Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 11 / Бевосита мулоқот

Ишламаган вақт учун ҳақ тўлаш қоидалари

Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан рўйхатга олинган низомнинг 5-параграфи «Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳисоблаш тартиби»нинг 49, 50, 52, 53-бандларини тўлиқроқ ёритиб беришингизни сўраймиз.

Бизда ҳозир вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, меҳнатга қобилиятсизлик бошланган ойдаги лавозим маоши ва меҳнатга қобилиятсизлик бошланган ойдан олдинги ўн икки ой даврида олинган мукофотлар, кўп йиллик хизмати учун тўланаётган тўловларнинг ўн иккидан бир қисмига ходимнинг лавозим маоши ва шу ойдаги дам олиш, байрам кунлари учун ва иш ҳақига қўшимча тўловлар ҳисоблаб келинмоқда.

Ушбу тўловларнинг барчасига суғурта бадали ҳисобланадими?

Биз меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тўғри ҳисоблаяпмизми?

Бизда барча ходимларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ҳам Меҳнат кодексида белгиланган байрам кунлари учун меҳнатга боғлиқ бўлмаган бир марталик мукофотлар берилади.

Ушбу ходимларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар ҳисоблаб чиқарилаётганда ушбу ойлар нафақа ҳисоблаб чиқариладиган ойлар сонига қўшиладими?

Агар бизда меҳнатга вақтинча қобилиятсизлик нафақаси сўнгги беш йил давомида нотўғри ҳисоблаб келинган бўлса, бу даврларда ҳисобланган нафақалар қайтадан ҳисоблаб берилиши керакми?

Ф.Масаидов,

«ОАТБ Қишлоқ қурилиш банк» Поп филиали бошқарувчиси. 

 

– Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар барча ҳолларда ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади. Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (1136-сон Низом) 50-бандига кўра ҳақиқий иш ҳақига иш жойидан, суғурта бадаллари ундирилиб тўланадиган жами иш ҳақи тўловлари киради. Шуни таъкидлаш лозимки, суғурта бадаллари Солиқ кодексининг 172-175-моддаларига асосан бериладиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан ушлаб қолинади.

Шунинг учун мукофотлар ҳам вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини ҳисоблашда ҳисобга олинади. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олинган ва суғурта бадаллари чегирилган барча мукофотларнинг 1/12 қисми нафақа ҳисоблаб чиқариладиган ойлик иш ҳақига қўшилиб, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори аниқланади.

Ходим вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлиги сабабли тўла ишламаган, ҳомиладорлик ва туғиш, бола 3 ёшга тўлгунга қадар болага қараш таътилида бўлган, ҳарбий ўқув ёки синов йиғинларида ёки бошқа корхонада ишлаш учун юборилган ойлар мукофот суммаси бўлинадиган ойлардан чиқариб ташланади. Агар ҳисоблаш учун 3 ойдан кам бўлган давр олинса, ҳар бир ойда чорак мукофотининг 1/3 кўп бўлмаган қисми ҳисобга олинади.

Солиқ кодексининг 308-моддасида суғурта бадаллари ҳисобланмайдиган иш ҳақининг турлари белгиланган.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақалар қуйидагиларга тўланади:

а) ойлик иш ҳақининг тўлиқ миқдорида:

иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан бўлган ходимларга;

байналмилалчи жангчиларга ва уларга тенглаштирилган шахсларга;

қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар учун – 18 ёш) тўлмаган уч нафар ва ундан кўп фарзанди бўлган ходимларга;

Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ходимларга;

Чернобиль АЭСдаги авария натижасида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без (аденома, рак) ва хавфли ўсмалар билан боғлиқ касалликларга чалинган ходимларга;

ходим ишда шикастланиш ва касб касалликлари оқибатида вақтинчалик меҳнат қобилиятини йўқотганда;

б) ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар бўйича ҳисобда турувчи ходимларга, улар томонидан давлат ижтимоий суғуртасига бадаллар тўлаб келиниши муддатига (умумий иш стажига) қараб:

умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга – иш ҳақининг 100%и миқдорида;

умумий иш стажи 5 йилдан 8 йилгача бўлган ходимларга – иш ҳақининг 80%и миқдорида;

умумий иш стажи 5 йилгача бўлган ходимларга – иш ҳақининг 60%и миқдорида;

в) қолган ҳолларда, улар томонидан давлат ижтимоий суғуртасига бадаллар тўлаб келиниши муддатига (умумий иш стажига) қараб:

умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга ҳамда 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимларга – иш ҳақининг 80%и миқдорида;

умумий иш стажи 8 йилгача бўлган ходимларга – иш ҳақининг 60%и миқдорида.

Фуқаролик кодекси бўйича умумий тартибда даъво муддати уч йил эканлигини ҳисобга олсак, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси нотўғри ҳисобланган охирги уч йил учун берилган нафақаларнинг қайтадан ҳисоблаб берилиши шарт.

Лекин солиқ бўйича даъво муддати махсус даъво ҳисобланиб, Солиқ кодексининг 38-моддасига асосан давлат солиқ хизмати органи солиқ даври тугаганидан кейин 5 йил ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаши ёки уларнинг ҳисобланган суммасини қайта кўриб чиқиши мумкин.

Шунинг учун вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси бўйича нотўғри ҳисобланган солиқлар учун охирги 5 йиллик солиқларни қайтадан ҳисоблаб чиқиб, солиқларни ҳисоблашда камчиликларга йўл қўйилган бўлса, аниқлаштирилган ҳисоб-китоб тақдим этишингиз ва қўшимча ҳисобланган солиқларни тўлашингиз керак бўлади.

 

Малика Хадиева,

экспертимиз.

Прочитано: 2879 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика