Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 11 / «Ишонч телефони» – ишончингиз гарови

1007 эшитади: Қашқадарё вилояти

● Оқсоқолни тадбиркорга ёрдам беришдан нима ман қилди?

● «Бир дарча» тамойили: имзо тўплаш учун «отангга бор, онангга бор!» усули эскирди

 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ишбилармонлик фаолияти кенг қулоч ёйди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга деярли барча давлат органлари, хусусан, прокуратура тизимининг саъй-ҳаракатлари сафарбар этилди. Бу борада прокуратура органларида ишга туширилган «ишонч телефонлари»нинг аҳамияти ҳам катта бўлаётир.

 

Қашқадарё вилоят прокуратура органларининг «ишонч телефони«га ўтган йилда 164 нафар тадбиркор мурожаат қилган. Бу мурожаатларнинг аксарияти тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлса, кўпчилигида меҳнат ва бандлик, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, турар жойга доир ҳуқуқларнинг бузилиши, банк, коммунал хизмат кўрсатиш, маҳаллий ҳокимликлар хатти-ҳаракатидан норозилик ва бошқа шу каби масалалар кўтарилган. Вилоят прокуратура органлари томонидан мазкур мурожаатларнинг 152 таси бевосита кўриб чиқилди, қолганлари тегишли идораларга ҳал этиш учун юборилди.

Мурожаатлар кўриб чиқилиши натижасида тадбиркорларнинг 15 нафарига кредит маблағлари ажратилиши, 16 нафарининг пуллари ундириб берилиши ва 6 нафарига ер майдонлари ажратиб берилишига кўмаклашилди. Мурожаатлар ўрганилганда баъзи шахслар томонидан ҳали-ҳамон ўз мансаб ваколатини бажармаслик, тегишли қонун ва меъёрий ҳужжатларга риоя этмаслик, тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашиб, уларнинг мурожаатларини эътиборсиз қолдириш сингари қўпол қоидабузарликларга йўл қўйилаётгани аниқланди. Бундай ҳолатларни бартараф этиш юзасидан ваколатли идораларга тақдимномалар киритилди, қонунчиликка амал қилмаган шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилдилар.

Яккабоғ туманидаги «Шар-шарбоғот» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ю.Расулов фуқаро Д.Жумановага тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун шароит яратиб беришни негадир ўзига эп кўрмади: фуқаронинг савдо дўконини қуриш учун ер ажратиш ҳақидаги туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи доимий комиссиянинг далолатномаси ва давлат экологик хулосасини асоссиз деган важ билан имзолашдан бош тортган. Тадбиркорлик фаолиятини бошлашдан олдин жиддий тўсиққа учраган Д.Жуманова прокуратура органининг «ишонч телефони«га мурожаат қилади. Натижада мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ туман прокуратураси маҳалла фуқаролар йиғини раисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 43-моддаси ва 2411-моддаси биринчи қисми билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатди ва суд қарорига асосан маҳалла оқсоқоли содир этган ноқонуний хатти-ҳаракати учун жарима тўлашга мажбур бўлди.

Шунингдек, тумандаги «Асила ип йигирув ва тўқув» ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари С.Исоқова ўз фаолиятини кенгайтиришни мақсад қилди. Бунинг учун тадбиркор аёл ОАТБ «Агробанк» Яккабоғ филиалига 90 млн сўм кредит берилишини сўраб мурожаат қилган.

Бироқ мазкур банк ходимлари муассасага келиб тушган мурожаатларни белгиланган муддатларда кўриб, ҳал этишга одатланишмаган чоғи, тадбиркор аёлнинг кредит сўраб ёзган хати эътиборсиз қолди. Охир-оқибат С.Исоқова прокуратура органларининг «ишонч телефони»га мурожаат қилгач, иш ўрганиб чиқилди ва Яккабоғ туман прокуратураси томонидан банк филиали бошқарувчиси Н.Жовлиевга нисбатан МЖТКнинг 43-моддаси ва 2411-моддаси биринчи қисми билан иш қўзғатилди. Пировард натижада банк раҳбари жарима тўлади, тадбиркор эса 90 млн сўм кредит маблағига эга бўлди.

 

Вилоят прокуратура органларининг тадбиркорлар билан ўрнатган доимий алоқаси уларнинг «ишонч телефони»га бўлган ишончи янада ортишига омил бўляпти. Жумладан, ўтган йилда жойларда ҳокимликлар ва бошқа мутасадди идоралар ҳамкорлигида тадбиркорлар билан 269 маротаба учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди, уларда 17 478 нафар тадбиркорнинг иштироки таъминланди. Ўтказилган бундай тадбирлардан сўнг ижобий натижалар қайд этилди: Китоб туманидаги 14 та тадбиркорлик субъектига кредит маблағлари, Деҳқонобод ва Қарши туманларидаги тадбиркорлик субъектларига 65 гектарга яқин ер майдони ажратилди. Шунингдек, тадбиркорларга рухсатнома бериш ёки бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда, ҳуқуқий маслаҳатлар беришда кўмак берилди.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга ёрдам бериш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоят прокуратураси томонидан «Камолот» ЁИҲ вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда «Тадбиркорлик билан келажак сари» лойиҳаси доирасида ёшлар билан учрашув ўтказилиб, унда ёшларга бизнесни қонуний юритиш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила олиш кўникмалари борасида тушунтиришлар берилди.

 

Албатта, олиб борилаётган бу каби тадбирлар, саъй-ҳаракатлар юртимизда тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга қаратилган. Шундай экан, маҳаллий ҳокимлик вакиллари, мутасадди раҳбарлар ўз ваколатларини суиистеъмол қилмасдан, қонун талаблари доирасида иш кўришлари, фуқаролар, айниқса, тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиб, ҳал этсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.

Маълумки, «Бир дарча» тамойили бўйича хизмат кўрсатиш бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларимиз учун енгилликлар яратмоқда. Бироқ Миришкор туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Нормуродов ўз эгаллаб турган лавозимига номуносиб ҳаракати учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Гап шундаки, фуқаро Н.Баротов тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун ер майдони ажратиб бериш тўғрисида мурожаат қилади. Унинг мурожаати бўйича айнан «Бир дарча» тамойили асосида ер танлаш ва ажратиш комиссияси аъзоларининг имзосини тўплаш лозим бўлса-да, бу вазифа ариза муаллифининг ўзига юклатилади. Натижада тадбиркор бўламан деб ният қилган фуқаро имзо тўплаш асносида ойлаб сарсон бўлади.

Шунингдек, ҳоким ўринбосари фуқаро Ф.Тўхтамуродовнинг ҳам мурожаатини кўриб чиқишда ана шундай сансалорликка йўл қўяди.

Мазкур ҳолатлар бўйича туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Нормуродовга ва туман архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи К.Худойбердиевга нисбатан Миришкор туман прокуратураси томонидан МЖТКнинг 43-моддаси ва 2411-моддаси биринчи қисми билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, суд томонидан улар маъмурий жавобгарликка тортилдилар.

«Аслиддин Аҳрор ва Шоҳжаҳон» фермер хўжалиги раҳбари Б.Ашуровнинг боши қотди. Фермер хўжалигининг 8 060 килограмм дони «Қашқадарёдонмаҳсулотлари» ОАЖга қарашли «Батош» вақтинча дон қабул қилиш пунктида сақланиб келинмоқда. Мутасадди раҳбарларга қилган мурожаатлари беиз кетди. Ниҳоят, у ўзининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб, прокуратуранинг «ишонч телефони»га қўнғироқ қилди. Қаранг, шунча югур-югурлар билан ҳал бўлмаган фермернинг муаммоси биргина қўнғироқдан сўнг ижобий ҳал қилинди – фермерга кўмак берилди, унинг маҳсулоти ўзига олиб берилди.

Бундай ҳол «Жўралов Нурали Бекназарович» фермер хўжалигида ҳам айнан такрорланди. Бу гал фермер ўз мурожаати оқибатида «Қарши ёғ-экстракция заводи» қўшма корхонасидан имтиёзли нархларда 5,8 тонна шрот ва шелуха маҳсулотларига эга бўлди.

 

Рустам ҲАЙИТОВ,

Қашқадарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи.

Прочитано: 2946 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика