Ҳамза тумани Яшнобод деб қайта номланиши муносабати билан, гарчи ташкилотимиз эски жойида турса-да, бизнинг МЧЖда юридик манзил ўзгарди.
Туман қайта номланиши муносабати билан бизнинг жамиятимиз таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиши ва улгуржи савдони амалга оширишга лицензияни қайта расмийлаштириши шартми?
В.Захарченко, бош бухгалтер.
– Йўқ, шарт эмас. Амалдаги қонун ҳужжатларда тадбиркорлик субъектларига улар жойлашган туман ёки бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик қайта номланганда ўз таъсис ҳужжатларига бирор-бир ўзгартиришлар киритишни на бевосита, на билвосита кўрсатма берилмайди. Бундай ўзгартириш почта манзилининг ўзгаришига олиб келмайди.
Лицензияни қайта расмийлаштиришга келсак, юридик шахс бўлмиш лицензиат у қайта тузилган, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, шундай қилиши зарур (25.05.2000 йилдаги «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги 71-II-сон Қонун 20-моддасининг биринчи қисми).
Худди шундай меъёр Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомнинг (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон Қарори билан тасдиқланган) 23-моддасида мавжуд.
Шу тариқа, сизнинг МЧЖ жойлашган ер, туман қайта номланганлигига қарамай, аввалгидек қолгани боис, жамият томонидан таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар мажбуран киритилиши ва лицензияни қайта расмийлаштириш учун асос мавжуд эмас. Шу билан бирга МЧЖ ушбу ҳаракатларнинг ҳар бирини содир этишга ҳақлидир.