Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 11 / Мавзуга қайтиб

Ҳисобот даври якунланмоқда

Қуёш илиқ нурларини таратаётган бугунги кунда бухгалтерларимиз байрам ташвишлари билан бўлиб, 25 март – 2014 йил учун, қўлланиладиган солиқ солиш тартибидан қатъи назар, хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар ва чет эл фирмаларининг ваколатхоналари учун йиллик молиявий ва солиқ ҳисоботларини (Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги низом1) тақдим этишнинг сўнгги куни яқинлашиб қолганлигини ёддан чиқармаганлар деб умид қиламиз.

 

КИМЛАР ХОРИЖИЙ САРМОЯЛАР ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАР ЖУМЛАСИГА КИРАДИ

Президентнинг «Хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга бериладиган қўшимча рағбатлантириш омиллари ва имтиёзлар тўғрисида»ги Фармони (30.11.1996 йилдаги ПФ-1652-сон) билан қуйидаги шартлар тасдиқланди:

 корхонанинг низом жамғармаси 150 минг АҚШ долларига тенг суммадан кам бўлиши мумкин эмас;

 корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши шарт;

 хорижий сармоялар улуши корхона низом жамғармасининг камида 30%ини ташкил этиши зарур.

Хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Агар хўжалик юритувчи субъект мазкур шартларга жавоб бермаган тақдирда хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар жумласига кирмайди ҳамда корхона жойлашган ҳудуддаги ҳокимликларда давлат рўйхатидан ўтказилади.

 

ВАКОЛАТХОНАЛАР ҲАҚИДА

Хорижий тижорат ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби ва уларнинг фаолияти тўғрисида низомга2 мувофиқ хорижий компаниялар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз ваколатхоналарини республика ҳудудида ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида очадилар. Улар ТИАИСВда аккредитациядан ўтадилар. Ваколатхоналар юридик шахслар ҳисобланмайди ва хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмайдилар (хорижий авиакомпанияларнинг ваколатхоналари бундан мустасно).

 

КИМГА ҲИСОБОТ ТОПШИРИЛАДИ

942-сон Низомга мувофиқ молиявий ҳисобот қуйидагиларга тақдим этилади:

 мулкдорларга (давлат мулкини бошқаришга ваколатли бўлган органларига; таъсис ҳужжатларига мувофиқ муассисларга (иштирокчиларга);

 солиқ органларига;

 давлат статистика органларига;

 қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа органларга.

Кичик корхоналар ва микрофирмалар ҳисоботни фақат жойлардаги давлат статистика органлари ва солиқ органларига тақдим этадилар.

 

СОЛИҚ ҲИСОБОТИ

2014 йил учун солиқ ҳисоботи 2014 йилда амал қилган тартиб ва шаклларга мувофиқ тақдим этилади.

Ҳисобот шакллари МВ ва ДСҚнинг «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида3 келтирилган. Уларни norma.uz сайтимиздан топиш мумкин.

 

МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТ

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) 16-моддасига мувофиқ молиявий ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олади:

 бухгалтерия баланси;

 молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот;

 пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот;

 хусусий капитал тўғрисидаги ҳисобот;

 изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришлар.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳисоботни соддалаштирилган шакл бўйича тузадилар. Улар фақат бухгалтерия баланси (1-сон шакл) ҳамда молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл)дан4 иборат бўлган йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этадилар.

 

ДОИМИЙ МУАССАСА ТЎҒРИСИДА

Солиқ кодексининг (Кодекс) 20-моддасига мувофиқ норезидентнинг Ўзбекистондаги доимий муассасаси деганда норезидент тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган, шу жумладан фаолиятни ваколатли шахс орқали амалга ошираётган ҳар қандай жой эътироф этилади. Норезидентнинг доимий муассасаси деганда Ўзбекистон ҳудудида ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида 183 календарь кунидан ортиқ давом этадиган тадбиркорлик фаолиятининг амалга оширилиши эътироф этилади.

Кодекснинг 163-моддасига мувофиқ Ўзбекистонда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган норезидентлар доимий муассаса жойлашган жойдаги солиқ органига:

 Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятининг хусусияти ҳақидаги ҳисоботни (эркин шаклда);

 юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ҳисоб-китобини чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар учун йиллик молиявий ҳисоботни топшириш учун белгиланган муддатларда тақдим этади. Бунда фойда солиғининг ҳисоб-китобида бюджетга тўланадиган соф фойдадан олинадиган солиқ суммаси алоҳида сатрда кўрсатилади.

Ўзбекистонда доимий муассаса орқали фаолиятни амалга ошираётган норезидентда Солиқ кодексига мувофиқ солиқларни ҳисоблаб ёзиш ва тўлаш мажбурияти юзага келганда, бухгалтерлар доимий муассасалар учун солиқлар бўйича ҳисоботни тақдим этиш муддатларига эътибор қаратишлари лозим.

Ҳисоботларни топширишда омад тилаймиз!

 

1МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.07.2000 йилда 942-сон билан рўйхатдан ўтказилган (кейинги ўринларда – 942-сон Низом).

2ВМнинг 23.10.2000 йилда 410-сон Қарори билан тасдиқланган.

3АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

4Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидалар (молия вазирининг АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғига 7-илова).

 

«Norma Profi» мутахассислари.

Прочитано: 2346 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика