнинг (автомобилнинг) мақомини белгилаш зарур.

 

МОЛ-МУЛКНИНГ ЭГАСИ КИМ?

Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги

ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби ва уларнинг фаолияти тўғрисида низомнинг (ВМнинг 23.10.2000 йилдаги 410-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – 410-сон Низом) 7-бандига кўра ваколатхоналар юридик шахслар ҳисобланмайдилар, хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмайдилар. Ваколатхона уни ташкил этган хорижий фирма томонидан мол-мулк билан таъминланади ва фирма тасдиқлаган ваколатхона тўғрисидаги низом асосида фаолият кўрсатади (410-сон Низомнинг 22-банди).

Шу тариқа, аккредитацияланган ваколатхонанинг тасарруфида бўлган мол-мулкнинг мулкдори хорижий компания ҳисобланади. Уни ваколатхона фақат хорижий компаниянинг тегишли фармойишини (қарорини) олгандан кейингина реализация қилишни бошлаши мумкин, фармойишда, хусусан, унинг қиймати ва (ёки) уни шакллантириш таомиллари белгиланиши керак. Хорижий компания уни қолдиқ қиймат бўйича ҳам, бозор қиймати бўйича ҳам реализация қилишни тайинлаши, автомобилни кимошди савдолари орқали сотиши мумкин ва ҳоказо.

 

ВАКОЛАТХОНА ВА БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ

Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши бўйича операцияларни ваколатхонанинг бухгалтерия ҳисобида акс эттиришга ўтамиз. Шуни эслатиб ўтамизки, у юридик шахс ҳисобланмайди, тижорат фаолиятини амалга оширмайди ва ўзининг мол-мулкига эга бўлмайди. Айни шу сабабли хўжалик юритувчи субъектлар учун белгиланган тўлақонли молиявий ҳисоботни тақдим эта олмайди.

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) 3-моддасига мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юридик шахслар, уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда ундан ташқарида жойлашган шуъба корхоналари, филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа таркибий бўлинмалари бухгалтерия ҳисоби субъектларидир.

Миллий стандартларда Ўзбекистондан ташқарида рўйхатдан ўтказилган хорижий фирмаларнинг ваколатхоналари бухгалтерия ҳисоби субъектлари жумласида қайд этилмаган. Айни шу сабабли уларда асосий воситалар ҳисобини юритиш, уларга амортизацияни ҳисоблаб ёзиш ва қайта баҳолашни ўтказиш мажбуриятлари йўқ. Бунинг устига, аксар хорижий компанияларнинг ҳисоб сиёсатида индексли ёки тўғридан-тўғри усул билан қайта баҳолашдан фарқ қиладиган мол-мулкни баҳолаш стандартлари белгиланган. 1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолашни ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг1 амал қилиши ҳам Ўзбекистон Республикаси корхоналари, ташкилотлари ва муассасаларига татбиқ этилади, хорижий фирманинг аккредитацияланган ваколатхонасини улар сирасига киритиб бўлмайди.

Шундай қилиб:

биринчидан, ваколатхона мулк ҳуқуқида хорижий компанияга тегишли бўлган, компания унга ана шундай ҳуқуқни берган автомобилни сотяпти;

иккинчидан, қайта баҳолаш, амортизацияни ҳисоблаб ёзишни хорижий компания бош компаниянинг бухгалтерия ҳисоби юритилишига асос бўладиган ҳисоб сиёсати ва (ёки) стандартларнинг меъёрлари ҳамда қоидаларига кўра амалга оширади. Ушбу ҳолда ваколатхонада қайта баҳолашдан даромад вужудга келиши мумкин эмас. Олди-сотди шартномасини расмийлаштириш чоғида тартиб учун нотариус ундан автомобилнинг қолдиқ қиймати тўғрисида маълумотнома талаб қилади. Уни ваколатхонага бош компания кўрсатиши керак, бош компания ушбу асосий воситани ўз балансида ҳисобга олади.

 

ЭҲТИМОЛИЙ СОЛИҚЛАР МАСАЛАСИГА ДОИР

Маълумки, ваколатхонанинг тижорат фаолиятини амалга оширмаслиги аккредитация олишнинг шартларидан бири ҳисобланади. У солиқ агенти ҳисобланиб, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини (Солиқ кодексининг 184-моддаси), Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадалларини ушлаб қолиши шарт, шунингдек ягона ижтимоий тўлов тўловчисидир (Солиқ кодексининг 305-моддаси). Хорижий компания ваколатхонасининг бошқа солиқларни тўлаши белгиланмаган.

Ваколатхона фаолиятининг нотижорий тусдалиги хорижий компания доимий муассасасининг вужудга келишига олиб келмайди. Солиқ кодексининг 20-моддасида бу тўғридан-тўғри кўрсатилади. «Доимий муассаса» тушунчаси қуйидагиларни ўз ичига олмайди: доимий фаолият жойини фақат ахборот тўплаш, уларга ишлов бериш ва (ёки) тарқатиш (сотиш ҳуқуқисиз), Ўзбекистон Республикаси норезидентининг товарлари (ишлари, хизматлари) маркетингини олиб бориш, уларни реклама қилиш ёки уларнинг бозорини ўрганиш учун, агар бундай фаолият норезидентнинг асосий фаолияти бўлмаса, сақлаб туриш.

Кўрамизки, бу ерда хорижий компаниянинг ваколатхонаси барпо этилиши учун асос бўлган мақсадлар баён этилган. Улар ҳар қандай ваколатхонанинг низомида ҳам белгиланган. Хорижий авиакомпанияларнинг ваколатхоналари бундан мустасно бўлиб, улар 410-сон Низомнинг 8-бандига асосан тижорат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эгалар ва, тегишинча, хорижий компаниянинг доимий муассасаси деб эътироф этиладилар.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси деганда норезидент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган, шу жумладан фаолиятни ваколатли шахс орқали амалга ошираётган ҳар қандай жой эътироф этилади. ЎзР ҳудудида хорижий компания ваколатхонасининг мавжудлиги уни барпо этишга олиб келади, у тижорат (тадбиркорлик) фаолиятини олиб бориш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Шу тариқа норезидент компаниясининг доимий муассасаси далил бўйича тўғридан-тўғри хорижий компаниянинг тадбиркорлик (тижорат) фаолиятига жалб этилган ваколатхона базасида барпо этилиши мумкин.

Бу эса агар асосий восита маржа билан реализация қилинса, ваколатхонада тадбиркорлик фаолияти аломатлари вужудга келмайдими деган саволни туғдиради. Олий суд Пленумининг Қарорига2 (11.12.2013 йилдаги 20-сон) кўра «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг3 3-моддасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир.

Тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар) киради («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси).

Шуни назарда тутиш лозимки, тадбиркорлик фаолиятини эътироф этиш учун албатта икки шарт мавжуд бўлиши керак: фойда олиш учун амалга ошириладиган ҳаракатларнинг мунтазамлиги ва бундай фаолиятни асосий, яъни профессионал фаолият сифатида амалга ошириш. Шу сабабли бир марталик фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги битимларни тузадиган шахсларни, ҳатто улар амалга оширилишининг бир неча далиллари белгиланган бўлса-да, тадбиркорлар деб эътироф этиш ва улардан давлат рўйхатидан ўтишни талаб қилиш мумкин эмас. Демак – ваколатхона томонидан автомобилни реализация қилиш бўйича бир марталик битим унда тадбиркорлик аломатларининг мавжуд бўлишига ва, тегишинча, доимий муассасанинг барпо этилишига олиб келмайди.

 

МИСОЛ. Хорижий компания ваколатхонага автомобилни 3 000 АҚШ долларига сотиш тўғрисидаги ўз қарорини маълум қилди. У тақдим этган маълумотномага кўра унга мулк ҳуқуқида тегишли бўлган ушбу мол-мулкнинг қолдиқ қиймати 2 200 АҚШ долларини ташкил қилади. Шу тариқа, хорижий компания автомобилни реализация қилишдан 800 АҚШ доллари миқдорида даромад олади. Ушбу даромаддан солиқ қандай ва қаерда тўланиши керак?

 

Солиқ кодексининг 4-моддасига кўра, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади. Иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисидаги битим ва шартномаларда асосан шу назарда тутиладики, мол-мулкни аҳдлашувчи давлатлардан бирининг ҳудудида реализация қилишдан олинган даромадларга солиқ солиш даромад олган шахс резидентлиги мамлакатида амалга оширилади. Ушбу меъёр турлича шакллантирилади, бироқ унинг моҳияти битта. Аниқлаштириш учун хорижий компания резидентлиги мамлакати билан халқаро битим талабларини кўриб чиқиш зарур.

Бироқ гап бунда эмас. Солиқ кодексининг 155 ва ­155-1-моддаларида норезидентнинг биз кўриб чиқаётган даромад тури (кўчар мулкни реализация қилишдан олинган) тўловлар манбаида солиқ солинадиганлар жумласида белгиланмаган. Бунинг устига Солиқ кодексининг 22-моддасига мувофиқ тўловлар манбаи солиқ тўловчига тўловларни амалга ошираётган юридик шахс бўлиши мумкин, саволдан келиб чиқсак, автомобиль жисмоний шахсга сотиляпти. ҚҚСни ҳисоблаб ёзишга келсак, шуни таъкидлаш лозимки, хорижий компаниянинг аккредитацияланган ваколатхонаси қўшилган қиймат солиғи тўловчиси эмаслиги боис, автомобиль реализация қилинганда унда ҚҚСни ҳисоблаб ёзиш ва тўлаш мажбурияти вужудга келмайди.

 

1Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2«Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида».

325.05.2000 йилдаги 69-II-сон.


 

Гўзал ИСломОВА,

«Baker Tilly Tashkent» АТ МЧЖ бошқаруви раиси.

Прочитано: 2066 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика